Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ташқи реклама соҳасининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар яратилишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, «Реклама тўғрисида», «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Шаҳарсозлик кодексининг реклама жойлаштириш билан боғлиқ бандлари, ташқи реклама бозорини тартибга солиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Қўмита бошқарма бошлиғи Дилшод Азимовнинг маълум қилишича, 2018 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, республика бўйича 9600 дан ортиқ ташқи реклама воситаси мавжуд бўлиб, шундан 54,2 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган. Ўтган йилнинг 1 декабридан бошлаб ташқи реклама конструкциялари электрон савдо орқали жойлаштирилмоқда.
— 2016-2017 йилларда ташқи рекламани жойлаштиришдан тушган тушум миқдори 6-7 млрд сўмни ташкил қилган, — деди Дилшод Азимов. — Мазкур кўрсаткич 2018 йилнинг 11 ойи давомида 9,4 млрд сўмга етган. Шундан 48 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келган.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 30 августида “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 702-сонли қарорнинг қабул қилиниши реклама бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш, республика аҳоли пунктлари қиёфасини яхшилаш, ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш йўлида катта қадам бўлгани эътироф этилди.