Тест синовлари жорий йилда қандай тартибларда ўтказилади?

0
132
марта кўрилган.

АОКА анжуманлар залида бўлиб ўтган брифингда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов  ва Олий таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов томонидан берилган муҳим маълумотлар:

САВОЛ: Тест синовлари жорий йилда қандай тартибларда ўтказилади? 

ЖАВОБ:  Тест синовлари жорий йилда август ойида катта сиғимли биноларда ўтказилади. Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда, Давлат тест маркази томонидан онлайн тарзда тақдим этиладиган рухсатномасида белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

 2020/2021 ўқув йили қабулида тест синовларини ҳар бир абитуриент учун биноларда 3 квадрат метрдан кам бўлмаган жой ажратиб, қоида тариқасида, бир кунда икки ёки уч сменада ўтказиш режалаштирилмоқда.

 Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ва бинога микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабилар билан кириши тақиқланади.

САВОЛ: Тест синовлари неча фандан  ўтказилади? 

ЖАВОБ: Тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади.

Тест топшириқлари сони 60 тани ташкил этади. Бунда, биринчи фан бўйича 30 та савол, ҳар бир саволга 3,2 балл берилади ва 96 бални ташкил этади, иккинчи фан бўйича ҳам 30 та савол, ҳар бир саволга 3,1 балл берилади ва 93 бални ташкил этади. Энг юқори балл 189 ни ташкил этади. Имтиҳонларда абитуриентларнинг ота-оналари учун алоҳида кутиш (тўпланиш) жойлари ташкил қилинмайди, улар барча бинолардаги тест синовларини (test2020.uz сайти орқали) онлайн кузатиб боришлари мумкин.

САВОЛ: Тест синовлари олий ҳарбий таълим муассасалари номзодларига қай тартибда  ўтказилади? 

ЖАВОБ: 2020/2021 ўқув йилида олий ҳарбий таълим муассасалари номзодларига истисно тариқасида тест топширадиган фанлари мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган ҳарбий бўлмаган олий таълим муассасаларининг бештагача бакалавриат таълим йўналишларини танлаш ҳуқуқи берилди.

САВОЛ: Хориждан туриб рўйхатдан онлайн ўтган абитуриентлар учун тартиб қандай?

ЖАВОБ: 2020/2021 ўқув йили қабулида ОТМга кириш синовларида иштирок этиш учун хориждан туриб рўйхатдан онлайн ўтган абитуриентлар Ўзбекистонга кириш тест синовлари бошланишидан камида уч ҳафта олдин келиши ҳамда коронавирус пандемияси муносабати билан жорий қилинган карантин талабларини тўлиқ бажарганидан сўнг, Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги тақдим этган хулосалари асосида тест синовларига киритилади.

САВОЛ: Магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун ҳужжатларни топшириш қай тарзда амалга оширилади?

ЖАВОБ: Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун ҳужжатларни топшириш жараёни вазирлик расмий веб-сайти (www.edu.uz) орқали амалга оширилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар: олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида фақат давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларини белгилаш; тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш. Бунда, тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги лозим; иқтидорли талабаларни нодавлат олий таълим ташкилотларида ҳам давлат гранти асосида ўқитиш; алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим соҳаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартибини жорий қилиш бўйича Ҳукуматга асослантирилган таклифларни киритади.

САВОЛ: Спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсади нимадан иборат?

ЖАВОБ:  Қарор билан спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланди.

САВОЛ: “Математика” таълим соҳаси бўйича магистратура мутахассисликлари учун енгилликлар мавжуд экан?

ЖАВОБ: 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб “Математика” таълим соҳаси бўйича магистратура мутахассисликлари учун Давлат буюртмаси параметрлари тўлиқ давлат гранти асосида шакллантирилади. 2020/2021 ўқув йилида давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

САВОЛ: Бу йилги қабулда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказишда ҳам ўзгаришлар борми?

ЖАВОБ: Давлат комиссиясининг 2020 йил 1-сонли баёни билан 2020/2021 ўқув йили қабулида касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Унга кўра:

+ касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурларини бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб соддалаштирилади;

+  абитуриент касбий (ижодий) имтиҳон учун бир марта келади ва ортиқча вақт сарфламасдан топшириши таъминланади;

+ тест синовлари билан бир қаторда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 25 июлгача ўтказилади;

+ алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари кириш имтиҳонларини 25 июлдан 20 августгача ўтказилади;

+ касбий (ижодий) имтиҳонлар видеокузатувлар орқали қатъий назорат қилинади ва интернетда жамоатчилик кузатуви таъминланади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.