Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев иштирокида “Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, шунингдек, истеъмол саватчаси ҳисоби ҳамда тирикчилик учун зарур энг кам миқдор” мавзусида ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш Концепсиясида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Жумладан, хизматлар соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш, янги уй-жой сиёсатини татбиқ этиш натижасида урбанизация жараёнини маъмурий тартибга солиш, замонавий илм-фан ва технологияларни жорий этиш орқали соғлиқни сақлашнинг янги моделини шакллантириш, нохомашё бозорларни кенгайтириш учун зарурий шароитлар яратиш кўзда тутилгани айтилди.
Вазир ушбу Концепция билан таништираркан, тарифлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Ҳозирги нархлар билан иқтисодиётда ўсишни режалаштириб бўлмайди, — деди Ботир Хўжаев. — Мисол учун, биз минг кубометр газни хорижга 128 доллардан экспорт қиляпмиз, аҳолига эса худди шу газ 41 доллардан етказиб бериляпти. Шунингдек, бизда газ қазиб олиш таннархи ҳам жуда баланд. Режамизга кўра, 2030 йилгача саноат ҳажми ҳар йили 4 фоиздан ошиб борсагина, белгиланган мақсадимизга эришамиз”.
Журналистлар истеъмол саватчаси ҳақида савол берди.
“Бу тушунча ҳозир мамлакатимизда тест тизимида синаб кўрилмоқда, лекин шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда истеъмол саватчасининг тахминий миқдори 650 минг сўмни, яшаш учун талаб этиладиган энг кам маблағ эса 800 минг сўмни ташкил қилади, — деди Ботир Хўжаев. — Истеъмол саватчаси деган тушунча Ўзбекистонда 2021 йилда жорий қилиниши мўлжалланмоқда”.
Мулоқот давомида ҳозирги вақтда республикада хуфёна иқтисодиёт даражаси бир мунча баланд кўрсаткичда экани таъкидланди.
“Тадқиқотларимиз натижасига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг хуфёна иқтисодиёт даражаси тахминан 45-46 фоизни ташкил этмоқда, — деди вазир Хўжаев. —
Хуфёна иқтисодиёт ривожланган мамлакатларда ҳам бор. Лекин унинг иқтисодиётдаги улуши қанчалигига қараб баҳоланади. Бизнинг иқтисодиётимизда бу даража бир мунча баланд.
Унинг қўшимча қилишича, хуфёна иқтисодиётдан чиқишда валюта сиёсатини либераллаштириш ва даромад солиғидаги ўзгаришлар сезиларли ҳаракат бўлган.