Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 18 июлдаги ПҚ-323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга жорий йилдан бошлаб имтиёзли фоизсиз таълим кредити бериладиган бўлди.
Ушбу таълим кредити Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари талабаларига жумладан, давлат, хусусий ва хорижий ОТМлар филиаллари талабаларига ҳам дахлдор. Ушбу қарор ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларига (техникум, касб-ҳунар коллежи ва ҳ.к.) ҳам тегишли.
Қайси таълим шаклига берилади, деган савол ҳам бўлиши мумкин: кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклларига берилади.
Қуйидагиларга берилмайди: супер-контракт, қўшма таълим, масофавий таълим, иккинчи мутахассислик.
Нега фоизсиз дейиляпти 14 фоизда берилар экан-ку, деган савол бўлиши мумкин. Тўғри, таълим кредити аслида 14 фоизлик ставкада берилади. Аммо, 14 фоиз қисмини хотин-қизлар тўламайди, давлат тўлаб беради. Яъни Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан қопланади. Хотин-қизлар фақат таълим кредитининг асосий қисмини тўлайди, холос.
Тўлаш қачондан бошланади? Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб (яъни олти ой ўтиб) 7 йил давомида қайтарилади. Масалан, 7 млн сўм таълим кредити олинса, ўқишни тугатгандан сўнг, 6 ой ўтгач 7 йил мобайнида ойма-ой 83 минг сўмдан тўлаб борилади.
Таълим кредити қайси банклар томонидан беради? Микрокредитбанк, Асака банк, Агробанк, Халқ банки, Ипотека банк, Қишлоқ қурилиш банк, Туронбанк, Ориент финанс банк, Миллий банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ҳамкорбанк, Алоқабанк.
Қандай ҳужжатларни тақдим қилиш керак? Банкка ариза, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, таълим муассасаси билан тўлов-контракт шартномаси, талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат.
Эслатма: “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Айша АХУНОВА, ҳуқуқшунос