Марварид қадимдан аёлларнинг севимли тақинчоқи бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам у хотин-қизлрнинг ўз жилоси билан мафтун этиб келади. Марварид тақинчоқларни ҳарид қилмоқчи бўлган киши унинг фарқига бориши керак.
Марварид икки турга бўлинади: табиий ва сунъий. Сунъий дурларнинг нархи унчалик қиммат эмас. Табиий марварид табиатдан олиниб, у чиғаноқ ичида пайдо бўлади. Соф марвариднинг ҳосил бўлиши мураккаб жараён. Уни уммон остидан излаб олиб чиқиш ҳам осон эмас. Шу боис, унинг нархи ҳам арзон бўлмайди. Табиий марвариддан ташқари сув ҳавзаларида етиштирилган чиғаноқлардан ҳам марваридлар олинади.. Улар ҳам худди табиий марваридларга ўхшаб оғир бўлади.
Маҳсулот танлашда эътиборли бўлинг. Дурни танлаш учун унинг ялтирашига, рангига, товланиш сифати, ҳажми-ўлчами ва шаклига эътибор қаратиш лозим. Бу ишда шошма-шошарлик кетмайди.
Соф марвариднинг ичи ялтирайди. Унинг ёрқин тарафлари ва сояли жойлари ўртасида ўткир контраст кўринади. Натижада унинг ичида шар иллюзияси кўринади. Буни яққол кўриш учун марвариднинг устки ёрқин тарафига қараш керак.
Марварид ранги қандай бўлиши керак? Марварид рангини юзингиз шакли ва сочингиз рангига мос тарзда танланг. Лекин бўялмаган дур жимжимадор кўринади. Табиийси, кулранг, қора, оқ рангда пушти бўлади. Оқ ранглиси арзонроқ баҳоланади. Камнамо дур пушти ранглиси бўлиб, у табиатда кам учрайди.
Шакли билан хажми ҳам аҳамиятга эга.
Асл марварид думалоқ шаклда сип-силлиқ бўлади. Агар унда қорамтир рангда кўзга ташланувчи нуқсонларни кўрсангиз, бундай тақинчоқни олишга шошмаслик керак. Марварид қанчалик катта бўлса, у шунчалик қиммат баҳоланади.
Ҳақиқий марваридни аниқлаш учун уни 40-50 см тепадан ясси ҳамда тўғри жойга ташланади. Шу онда дур сакрай бошлайди. Сунъий дур бундай ҳолатдан мустасно.
Соф марваридни ультрабинафша нурида кузатганда, табиийси ҳаворанг бўлиб жилоланади. Инсон қўли билан яратилгани эса яшил тусда товланади.
10 каратли лупада кузатганда эса марвариднинг ўрта қисми ва устки қатлами орасида ингичка қора чизиқ кўринади.
Васила ПЎЛАТОВА