«Аёл ва Замон» газетаси сайтимиз меҳмони: БОЙСУН БЎЙЛАБ САЁҲАТ

0
210
марта кўрилган.

 Халқаро туризм куни нафақат жаҳон бўйлаб, балки юртимиз бўйлаб ҳам кенг тарзда нишонланади. Инсон қанча гўзал манзилгоҳлар, урф-одатларимиз акс этган ҳунармандчилик марказлари, музейларни саёҳат қилар экан унинг дунё қараши кенгаяди, теран фикрлайди, савияси ошади…

Юртимизнинг келажаги биз ёшларнинг тарбиясига, баркамол авлод бўлиб етишишимизга боғлиқдир. Шунинг учун миллий истиқлол ғоясини қалбимиз ва онгимиз билан ҳис этишимиз, миллий қадриятларимизни ва тарихимизни севиб ўрганишимиз лозим. Шундай экан биз, Бойсун тумани, 57-мактабнинг “Ёш ижодкорлар” тўгараги аъзолари мактабнинг” Ижодий-Маданий масалалар бўйича“ тарғиботчиси Кароматуллоҳ Каримов билан биргаликда туманимизнинг бир қанча диққатга сазовор жойларига саёҳат қилдик.

 Даставвал биз Бойсун туманидаги Миллий ҳунармандчилк марказини саёҳат қилар эканмиз, марказнинг маданий ходимлари бизни илиқ кутиб олишди. У ерда бир неча асрлик тарихга эга бўлган қадимий буюмлар, икки юзга яқин турли йўналишларда тўқилган миллий қадриятларимизни ўзида намоён қиладиган ижод намуналар,ҳамда гиламдўзлик, каштачилик каби йўқолиб бораётган ҳунармандчилик турлари билан обдон танишиб чиқдик. Қарийб унутиб борилаётган “Алоча” (жанда) тўқимачилик мато тури  билан ҳам танишдик… Гиламдўзчилик касби анчагина мураккаб иш бўлиб, у кишидан метин ирода , масъулият, сабр, зийраклик талаб қилади. Ранг-баранг иплардан тўқилган бир-биридан гўзал ижод намуналари бир қарашдаёқ инсоннинг кайфиятини кўтариб, миллий қадриятларимизни яна бир-бор эслатади. Саёҳатимиз давомида хорижлик меҳмонларимизнинг ҳунармандчиликдаги ташрифи, марказимиздаги ижод намуналарига катта қизиқиш ва ҳайрат билан қараганларига амин бўлдик. Агар Бойсунга йўлингиз тушганида албатта миллий ҳунармандчилик марказини эътиборсиз қолдирмайсиз деган умиддамиз. Сўнгра туманда янги барпо этилган “ИТ cэнтер” (Компьютер саводхонлиги, дастурлаш ҳамда  медиа саводхонлиги ўргатиладиган марказ) даги тўгараклар билан танишиб чиқар эканмиз, қанчадан-қанча ёшларнинг ўз бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтқазаётганларига гувоҳ бўлдик. Бу хайрли иш Янги Ўзбекистоннинг учинчи ренесансга қадам қўйишимиздан десак, асло хато қилмаган бўламиз.

Кейин “Баркамол авлод болалар мактаби”даги “Мунчоқликўзлар”, “Журналистика ва нотиқлик“  тўгараклари билан ҳам танишиб чиқдик. Тумандаги иккинчи ихтисослаштирилган махсус мактаб фаолияти билан танишар эканмиз , кутубхонадаги Жаҳон адабиётига мансуб асарлар ва янги келтирилган икки юзга яқин асарлар биз ёшларни диққатига маънавият оламига чорлади. Биз мазкур кутубхонадан ўзимизга муносиб, керакли адабиётни олдик. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек:“Адабиёт-миллат юраги…” Адабиёт бор экан, миллат яшайди ва ривожланади.  Саёҳатимиз якунига етар экан, “Ёш ижодкорлар “тўгараги аъзоларининг ўз уйларига олам-олам таассурот билан қайтаётганларини ва ёшларга кўрсатилаётган эътибору эътирофдан қалбимиз бир олам завққа тўлди.

Диёра КАРИМОВА, Бойсун туман 57-сонли мактаб, 8-синф ўқувчиси, шоира,”Наврўз нафаси” шеърий китоб муаллифи,  Республика   “Ёш ижодкорлар”  клуби    аъзоси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.