Кавказ тоғлари бағридаги “Ўзбекистон” санаторийсида учрашув

0
411
марта кўрилган.

Кавказ тоғлари бағридаги “Ўзбекистон” санаторийси жонажон Ватанимизнинг Кисловодскдаги бир бўлаги — юраги десак арзийди. Дам олиш масканимизнинг ҳайратомуз гўзалликлари – бепоён мовий осмонга интилган тоғлар билан бўйлашган сарвқомат дарахтлар, ой билан чирой талашган гуллар, миллий руҳда безатилган нақшинкор арка, эндигина қурилиши тугаган   мовий гумбаз, ям-яшил йўлаклар, давом этаётган бунёдкорлик ишлари қадрдон ва ислоҳотларга бой юртимизни эслатиб туради.

 Оромгоҳнинг мусаффо ҳавоси, сўлим табиати дилларга ҳузур бағишлайди. Шифобахш минерал  сувлари ва турли хил муолажалари ила хушмуомала врачлар, ўрта ва кичик тиббий ходимлар туни кун хизматда.

 Шу билан бирга дам олиш масканининг клубида тез-тез  байрамлар, тадбирлар ва фойдали суҳбатлар уюштирилади. Ҳар куни фильмлар намойиш этилади.

Ана шундай тадбирлардан бири – ЕвроОсиё  юқумли касалликлар уюшмасининг вицепрезиденти  тиббиёт фанлари доктори, профессор Муборахон Ахмедова билан учрашув бўлиб ўтди.

Олима жаҳон тиббиётида муаммо бўлиб турган юқумли касалликлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, сурункали С ва В гепатити касаллигини олдини олиш, даволаш ва санаторийда бунга қандай эътибор бериш лозимлиги тўғрисида маъруза қилди. Иш фаолияти жараёнида учраган ҳаётий воқеаларни қизиқарли шарҳлади. Шунингдек, дам олиш масканига доир ўзининг шаҳсий  фикр-мулоҳазаларини ҳам билдирди.

– Дам олиш масканида замонавий дигностика, клиник ва биокимё лабораториялар ишлаб турибди. Ҳар бир даволанувчи УЗИ текширувидан ўтказилмоқда. Яна ўтган йилги таҳлиллар компьютерда сақланиб, қиёсий таҳлил қилинаётгани эътиборга молик. Гепатит С ва В га ҳам худди шундай текширув лозим  яъни ҳар бир келувчидан қон таҳлили олиниши керак. – деди олима.

 Маърузачига тиббиёт ходимлари ва дам олувчилар томонидан кўплаб саволлар берилди. Жавоблар олинди. Суҳбат маълумотларга бой тарзда ва  қизғин кечди. Барчада катта таассурот қолдирди.

Раъно  ЗАРИПОВА,

Кисловодск

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.