Ислом ҳамкорлик ташкилотининг «OIC Journal» журналида «Хива: Ислом оламининг марвариди ва 2024 йилда туризм пойтахти» сарлавҳали мақола чоп этилди.
Унда Хива шаҳри тарихи, ислом маданияти ва илм-фан тараққиётидаги роли, туристлар учун мавжуд шароитлар, 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилингани ва ушбу мақом остида ўтказилган тадбирлар ҳақидаги муҳим маълумотлар муштарийлар эътиборига тақдим этилган.
«Ўзининг бой тарихи ва бетакрор маданияти билан машҳур Ўзбекистоннинг Хива шаҳри 2024 йил 31 май- 2 июнь кунлари бўлиб ўтган Ислом конференцияси туризм вазирларининг 12-сессиясида дунёнинг турли бурчакларидан, хусусан, ИҲТга аъзо мамлакатлардан кўплаб меҳмонларни қабул қилди. Сессия «Туризм индустриясини барқарор ва ҳаётий тарзда ривожлантириш» асосий мавзусида ўтказилди», – дейилган мақолада.
Қайд этилганидек, ўтган йили ушбу қадим кент «Хива – Ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида халқаро тадбир марказига айланди.
«Хива Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Шаҳар ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ўрта асрларга оид Ичан-Қалъаси билан машҳур. Асл ҳолича сақланган ва «очиқ осмон остидаги музей» сифатида эътироф этиладиган Ичан-Қалъа ҳудуднинг бой маданияти ва илм-фан тараққиётидан тортиб, ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасигача бўлган шонли ўтмишга назар ташлаш имконини беради», – деб таъкидлаган.
Нашрда Хоразм IX–XII асрларда маданият ва илм-фан маркази бўлгани, Хивадаги Маъмун академиясида астрономия, математика, тиббиёт ва кимё соҳаларида илғор тадқиқотлар олиб борилгани қайд этилган. Бу ҳудуддан Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий (алгебра фани асосчиси) ва астрономия ва фалсафа соҳасидаги фаолияти билан машҳур Абу Райҳон Беруний каби таниқли олимлар етишиб чиққан.
Мақола якунида, «Хивага ташриф буюрувчилар қадимий анъаналар ва замонавий ютуқлар уйғунлигидан ҳайратга тушишига шубҳа йўқ. Осойишта муҳит, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва сайёҳлар учун ажойиб шароитлар Хивани ўзининг тарихий меросини сақлайдиган ва унутилмас сайёҳлик тажрибаси учун замонавий қулайликлар яратувчи ноёб масканга айлантиради. 2024 йилда Хива шаҳрига «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» мақоми берилиши туризм индустрияси ривожига сезиларли туртки бўлди», – деб ёзилган.
Бундан ташқари, «OIC Journal»нинг мазку сонида Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» тадбирлари доирасида ўтказилган «Ўзбекистонда ИҲТ Халқаро ёшлар форуми бўлиб ўтди», «ИҲТ Ўзбекистон ва БМТ билан аёлларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилади» сарлавҳали мақолалар босилган.
Манбаа: Jurnalistlar. uz