Ўзбекистонда биринчи “Туризм қишлоғи”ни ташкил этишга доир лойиҳага старт берилди

0
376
марта кўрилган.

Тошкент вилоятининг Паркент тумани Кумушкон МФЙ ҳудудида Ўзбекистонда биринчи “Туризм қишлоғи”ни ташкил этишга доир лойиҳага старт берилди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Лойиҳага кўра, мазкур ҳудудда 50 та меҳмон уйи, 20 та хонадон негизида этноқишлоқ, 20 та хонадонни ўз ичига олувчи миллий таомлар қишлоғи, 15 та хонадонни қамраб олган ҳунармандлар қишлоғи, 10 та хонадон жалб қилинган санъаткорлар қишлоғи ва 20 та хонадонда агротуризм қишлоғини яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, бу ерда меҳмонхона, халқ кутубхонаси, ёшлар ижодиёт маркази, халқ ўйинлари ва спорт намойишлари майдончаси, ўтовлар шаҳарчаси, туризм ахборот марказлари, сувенирлар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари дўкони, замонавий санитар-гигиеник шохобчалар, сайёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси, сунъий шаршаралар ҳамда 7 та мавсумий дам олиш масканларини ташкил қилиш ва бошқа тадбирлар амалга оширилади.

Вилоят ҳокими Рустам Холматовнинг сўзларига кўра, олиб бориладиган ишлар натижасида вилоятдаги 450 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади, сайёҳлар сони йилига 250 минг (хорижий сайёҳлар 60 минг) нафарга, туризм хизматлари ҳажми эса 50 миллиард сўмга етказилади ҳамда бюджетга солиқ тўловлари қўшимча йилига 3 миллиард сўмдан тўланиши таъминланади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси в.б. Aбдулазиз Aққулов сўзларига кўра, дунё бўйича 30 мингта туризм қишлоғи бор. Қозоғистонда 4 та шундай қишлоқ бор, Тожикистонда яқинда 1 туристик қишлоқ очилди.

“Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Туризм қишлоғи” лойиҳасини амалга оширишда меҳмон уйлари фаолиятини тўғри ташкил қилиш бўйича масъулиятни ўз зиммасига олади, зеро меҳмон уйлари қанчалик тўғри ташкил этилса, қўйилган мақсадларга шунчалик тез эришилади. Евроиттифоқ билан бу йўналишдаги қўшма лойиҳамиз мавжуд бўлиб, Кумушкон ҳудудида ташкил этиладиган 50 та меҳмон уйи фаолиятини йўлга қўйиш бўйича уларнинг эгалари учун махсус тренинглар ўтказишни ташкиллаштирамиз. Иккинчидан, маҳаллий аҳоли орасидан мазкур ҳудудларни яхши биладиган йўлбошловчиларни тайёрлашимиз керак бўлади. Шу билан бирга ҳудудлар бўйлаб экскурсия маршрутларини ташкил қилишимиз лозим. Бундан ташқари, селфи зоналарни яратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Интернет тизимини тўғри йўлга қўядиган бўлсак, Кумушконга келаётган сайёҳларнинг ўзлари уни тарғиб қилишади ”, — дейди Aбдулазиз Aққулов.

Ўзбекистонда туризм тезкор ривожланаётган бир даврда бундай қишлоқларнинг яратилиши сўзсиз соҳа ривожи учун хизмат қилади.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.