Қадимий Хивага ёндош тарихий ва замонавий шаҳарни ўзида мужассамлаштирган “Арда Хива” мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу масканнинг мақсад ва вазифаси Хиванинг бетакрор туристик салоҳияти билан яқиндан таништириш, Хоразмнинг бой маданий-маърифий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда анъанавий ҳунармандчиликни янада ривожлантиришдир.
Туризм мажмуасининг очилиш тадбирида меҳмонлар учун маданий- маърифий дастурлар, қадимий миллий-маҳаллий таомлар, тандирдан узилган иссиқ нонлар, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, маскан бўйлаб қизиқарли саёҳат ва ахборий таништирувлар ташкил этилиб, уларга Хиванинг бетакрор муҳити ва мафтункор жозибаси ҳақида қимматли маълумотлар тақдим этилди.
Арда Хива – узоқ ўтмишни намоён қилиш, миллий анъана ва қадриятларни ўрганиш, ўзига хос маҳаллий таомларни татиб кўриш ва унутилмас жозибани ҳис қилиш маскани бўлиш билан бирга қанчадан-қанча кишиларни иш билан таъминлайдиган ва Хоразм иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшадиган шаҳарча бўлди!
gujum. uz