Туризм соҳасида 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин

0
73
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича  ўтказилган видеоселектор йиғилишида  ички туризмни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу соҳада 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Шунингдек, туризмга хизмат қилувчи умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо каби йўлдош тармоқларда яна кўплаб иш жойлари ташкил этилади.

Бунинг учун ҳар бир ҳудудда имконият ҳам, саёҳатчилар диққатига сазовор жойлар ҳам етарли экани қайд этилди. Мисол учун, Янгиқўрғон туманида 16 та дам олиш масканини тиклаш ҳисобига 1 минг 500 нафар аҳолини, Бўстонлиқда 10 минг ўринга мўлжалланган кўчма дам олиш масканлари ташкил этиш орқали 8 мингга яқин кишини иш билан таъминлаш мумкин.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги сайёҳлик имкониятларидан ҳам тўла фойдаланилмаяпти. Халқ орасида уларни билмайдиганлар, кўрмаганлар ҳали кўп.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар билан бирга янги ички туризм маршрутлари очиш, кўчма дам олиш масканларини кўпайтириш, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини тараққий эттириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига сайёҳлар борадиган барча объектлар, меҳмонхона ва овқатланиш шохобчаларида карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш юклатилди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар ҳисобот берди.

Йиғилишда тегишли раҳбарлар жам бўлганидан фойдаланиб, ғалла ҳосили ўрим-йиғимига ҳам тўхталиб ўтилди

Баҳор ойларида ёғингарчилик яхши бўлгани, пандемия шароитига қарамай моддий-техника ресурслари, минерал ўғитлар қўшимчаси билан етказиб берилгани учун мўл ҳосил етиштирилгани қайд этилди.

Ўрим-йиғимни ҳар йилгига нисбатан эртароқ якунлаш учун барча имкониятлар борлиги, бунинг учун ишни тўғри ташкил қилиб, ҳосилни қисқа муддатда уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ғалла ўрилган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, такрорий экинлар экиш бўйича топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.