Бугун юртимизда юз ёш билан юзлашган табаррук инсонлар ҳаётимизга кўрк бўлиб умргузаронлик қилмоқдалар. Орамизда аср билан тенгдош дуогўй отахону онахонларимиз борлигидан фахрланамиз, қувонамиз. Чунки, ана шу муборак инсонларнинг ҳаёт йўллари биз учун ибрат, панду насиҳатлари билан эса ҳаётимиз яна-да файзли, йўлларимиз равон бўлиши шубҳасиз.
Яккасарой туманидаги “Белариқ” маҳалласида истиқомат қилаётган Суюмбика момо Шарипова ҳам яқинда ўзининг муборак 102 ёшини қарши олади.
– Онахон нафақат фарзандлари, оиласи, балки маҳалланинг ҳам кўрки, – дейди “Белариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Исраилов, – каттаю кичик у кишини зиёрат қилишга, пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлишга, дуоларини олишга интилади.
Дарҳақиқат, сўзлари ҳикмат, юзларидан нур ёғилиб турган содда ва самимий онахон билан суҳбатлашиб, ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари – ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни муродга, эъзозу эҳтиромга етказишини англагандай бўласиз.
– Умрим меҳнатда ўтди, – дейди онахон. – Узоқ умр кўришлик аввало, Яратганнинг марҳамати, қолаверса, ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади. Мен ўтаётган умримга шукр қиламан. Шунча йил яшадим, ризқ-насибам кам бўлмади. Давлатимиз мен каби кексаларга ҳурмат, эъзоз кўрсатмоқда. Бундан ортиқ бахт йўқ, болам.
Ҳа, Суюмбика момонинг тилидан шукроналик тушмайди. Ўтган ҳаётини, бошидан ўтказган қийинчиликларни, фарзандларини эл қаторига қўшгунча чеккан азобларини, навқирон пайтларида тонг саҳардан кеч оқшомгача далада тупроқ кечиб, ғўза чопганию шоли ўтаганларини эртакдай сўзлайди.
Онахоннинг хотираларини тинглаб, ана шундай қийинчиликларни, оғир кунларни бошидан ўтказган момо каби минглаб ўзбек аёлларининг иродасига, сабр-бардошига ҳар қанча таҳсинлар айтса арзийди. Қандай кунларни бошидан ўтказмасин, муҳтарама аёлларимиз меҳр-оқибатни, халқимизга хос андиша, оилага садоқатни асло унутган эмаслар.
Яккасарой туман ҳокимлиги Матбуот хизмати