«Marche du Film» кинобозорида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи томонидан очилган миллий павилонда Халқаро кинокомиссиялар ассоциацияси (АФCИ) президенти билан учрашув бўлиб ўтиб, унда Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ушбу нуфузли халқаро ассоциацияга аъзо бўлди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
«АФCИ» га аъзо бўлиш билан Ўзбекистон миллий кинокомиссияси бутун дунёдаги кинокомиссиялар маълумотлари базасига киритилади, жаҳоннинг энг йирик продюсерлари ва кинокомпаниялари шу ассоциация орқали Ўзбекистонни суратга олиш учун манзил сифатида кашф қилади.
Ундан ташқари, маҳаллий киномутахассислар ўз тажрибаларини оширишлари учун хорижий конференсия ва ўқув машғулотларига жалб қилинишади.
Маълумот учун, штаб квартираси АҚШнинг Лос Анжелес шаҳрида жойлашган Халқаро кинокомиссиялар ассоциацияси (АФCИ)га дунёдаги 300 дан ортиқ кинокомиссиялар аъзо бўлган. Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб «АФCИ» га аъзо бўлган Ўзбекистон миллий кинокомиссияси 2018-йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳаммуассислигида ташкил қилинган эди.