“Урганч-Хива” темир йўл линиясини қуриш ишлари қизғин давом этмоқда

0
254
марта кўрилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш, ундан самарали фойдаланиш, сайёҳларга Хива шаҳрининг ноёб тарихий-маданий ва меъморчилик мероси билан кенгроқ танишиши учун кенг шароитлар яратиш, транспорт хизматлари сифатини такомиллаштириш бўйича муҳим топшириқ ва тавсиялар берган эди. Хусусан, ташриф давомида Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди қатновини йўлга қўйиш таъкидланганди.

Урганч – Хива янги темир йўл линиясини қуриш лойиҳасининг қиймати 35,9 миллион АҚШ долларига тенг. Ҳозирги кунда унинг дастлабки босқичи, яъни пўлат излар ётқизиш ишлари давом этмоқда ва шу кунгача умумий узунлиги 29,60 километр темир йўллар ётқизилди. Ушбу йўллар замонавий поездларнинг юқори тезликда ҳаракатланиши инобатга олган ҳолда, илғор технологияларга асосланиб, мустаҳкам ва янада сифатли этиб бунёд этилмоқда. “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, ушбу янги темир йўлини  жорий йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Қурилиш-монтаж жараёнида жами 831 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилди. Йўл бўйлаб 124 та сунъний иншоот ҳам барпо этилди. Бунёдкорлик ишлари давомида 6 та йўл ўтказгич ва кўприклар қурилди.

Бу ердаги қурилиш ишларини амалга оширишга 350 нафардан ортиқ тажрибали ишчи-хизматчилар, мутахассислар жалб этилган. Лойиҳани белгиланган вақтида, сифатли ва мустахкам қилиб амалга ошириш мақсадида 70 га яқин қудратли техника ва механизмлар куну тун самарали ишлатилмоқда.

Лойиҳа доирасида Хива шаҳрида бир вақтнинг ўзида 200 йўлловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган, миллий услуби уйғунлашган темир йўл вокзали ҳам барпо этилмоқда. Янги қурилаётган вокзал биносининг ташқи кўриниши Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттиради. Вокзал сўнгги русумдаги асбоб-анжомлар билан жиҳозланади. Бу ерда замонавий VIP-зали, она ва бола хонаси, тиббиёт хоналари қурилади. Лойиҳага кўра бинонинг кираверишида замонавий ва маҳаллий услублар  уйғунлашган кўркам фойе ҳам ўрин олган. Режага мувофиқ  унинг олди қисмида замонавий, мусиқали фаввора ўрнатилади. Бу ерда юқори тезликдаги Интернет хизматини Wi-Fi технологияси орқали тарқатиш ускуналарни ўрнатиш ҳам кўзда тутилган. Айни пайтда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.

Шунингдек, Урганч – Хива темир йўлининг қурилиши мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар ҳамда юртимиз аҳолисига қулайликлар яратиш баробарида тизимда қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. Хива вокзали билан ҳамоханг равишда атрофда маҳаллий аҳоли дам олиши билан боғлик бўлган кўплаб сайилгоҳлар, хиёбонлар, боғлар, гулзорлар яратилади, янги турар-жойлар, муҳташам иморатлар қурилади. Ўз-ўзидан маълумки Хива шаҳри янада гуллайди, обод бўлади. Кўҳна заминда барпо этилаётган янги темир йўллар узоқ йиллар халқ фаровонлиги учун хизмат қилади.

«Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.