Анор меваларнинг султони

0
3275
марта кўрилган.

Халқимиз анорни меваларнинг султони дея атайди. Дарҳақиқат, унга синчиклаб қарасангиз тож кийдирилганга ўхшайди.

Она юрт неъмати, халқимиз томонидан севиб исътемол қилинадиган анор қадимдан табобатда  кенг қўлланилган. Турли касалликларни  даволаш мақсадида унинг меваси, пўсти билан бирга дарахтнинг навдаси, пўстлоғи ҳам ишлатилади.

Анор пўстлоғи таркибида алкалоидлар, ошловчи моддалар, қатрон, бўёқ ва бошқа бирикмалар,  мева пўстида ҳам кўп миқдорда доривор  ва ошловчи моддалар бор. Унинг таркибидаги алкалоидлар йиғиндисидан пелтепин ва бошқа алкалоидлар ажратиб олинади. Анор меваси таркибида эса органик кислоталар, 21фоизгача қандлар, витамин С ва бошқа бирикмалар мавжуд. Тиббиётда ишдатиш учун мева пўстлоғидан танин ва мева шарбатидан лимон кислота олинади

Аллома Абу Али ибн Сино анор пўстини қон тупирганда, милк қонаганда, меъда касалликлари ( ич кетиш, қон аралаш ич кетиш)да, сийдик ҳайдаш, тиш-милкни мустаҳкамлашда, яраларни ва бошқа касалликларни даволашда ишлатган.

Халқ табобатида анор пўстлоғи, меваси, мева пўсти ва гули истисқо (водянка), қўтир, йўтал, ич кетиши, дизентерия, сариқ касалликларида ҳамда қон тўхтатувчи, сийдик  ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади.

Анор шарбати цинга касаллигида буюрилади ва иштаҳа очиш учун ҳам ичилади.

Мева пўстлоғидан қайнатма тайёрлаш учун қопқоқли идишга бир стакан сувга бир чой қошиқ пўстлоғидан солиб қайнатилади ва овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилади. Мева пўстлоғининг кукунига сарёғ ёки мол ёғи билан аралаштириб суртилса, теридаги йирингли яраларни тузатишга ёрдам беради. Мева пўстлоғидан тайёрланган қайнатма эса оғиз бўшлиғининг яллиғланишида ҳам даво бўлади.

Анор, олма, беҳи, лимон, ошқовоқ, нилуфар ва кашничга тенг миқдорда аралаштирилиб қайнатилади, унинг қуюқ шарбатига асал қўшиб истеъмол қилинса, сафро қусиш, кўнгил айниши ва тинка қуришидан шифо топиш мумкин.

Ф. Саъдуллаева

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.