Аввал таъкидлаганимиздек, гўштлар инсон организмига зарур бўлган протеин, витамин ва микро элементларга бой маҳсулот. Фақат гўштни танлай билиш ва тўғри пишира олишда ва ўз организмига караб исътемол қила олишда гап кўп. Айниқса, табиий ўтлар билан далада боқилган молу парандаларнинг гўшти фойдалидир.
Қўй гўшти
Қўй гўштининг фойдаси ва зарари нимадан иборат? Мутахассислар таъкидлашича, у магний, йод, калий, темир, В гуруҳ витаминларига бой. Шу билант қўй гўшти ёғлилиги билан ажралиб туради. Бир сўз билан айтганда озғинларга — шифо, семизларга эса оғирлик қилади.
Қўйнинг ички ёғлари шамоллаш касалликларини даволашда шифо манбаи. Унинг таркибида темир моддаси кўп, шунинг учун камқонликни даволаш ва қон таркибини яхшилашда беназир озуқадир. Унинг таркибидаги лецитин моддаси холестерин алмашинувини мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Шунинг учун парҳез таомлар тайёрлашда кенг фойдаланилади.
Қўй гўшти зиёни бошқа гўштларники каби бўлиб, кўп истеъмол қилганда қон томирларда ёғли тиқинлар пайдо бўлишига, ортиқча вазн тўпланишига олиб келади. Шунингдек, қўй гўштини кекса кишилар, айниқса, артритдан қийналган беморлар кўп емаслиги керак. Чунки, тадқиқотларда маълум бўлишича, қўй суягида артрит авж олишига туртки берадиган бактериялар мавжуд экан.
Юрак-қон томир касалликлари бор кишилар қўй гўштининг ёғсиз бўлагини истеъмол қилиши мумкин. Қўй гўштидан таом тайёрлаганда кўпроқ сабзавотлар қўшиш тавсия этилади. Улар овқат ҳазмини яхшилаб, гўштнинг зарарини камайтиради.
Ўрдак гўшти
Кўп мамлакатларда ўрдак гўшти товуқ гўшти каби мунтазам истеъмол қилинади. У инсон саломатлиги учун муҳим микроэлементларга бой. Бу моддалар мия фаолиятини яхшилаш, терини нафислаштириш хусусиятига эга. Тадқиқотларга кўра, ўрдак гўштида мавжуд кислоталар саратон ҳужайраларининг танага тарқалишига тўсқинлик қилиши аниқланган.
Ундаги Д витамини мушаклар ва суякларни мустаҳкамлайди.
Бу гўшт Е витаминига ҳам бой бўлиб, ёшартирувчи антиоксидант саналади. Шу боис репродуктив тизим ишини яхшилайди, қон томирларини мустаҳкамлайди, жароҳатларни тез битказади. Аммо холестерин кўп бўлгани учун юрак хасталиклари бор беморларга тавсия этилмайди. Шунингдек, унда ёғ миқдори юқори бўлгани учун жигар хасталиклари ва қандли диабети мавжуд беморлар камроқ исътемол қилгани маъқул.
От гўшти
От гўшти таркиби аминокислоталар билан мувозанатда бўлган оқсиллар мўлдир. Шу сабабдан ҳам парҳез гўшт саналади. Мутахассислар таъкидлашича, от гўшти мол гўштига қараганда 8 марта тез ҳазм бўлади. Бу гўштнинг ўзига хослиги унинг таркибидаги ёғлар ўсимлик мойига яқинлигидадир.
От гўштининг ўт ҳайдаш хусусияти алоҳида аҳамиятга эга. У қонда холестерин миқдорини камайтириш ва моддалар алмашинувини яхшилашга ҳисса қўшади.
Тиббий китобларда от гўшти танадан зарарли моддаларни ҳайдаш, радиацияни камайтиришда яхши восита эканлиги ёзилган. Бу гўштда темир ва А витамини сероб. Шифокорлар таъкидлашича, у жинсий фаолликни оширишда ҳам муҳим маҳсулот экан.
Яна шуни таъкидлаш керакки, ҳар қандай гўштлар жониворлар қандай шароитда ҳамда қандай емишлар билан боқилганига боғлиқ. Далада, табиий ўтлар билан озиқланган жониворларнинг гўшти, албатта, танга шифодир.
Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди