Айни паллада гилоснинг етилиб пишган пайти. Жамики меваларнинг султони деб айтса арзийди. У шифобахш мева бўлиш билан бирга эрта баҳорда ғуж-ғуж бўлиб очилган гуллари ила дилларни яйратади, хуш кайфият армуғон қилади. Ялтироқ барглари эса инсонга завқ-шавқ бағишлайди ва у қишга ёпиладиган тузламаларга ишлатилади. Чунки, антисептик хусусиятга эга.
Эрта пишар гилос май ойида етилади. Гилоснинг тўқ қизил ва сариқ навлари бор. Гилос қувват бағишловчи неъмат сифатида тавсия этилади. Гулидан бот касаллигини даволашда фойдаланилади. Гилос қайнатмаси ёки кампоти иситма туширувчи, шамоллашда қувват бағишловчи восита сифатида тавсия этилади.
Кўз ўткирлигининг пасайишида ҳар куни 300 гр янги узилган гилос истеъмол қилиш керак
Гилос мевасида 19,2 % қанд 1,3% органик кислоталар, пектин, В1, В2, РР, С витаминлари, коратин, калий, магний, фосфор, темир тузлари бор. Уруғида 30% га қадар мой, 1% эфир мойи мавжуд.
Янги ва қуритилган мевалари ич суриш хусусиятига, гуллари ва баргларидан тайёрланган малҳами яраларга, сепкилларга қўйилади. 5 ош қошиқ қуритилган гилос мавасига 4 стакан қайноқ сув қуйилади, 4-6 соатга дамланади ва сўнгра сузилади. Кунига 3-4 маҳал 1 стакандан овқатдан олдин, иштахани очиш учун умумий қувват бағишловчи восита ўрнида ичилади. 2 ош қошиқ қуритилган гилос устига 2 стакан қайноқ сув қуйилади, 15 дақиқа паст оловда қайнатилади, тиндириб сузилади. Суткасига 3-4 маҳал 0,5 стакандан сийдик йўлидаги тош касалликларида ичилади.
Гижжадан фориғ бўлишда ҳам қўлланилади. Ярим литр сувда 25 гр гилос дамланади. Дамланма тушликдан олдин 20-30 кун давомида ичилади.
Ичбуруғи дардига ҳам даво бўлиб, 100 гр гилос 3,5 ст. Ўткир қизил вино билан аралаштирилади. Қуёш остида 2 кун тиндирилади. Катталарга 1 стакандан, кичикларга 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳалдан ичилади.
Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди