Зира – хуштаъм зиравор

0
789
марта кўрилган.

Зира миллий таомномамизда қадимдан мавжуд. Хуштаъм зиравор сифатида севиб ишлатиб келинади.  Чунки,  унинг шифобахш хусусиятлари кўп. Доривор сифатида асосан июлда териб олинган зира уруғи фойдаланилади.

Унинг уруғи ичакда ел-газ ҳайдовчи, сут кўпайтирувчи, микробларга қарши курашувчи, гижжа ҳайдовчи хусусиятларга эга. Зиравор ичакда овқат чиришида иштирок этиб,  овқат ҳазм қилишни яхшилайди.

Зира– овқатга солинганида ёғ ҳужайраларининг тўпланиб қолишини камайтириш орқали озишга ёрдам берувчи ажойиб неъмат. Бу зиравор ортиқча вазн йиғилишининг олдини олишдан ташқари, олдиндан мавжуд бўлган ортиқча килограммлардан қутулишга ҳам ёрдам беради.

Ёғ тўқималари фоизини жиддий равишда камайтиради. Эрон тиббиёт фанлари университетида ўтказилган тадқиқотларда ўз рационига зирани киритган аёллар организмида ёғ тўқималари 14 фоизга камайгани, шу вақтнинг ўзида, назорат гуруҳи қатнашчилариники эса ҳатто соғлом яшаш тарзига қарамасдан 5 фоизга камайгани аниқланди.

Уйқу сифатини яхшилайди. Агар сиз уйқуга тўймасангиз, унда кўпроқ ейсиз — тўйиб ухламаслик иштаҳани назорат қила олмасликка ва метаболизмнинг секинлашишига олиб келади. Зира уйқусизлик билан курашишга ёрдам беради.

Қондаги шакар миқдорини нормаллаштиради. Зира ҳужайраларнинг инсулинга ва глюкозага бўлган мойиллигини кучайтириш йўли билан қондаги шакар миқдорини ушлаб туришга ёрдам беради. Зира қондаги шакар миқдорини назоратда тутиб туриш билан углеводларга бўлган интилишни енгади ва сизда тўқлик ҳиссини узоқроқ сақлаб туради.

Овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Зира ҳиди оғиз бўшлиғидаги сўлак безларини фаоллаштиради, бу эса ҳазм қилиш қурилмасини ишга туширади ва унинг биринчи босқичини яхшилайди. Зира таркибидаги тимол моддаси овқат ҳазм қилиш ва сингдиришда иштирок этувчи кислота, ўт ва ферментлар ишлаб чиқарувчи безлар фаолиятини кучайтиради. Шунингдек зира ел ҳайдовчи восита ҳисобланади, яъни у газ йиғилиши ва қорин дамлаш муаммоларининг ҳам ечими эканлигини билдиради.

Парҳезга киритиш намуналари. Бу зиравор қовурилган ва димланган сабзавотларга жуда мос келади. Уни уйда тайёрланадиган барча таомларга, айниқса ловия ва ясмиқли шўрваларга, одатдаги гуручнинг мазасини яхшилаш учун қўшиш мумкин. Йогуртга аралаштирилган қовурилган зира уруғи ич қотишда ёрдам беради. Сиз ҳатто бу зиравордан чой дамласангиз ҳам бўлади: зира уруғларини сувда қайнатинг ва 10 дақиқа дамлаб қўйинг.

Бронхит дардида зира, укроп, арпабадён, кашнич  уруғлари тенг  миқдорда олиниб, майдаланали. Икки стакан қайноқ сувга ундан бир ош қошиқ солиб,оловда 2 дақиқа дамланади. Қайнатмадан  кунига бир маҳал  2 ош қошиқдан ичилади. 

Ич қотганда икки ош қошиқ зирага бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнаб турган сувли  идишда  дамланиб, сўнгра олов ўчирилиб, яна  45 дақиқа ушланади. Дамламадан  ярим сткандан 2 маҳал овқатдан кейин ичилади.

Қоринда газ йиғилганда зира уруғидан бир ош қошиқ олиниб, бир стакан қайноқ сувга солиниб, паст оловда 30 дақиқа ушланади. Сўнгра докада сузиб олинади. Дамламани катталар бир ош кошиқдан 2-3 маҳал, болалар бир чой қошиқдан 2-3  марта ичишади.

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.