Исириқ гиёҳи ва унинг шифобаҳш ҳусусиятлари карантин даври учун катта аҳамиятга эга. У гиёҳ қадимдан инсонга келиши мумкин бўлган барча офат ва хасталикларнинг олдини олувчи ҳисобланиб, ирим-сирим сифатида ҳам ишлатилади. Эски ривоятларга кўра, хонадонда исириқ тутатиб турилса, касаллик кам бўлади ва исириқ инс-жинсларни ҳайдаб чиқаради, дея тушунилади.
Илмий тиббиёт исириқ таркибида бўлган таъсирчан моддалар кўзга кўринмас микроорганизмларга қирон келтиришини аллақачон исботлаб берган. Шунинг учун исириқдан ажратиб олинадиган гарминал-коллоиди ва ўсимлик илдизидан тайёрланган спиртли дамлама Паркинсон хасталигини, тутқаноқ, энцефалитни, бош миянинг яллиғланиши асоратини яъни қалтирашни даволашда ҳамда ухлатувчи восита сифатида ишлатилади.
Исириқнинг барча таркибий қисмлари ва уруғи алкалоидларга бой бўлиб, унинг илдизида 3,3% гача, поясида 3,57% гача, баргида 4,96% гача ва уруғида 6,6% гача алкалоидлар борлиги аниқланган. Улардан гармолин, гармин, пеганел ва дезоксипеганин каби моддалар ажратиб олинади. Исириқнинг уруғидан кўп миқдорда ёғ олиш мумкин. Бу ёғни турли хил усулларда, масалан, жувоз усулида, юқори механик босим остида ёки кимёвий усулларда (экстракция) олиш мумкин. Исириқ ёғи миядаги тўсиқларни очиш, пайларни мустаҳкамлаш ва пайлардаги елларни тарқатишда ишлатилиши мумкин. Исириқ ёғини озуқа сифатида истеъмол қилиш ҳам мумкин, албатта. Тизза ва суяклар қақшаб оғриганда исириқнинг ер устки қисмини эзиб, оғриган жойга боғланади. Исириқдан кучли пешоб ҳайдовчи сифатида ҳам фойдаланишади.
Халқ табобатида исириқдан фойдаланиш. Унинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатма бод, безгак, тутқаноқ, уйқусизлик, шамоллаш ва бошқа касалликларни даволашда ишлатилади. Бундай қайнатма қўтир, қичима ва бошқа тери касалликларига ҳам фойда қилади. Исириқнинг уруғидан тайёрланган қайнатма зиғир уруғининг қайнатмаси билан биргаликда нафас қисиши, нафас олишнинг қийинлашишида ишлатилади.
Исириқнинг шифобахш хусусиятлари сифатида қуйидагиларни қайд қилишимиз мумкин: ичаклардаги бодларни ҳайдайди, организмда қуюқлашадиган моддаларнинг олдини олади, совуқ мижозли кишиларга жинсий қувват бағишлайди, баданни семиртиради, пешоб, тер, сут ва ҳайз юришини равонлаштиради. Савдо ва қуюқ балғамни эса ич кетиши билан даф этади.
Исириқдан фойдаланиш учун фойдали тавсиялар: Исириқни туйиб, хонанинг бурчаклари ва полига сепиб қўйилса, ҳар хил ҳашоратлар бу хонадонга йўламайди, борлари эса қочади. Исириқ тутатсангиз, хонангизнинг ҳавоси тозаланади, микроб инфекциялари қирилади.
Исириқдан қайнатма тайёрлаш: кастрюлкага 250 грамм сув қуйилади ва унга майдаланган исириқдан бир чой қошиқ солиб, паст оловда 5 дақиқа қайнатилади. Кейин 2 соат сочиққа ўраб дамлаб қўйилади. Ундан сўнг 2 қават докадан сузиб олинади ва овқатдан олдин кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан профилактика мақсадида ичилади.
Исириқдан ванна. Бир боғ исириқни бир пақир сувда қайнатиб, докада сузиб олингач, ваннага қуйилади. Унинг устига иссиқ сув қуйиб, то сув совигунича ваннада ётилса, бош оғриғига даво бўлади.
Тизза ва суякларнинг қақшаб оғришида. Бир сиқим исириқни 400 мл сувда паст оловда 5 дақиқа қайнатилади ва бу қайнатмага 10 кун давомида пахта ёки матони шимдириб, оғриган жойга суриб юрилса, тизза ва суякларнинг қақшаб оғришига даво бўлади.
Исириқ заҳарли гиёҳ бўлгани учун ундан фойдаланишда шифокор-табиб тавсияларига тўла амал қилиш лозим. Иссиқ мижозли кишиларга исириқни истеъмол қилиш зарарлидир, чунки бу уларнинг бошини оғритиб, юракларини беҳузур қилади.
Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.