Ҳар куни анҳор бўйига чиқаман. Карантин бошланган дастлабки кунларда чиқмадим, халос. Чунки бу ўттиз йиллик шахсий қадриятим, соғлом турмуш тарзини хуш кўрган табиатимга хос хусусиятим! Кўпинча невараларимни ҳам ёнимга оламан. Доимо ниқоб тақиб оламиз, қўлимизда резина қўлқоп ҳам бўлади.
Анҳор бўйи аввалларданда гавжум. Спортнинг турфа соҳаларининг вакиллари махсус машқлари билан шуғулланишади. Кексалар хушманзара жойларда пиёда юриш завқини суришади. Бизга ўхшаб оилавий чиқувчилар ҳам талайгина. “Таниш-билишлар чиқса, икки метр нари туриб сўраш менга ўхшаб”, дея ўргатаман невараларимга. Мабодо саломлашиш учун қўл чўзса, “узр» дея қўлингни кўксингга қўйиб “ассалому алайкум” дегин яна бир бора ўргатаман. “Агар рўпарамиздан одам келаётган бўлса мен икки метр нарига қочишга ҳаракат қиламан. Сизлар ҳам мени ҳаракатимни такрорланг. Одам одамдан қочадиган бу синовли дамлар ҳам ўтиб кетади”, дея таъкидлайман яна. Саккиз ва олти ёшли невараларим ўгитларимни олади. Қўл чўзган одамлар ҳам уларнинг назокатли ҳаракатларидан беихтиёр кулиб юборишади. Болаларга тушинтириш осон, афсус катталарга тушинтириш жуда қийин.
Карантин даври бўлишига қарамай, анҳор бўйида юрганларнинг деярли ярми ниқобини энгагига тақиб олади. Айниқса ёшлар!. Кучига, соғломлигига ишонади улар. Юрагида ўти бор. Албатта, юрагида “ғуржи” яъни шижоати бўлиши яхши, бироқ тартиб-интизомга риоя қилмаслиги ёмон. Яна уларнинг гуруҳ бўлиб юришини айтмайсизми? Гоҳида, тартибга чақираман. Баъзилари ҳозиржавоблик билан:”биз битта оиламиз” дея жавоб қайтаришади. Уларнинг синфдош, курсдош, маҳалладошлиги мана мен деб кўриниб турса-да, нимадир дейишни хуш кўришадими, билмадим?
Бир амаллаб одам йўқ жойга, хушманзара дарахтлар орасига ўтиб оламиз. Тепамиз тўрт-беш метр баландлик, пастимизда эса 7-8 метр қиёлик. Баландликдан пастга тушадиган зинопоя йўлак ҳам биздан 4-5 метр узоқликда жойлашган. Ана шу жойда ниқобни тушириб қўйиб машқни бошлаймиз. Уйга қайтаётиб яна одамлардан қочиш бошланади. Оллоҳим осайишта кунларингни қадрига етмадикми, ўзинг кечир биз ғафлатдаги бандаларни дея беихтиёр шивирлайман.
Бу сўзларни нега ёзяпман? Чунки, АОКА ўз телеграмм саҳифасида ёритган инфографикани кўриб, хурсанд бўлдим, миннатдорлигимни ҳам билдириб қўйгим келди.
АОКА крантин кунлар учун мутахассислар билан долзарб мавзуларда ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий савол- жавоблар уюштираяпти. Ушбу саҳифани ўқиган кишининг дили ёришади. Ўзингизга керак ниманидир оласиз. Фойдали маслаҳатларни сайтга қўяман. Уларни эзгулик, савоб ниятида телеграмм орқали яқинларимга, дўсти- ёронларимга, танишларимга жўнатаман. Баъзилар ҳатто очиб қарашмайди ҳам. Шу даражада мутолаага бефарқ. Ижтимоий тармоқлардаги майда гапларни эса ўқиб, муносабат ҳам билдиришади. Ҳатто аёлу эркакларнинг рекламабоп тушган суратларини шарҳлашади. Шунга вақт сарфлашади. Ундан кўра саломатлиги, билими, онг-шуурининг юксалишига кўмакчи бўлган саҳифаларни очмайдими, дея ҳайрон бўламан.
АОКАнинг навбатдаги брифингда ниқоб тақиш маданиятини ифодалайдиган инфографика жойлаштиргани айни муддао бўлди. Бу жуда зарур эди. Чунки, кейинги пайтда аҳоли орасидан касаллик юқтирганлар кўпмоқда. Ҳатто, мутахассисларнинг таъкидлашича, қаерда, қандай юқтирганини, кимдан юқтирганини билмайдиганлар ҳам бор. Инфографикада ниқоб тақишнинг моҳияти, аҳамияти ва самараси аниқ кўриниб турибди.
Азиз юртдошларим, карантин талабларига риоя қилишингизни сўрайман. Бу ўзингизнинг ҳимоянгиз учун, оилангизнинг саломатлиги учун зарурлигини англайсиз, деган умиддаман.
Илтимос, ниқоб тақиш тартибига масъулиятли бўлинг! Касал бўлманг! Бу масъуллик орқали юртимиздан пандемия балосининг чекинишига, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг омонлиги, хонадонларимизнинг осойишталигига муносиб ҳисса қўшган бўласиз.
Бутун оламни ўргимчак тўридек қамраб олган коронавирус балосининг чекинишида бутун дунё аҳлига, жумладан элимизнинг ҳар бир оиласига тилакдошман!
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида уюштирилди.