Республика Махсус комиссияси иқтисодий-ижтимоий фаолиятни яхшилаш мақсадида карантин чекловларини юмшатаяпти. Бу карантин тартиб-қоидалари чекланади, дегани эмас. Аксинча пандемия янада авж олмаслиги учун ҳар бир инсон, ҳар бир оила янада эътиборли бўлиши керак деганидир. Айниқса ёш болаларни коронавирус балосидан асраш-авайлаш, карантин тартиб-қоидаларини онг-шуурига сингдириш керак.
Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, пандемия шароитида яшашга ўрганишимиз керак. Фарзандларимиз карантин даврида биз билан бирга телевизор орқали берилаётган короновирус хақидаги маълумотларни кўриб, эшитиб бормоқда. Ушбу мавзу бўйича улар бизга жуда кўп саволлар беришади. Ундай пайтларда болаларга короновирус инфекцияси ҳақида эринмасдан, содда тилда гапириб бериш керак бўлади.
Биринчидан, улар бу касалликни олдини олиш учун нималар қилиш кераклигини тўғри англаб етишлари керак. Шунинг учун аввало карантин тартиб -қоидаларини тушинтириш лозим.
Иккинчидан, улар ҳозирги кунда уйда ўтириб ОАВ орқали касалликни статистикаси ҳамда ўлими ҳақида эшитадилар ва бу маълумотлар улар психологиясига нотўғри таъсир қилиши мумкин. Чунки, болалар буни катталарга билдирмасалар ҳам, касалликнинг энг ёмон оқибатидан жуда қўрқадилар ҳамда ўз оила аъзолари учун қаттиқ хавотирланадилар.
Шунинг учун ниқоб тақиш ва қўлларни тез-тез совунлаб ювишнинг сабабларини англатиш лозим. Болалар овқатига эътибор бериб, тез-тез илиқ сув ичиб туришга ўргатиб, эслатиб туриш керак бўлади. Бунинг учун ота-оналарнинг ўзи тиббий маданиятни эгаллаши лозим. Масалан, коронавируснинг олдини олишда С ва Д каби витаманларнинг аҳамияти ва улар қайси маҳсулотларда мавжудлигини билиши керак ҳамда болага эринмай тушунтириш керак. Маҳсулотнинг таркибини, аҳамиятини тушуниб ишонч ва иштаҳа билан ейилган неъмат ҳам шифодир.
Айни пайтда пандемиянинг олдини олишда бадантарбия ҳамда югиришнинг аҳамияти катта. Катталар буни кичкинтойларга ҳам тушинтиришлари лозим. Масалан, невараларим (бири 8, иккинчиси 6 ёшда) эрталаб уйқудан тургач, адаси уларни югиришга ундайди. Улар уйимиз эшиги олдидаги футбол майдончасида 11 марта айланишади. Сўнгра кайфияти кўтарилиб, терлаб-пишиб иштаҳаси очилиб қайтиб келишади.
«Энди биз касалга чалинмаймиз-а, адажон» деб сўрашади. Адасининг тасдиғини ва мени рағбатлантирувчи ширин гапларимни эшитгач янада кайфияти кўтарилади. Кайфияти баланд бўлган болада иммунитет янада кучайишини тиббиёт ходимлари таъкидлашади. Соғлом турмуш тарзига болани кичкинтойлигидан ўргатиб бориш кони фойда бўлиб, самарасидан келажакда ўзингиз хурсанд бўласиз.
Аввало, болага қўлни тез-тез совунлаб ювишни ўргатинг. Аҳамиятини гапириб беринг. Ниқоб тақиш сабабларини тушинтиринг. Масофа сақлаш нима учун кераклигини билиб олсин. Кейинги саволларни ўзи беради. Катталар, сиз бунга тайёр туришингиз керак.
Азиз, ота-оналар, буви-буважонлар айниқса пандемия даврида сизнинг кичкинтойлар олдида масъулиятингиз катталигини ҳис қилинг. Орамизда ушбу касаллик бор экан, ўзимизни, оиламизни асраб-авайлаб, у билан бирга яшашга ўрганишимиз керак. Чунки, карантин чекловлари юмшатилаяпти. Бу эса барча масъулиятни сиз-у бизга юклайди.
Ниқоб тақинг ва уни ҳар икки соатда алмаштиринг. Қўлингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг. Масофа сақлашни эсдан чиқарманг. Бегона жойга бораётганда қўлинггизга қўлқоп кийишни унитманг. Физика тили билан айтганда соч энг зўр электрод дейилади. Бош кийим кийиш, аёлларнинг рўмол ўраб олиши ҳам яна бир ҳимоя воситасидир.
Азизларим, ўзини асраганни Оллоҳ ҳам асрайди. Ушбу юқумли касаллик балоси она Заминимиздан буткул йўқ бўлишини Оллоҳдан дуоларимизда сўраб қоламиз!
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида уюштирилди.