Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали умумий амалиёт шифокори кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Малика Раҳметова билан суҳбатимиз соғлом онадан соғлом бола туғилиши масалалари хусусида бўлиб ўтди. Она соғлом, дуркун, теран фикрли бўлса, унинг зурриёди ҳам ҳаётга дадил аралаша оладиган, қувноқ ва қизиқувчан, дуркун ва теран бўлиб дунёга келади.
– Малика Раҳимовна, биз соғлом авлод ҳақида гапирганимизда, энг аввало оналар саломатлиги масалаларига жиддий эътибор беришимиз кераклигини кўп марта эътироф қиламиз. Шундай эмасми?
– Ҳа, жуда тўғри айтдингиз. Зеро, оила қуришга бел боғлаётган ҳар бир ёш-йигит пухта билиши керак бўлган саломатлик масалалари бу – оилаларнинг мустаҳкамлигига пухта замин яратилиши билан ҳам ҳарактерлидир. Чунки, ҳар бир соғлом аёл фарзанд кўриш бахтига муаяссар бўлади. Ҳар томонлама – ҳам жисмонан, ҳам маънан тетик бўлган аёлдан албатта соғлом зурриётлар дунёга келади.
Амир Темур Ҳазратларининг “Оила қуриш масаласига давлат сиёсати даражасида қараш лозим”, деган фикрларини яна бир бор эслаб ўтайлик. Бугун ҳам худди шундай – аёлнинг, хоҳ у уй бекаси бўлсин, хоҳ хизматчи турмуш тарзини, ҳаётини тубдан ўзгартиришга, саломатлигини муҳофаза этишга, ғамхўрлик ва ҳурматни кучайтиришга, салоҳияти ва интилишларини руёбга чиқаришга эътиборни кучайтириш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси эканлигини хис қилиб турибмиз. Фарзанд – барча гўзалликлар ичида энг бетакрор хилқат, ҳар бир аёл соғлом болаларни дунёга келтиришга масъул эканлигини унутмаслиги зарур.
– Биз “оддийгина” деб ҳисоблаган айрим касалликлар тажрибада ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Жумладан, йод танқислиги ҳолати ва касалликлари онадан болага салбий таъсирлар остида ўтиши кузатилади. Шундайми?
– Йод танқислиги, эндокрин хасталиклари аслида оддий касаллик эмас. Бемор баъзан бу касалликни тафовут қила олмайди. Ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмаганидек, ушбу касаллик билан оғриган ҳомиладор онадан унинг зурриёдига йод танқислиги оқибатида турли йўсиндаги хасталиклар ўтиши кузатилади.
Соғлом авлодни дунёга келтиришга масъул ҳар бир она ўзига нима зарур эканлигини яхши билиши керак. Катта ёшдаги соғлом одамларда суткалик йодга эҳтиёж 180-280 мкг ташкил этади. Агар сутка давомида 100 мкг дан кам миқдорда йод истеъмол қилинса аста-секин қалқонсимон без катталашиши кузатилади. Атроф-муҳитда йод етишмовчилигининг асосий оқибати зоб пайдо бўлишидир. Шу сабабдан шу пайтгача йод танқислиги худудларида фақат зоб ривожланади, деган тушунча бор эди. Ҳозирги пайтда, йод етишмовчилиги оқибатида зобдан ташқари инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган ҳолатлар ривожланиши кузатилиб келинмоқда.
Кейинги пайтларда йод танқислиги касаллиги жаҳон тиббиётининг асосий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. Чунки бу касаллик билан аҳолининг саломатлик ҳолати ва жамиятнинг интеллектуал даражаси аниқланади. Шу сабабдан ҳам 1990 йилда Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ассоциацияси томонидан йод танқислиги билан боғлиқ бўлган касалликларни бартараф қилиш юзасидан резолюция қабул қилинган.
Аҳолининг моддий-иқтисодий шароитининг яхшиланиши, тиббиёт илми ва амалиётида соғлиқни сақлаш тизимида юз бераётган ўзгаришлар, қўлга киритилаётган соҳадаги муваффақиятлар эндемик зобнинг мамлакатимизда камайишига олиб келди. Бироқ кейинги пайтларда аҳолининг йодланган туз билан таъминоти сусайиши ҳамда йод танқислиги муаммосига эътиборнинг камайиши бу хасталикнинг қатор ҳудудларда кўпайишига ҳам сабаб бўляпти.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда эндемик зоб билан боғлиқ вазият салбий томонга ўзгараётганини кузатишимиз мумкин. Эндемик ҳудудларда қалқонсимон зоб катталашишининг юқори даражаси болалар, хусусан ўсмирлар орасида пайдо бўлмоқда. Тугунли зоб, қалқонсимон без саратони, аутоиммунли тиреодит каби касалликлар салмоғи аҳоли орасида йилдан-йилга ошаётганини кузатиш мумкин.
– Касаллик қандай кузатилади, унинг олдини олиш, даволаш учун учун қандай чораларни қўлламоқ керак?
– Энг аввало шифокор кўригидан ўтиш, аниқ ташҳислар асосида унинг кўрсатмаларига қатъий амал қилмоқ керак. Шу нарсани унутмаслик керакки, йод танқислиги касаллиги келиб чиқишига оқсил ва витаминларга бой озиқ-овқат моддаларини кам истеъмол қилиш, инфекцион омиллар, интоксикация, моддий иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви сабаб бўлиши мумкин.
Инсон организмига керакли бўлган айрим микроэлементларнинг, шу жумладан бром, цинк, коболат, мисни кам қабул қилиш ҳамда фтор, хром, кальций, марганец элементларининг ортиқча тушиши эндемик зобнинг ривожланишига олиб келади. Касаллик ирсий омиллар натижасида, шунингдек, авлодида бўқоқ бўлган оилаларда ҳам кўплаб кузатилмоқда.
Касалликнинг келиб чиқиши механизмини тушуниш учун организмда йоднинг ўзлаштирилишини яхши тасаввур қилиш лозим. Касалликнинг дастлабки босқичларида носпецифик шикоятлар, яъни умумий қувватсизлик, бош оғриғи, иштаҳа ёмонлашуви, хотира сусайиши, юрак соҳасида ноқулайлик, ютинганда қадалиш ҳисси каби шикоятлар кузатилади. Қалқонсимон без тўқимасининг ўсиши бўйича диффуз, тугунли ва аралаш бўқоқлар тафовут қилинади. Тугунли бўқоқ қалқонсимон безда ўсмасимон тўқима бўлиши билан ҳарактерланади.
Йод танқислиги ҳолати ва касалликлари профилактикасининг учта тури мавжуд: оммавий, гуруҳли ва индивидуал. Оммавий профилактикада аҳоли истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшимча калий йодид бериш тавсия қилинади. Организмга тахминан 90 фоиз йод озиқ-овқат билан, 10 фоизи сув билан тушади. Шу сабабдан истеъмол қилинадиган ош тузини, нонни, ёғни йодлаш ёки йод препаратларини қабул қилиш йўлга қўйилган. Йодланган туз билан таъмин қилишда 1 тонна тузга 25 грамм калий йодид қўшилади. Гуруҳли профилактикада аҳолининг айрим қатлами бепул антиструмин, йодид 100-200 каби йод препаратлари билан таъмин этилади. Болалар ва ҳомиладорларга, эмизувчи аёлларга антиструмин берилади. Бунда таркибида 1 мг калий йодид бўлган антструмин ҳафтада 1-2 марта қабул қилиш буюрилади.
Касалликни даволаш қалқонсимон без ҳажмининг катталашиш даражасига боғлиқ. Қалқонсимон безнинг I-II даражадаги катталашишида ва эндемик бўқоқнинг III даражасида йод препаратларини буюриш етарли бўлиб ҳисобланади. Антиструмин 1 таблеткадан кунига 3 ойгача, агар клиник эффект кузатилса кейин ҳафтада 1 таблеткадан 2 марта қабул қилиш тавсия этилади. Диффуз бўқоқнинг эутиреоз ёки гипотиреоз билан кечадиган III-IV даражаларида қалқонсимон без гормон препаратлари буюрилади. Тиреоидин дастлаб кам дозада суткасига 50 мг дан, кейинчалик эса 2 ҳафтада 50 мг дан ошириш мумкин. То эутиреод ҳолатига эришилганида ўртача даво курси 100-200 граммдан 6-12 ойгача давом этади. Бир йил давомида ўтказган гормонал препаратлар билан даво курси наф бермаса кейинги даволаш мақсадга мувофиқ эмас. Агар йод танқислиги ҳолати ва касалликларида қалқонсимон без жуда катталашиб кетса, тугунли ёки аралаш бўқоқ бўлса, без атрофидаги органларни қисиб қўйса оператив даво тавсия қилинади.
– Малика Раҳимовна, мамлакатимиз аҳолисининг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда саломатлик масаласи шак-шубҳасиз ниҳоятда муҳим аҳамияга эга. Соғлом авлодни дунёга келтиришга масъул аёлларимизга нималар дегингиз бор?
– Ҳар бир аёл бахтли, гўзал ва фаровон ҳаёт кечиришни хоҳлайди ва бунга ҳақли. Ана шу фаровонликни инсон ўз қўли билан яратади. Агар “ҳар ким ўзига ўзи табиб” деган тушунча атрофида фикр юритадиган бўлсак, бўлғуси оналар ўз саломатлигини мунтазам назорат қилиб боришлари муҳим аҳамиятга эга. Етти мучаси соғ-саломат, ҳар томонлама бардам ва бақувват инсонлардан соғлом фарзандлар дунёга келишини ҳар биримиз яхши тушунамиз ва унга амал қилиш учун рағбат топиш ҳам қўлимиздан келади. Бу йўлда аёлларимизга оқилалик ва юксак руҳият тилаб қоламан. Зеро, ҳар бир она фарзандини соғлом дунёга келтиришни орзу қилади. Бу эса ўзимизга боғлиқ. Соғлом фарзандларни дунёга келтиришга масъул инсонлар – оналаримизнинг умри узоқ бўлсин.
– Малика Раҳимовна, мароқли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз!
Суҳбатдош: Дилбар Бекчанова, журналист
Таҳририятдан: Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида уюштирилди.