Ҳаётнинг ажойиб неъмати, Аллоҳнинг буюк марҳамати – фарзанд! У оиламизнинг, Ватанимизнинг келажаги! Бахтиёр чақалоққа, меҳрга қониб ўсаётган гўдакка эътибор берсангиз унинг вужудида соғломлик акс этади, кўзлари бахтдан чақнаб туради.
Ўзингизни ва болангизни дуркун ва бахтли бўлишини хоҳлайсизми? Руҳшунослар маслаҳатига кўра кунига камида бир неча марта эркаланг. Елкаларини, бошларини сийпаланг.
Алломаларнинг таъкидлашича, оналик ва болалик бахтининг учта асосий омили мавжуд. Ширин сўзлар билан эркалаш, суйиб қучоқлаш, эмизиб боқишдир.
Қучоқлаш, ота-она меҳри — болалигимиздан эслаб қоладиган, танамиз ҳузур оладиган биринчи ҳиссиёт. Гўдак ота- онасининг бағрида ўзини хавфсиз ҳис қилади. Эркалаш оҳанглари боланинг руҳий осойишталигидир. Агар онанинг меҳрли қучоғига эмизиш вақти ҳам қўшилса, демак, бу фарзанд учун идеал бахт ва хотиржамлик ҳолатидир.
Шунинг учун барча шифокорлар сўзсиз она сутининг аҳамиятига катта эътибор беришади, эмизиб боқишни тавсия қилишади.
Олимлар ота-оналаридан етарлича меҳр кўрган ва эътиборни ҳис қилган болалар тезроқ ривожланиб, камроқ касал бўлишларини аллақачон исботладилар.
Меҳрибонликни, эзгуликни ифодаловчи она-бола алоқалари бахт гормонларини ишлаб чиқаришга ёрдам беради, иммунитетни мустаҳкамлайди ва кўплаб жиддий касалликларнинг олдини олади. Унинг вужудида соғломлик акс этади, кўзлари бахтдан чақнаб туради. Меҳр кўрган боланинг келажакда оилага ҳам, юртга ҳам ўзига ҳам манфаати юксак бўлади.
Меҳринисо