В гуруҳига кирувчи витаминларнинг фойдали хусусиятлари ва қайси неъматларда мўллиги ҳақида

0
3233
марта кўрилган.

Витаминлар ва минераллар  инсоннинг жисмоний ва ақлий иш қобилиятини оширади, организмнинг турли касалликларга чидамлилигини кучайтиради. Витаминлар асосан ташқи омиллардан — озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда махсус дори воситалари орқали олинади.

Сувда эрийдиган В витаминлари эса катта гуруҳдан иборат бўлиб,  улар оқсилларни, ёғларни ва углеводларни энергияга айлантиради. Ушбу гуруҳга саккизта витамин киради: B1, B2, B 3, B 5, B 6,  B 9 ва B 12, B15. Уларнинг ҳар бирининг қўшимча номи бор: масалан, В9 фолий кислотаси бўлиб, у кўпинча ҳомиладорликка тайёргарлик пайтида тавсия этилади.

Асосийси ҳар қандай витаминни ишлатишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш муҳимдир. Сизга керакли дармондориларни ёзгандан кейингина исътемол қилиш керак.

В гуруҳи витаминлари сутли маҳсулотлар, сули, янги ва қуритилган нўхат, картошка, помидор, гўшт, буйрак, юрак, жигар,  балиқ, тухум, товуқ гўшти, ёрмалар, нон, ёнғоқ, творог, пишлоқ, сабзи, карам, ловия, қовоқ, гулкарам, лавлаги, бодринг, апелсин, ўрик, қўзиқорин, қовун, кунгабоқар уруғлари, қовоқ каби маҳсулотлар таркибида кўп  учрайди. 

В   гуруҳига кирувчи витаминларнинг хусусиятларини билиб олиш ҳам саломатлик гаровидир.

Витамин B1 (тиамин) — оқсил ва углевод алмашинувини мувозанатга келтиради. Унинг етишмовчилиги, энг аввало, асаб тизими фаолиятининг ўзгаришига, хотира пасайиши, юрак-қон томир, ошқозон-ичак тизими фаолияти бузилишига сабаб бўлади. Витамин В1 йирингли инфекцияларга қарши иммунитетни ҳосил қилади. Айниқса, ҳуснбузарлар, тери қичишиши, эшакеми касалликларини даволашда зарурдир.

Витамин B2 (рибофлавин) — ҳужайралар алмашинуви ва терининг юза қатламидаги жараёнларни яхшилаш, шунингдек, нормал нафас олишга хизмат қилади. Ушбу витаминнинг танқислиги лаб четларидаги оғриқли ёриқлар, шиллиқ қатламларнинг яллиғланиши, сочларнинг тўкилиши, бош айланишига олиб келиши мумкин. Мазкур витаминнинг узоқ вақт давомида етишмовчилигида тери шиллиқликни йўқотиб, қари тери кўринишига кела бошлайди.

Витамин B3 (никотин кислотаси-РР) — теридаги сув алмашинуви, пигментация жараёнининг меъёрда кечиши унга боғлиқ. Витамин В3 қон томирларини кенгайтиради. Ушбу витамин етишмовчилиги тери, ошқозон-ичак ва асаб тизими касалликларига олиб келади. Шунингдек, никотин кислотаси қон таркибидаги қизил қон таначалари (эритроцитлар) ҳосил бўлишида ҳам алоҳида ўрин тутади.

Витамин B5 (пантотен кислотаси) — тери яллиғланишининг олдини олади, соч тўкилишидан ҳимоя қилади, тўқималарга ижобий таъсир ўтказади, қариш жараёнини секинлаштиради, ичакларда овқатнинг сўрилишини яхшилайди.

Витамин B6 (пиридоксин) — асаб тизими ва оқсиллар алмашинуви учун зарур витамин. Соч тўкилганда, юқори қўзғалувчанликда, терининг яллиғланишида қабул қилинади. Озиқ-овқат маҳсулотларида пиридоксин миқдори унча кўп эмас, бироқ овқатланиш рационини тўғри мувозанатлаштирилса, у етарли миқдорда бўлиши мумкин.

Витамин В9 (фолий кислотаси) — ҳомиладорлик даврида, эмбрионнинг асаб ҳужайлари шаклланишида асосий вазифани бажаради. Бундан ташқари, фолий кислотаси муддатидан илгари туғиш, чала туғилиш каби ҳолатларнинг олдини олади ҳамда туғуруқдан кейинги депрессив ҳолатларни камайтиради. Витамин В9 етишмовчилигида тез чарчаш, бош оғриғи, ҳолсизлик, жиззакилик, уйқусизлик, хотиранинг пасайиши кузатилади.

Витамин В12 (цианокобаламин) — ақлий ва руҳий ривожланиш, асаб тизими ва қон ҳосил бўлишида жуда керакли. Мушакларнинг меъёрда ривожланишида ҳам ушбу витаминнинг ўрни катта. Унинг етишмовчилиги оғир камқонликка сабаб бўлиши мумкин.

Витамин В15 (пангамат кислотаси) — жигар учун зарур бўлган витаминлардан биридир. У тўқималарнинг кислород билан озиқланиш жараёнини енгиллаштиради. Нейтраллаштириш тарзида таъсир этиб, қичишишни камайтиради, қариш жараёнини секинлаштиради, организмда холестерин миқдорини камайтиради.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.