Она сути энг улуғ неъматдир. Аёл туққандан кейин келадиган қуюқ сут – увуз эса малҳам! Сиз унинг қадрини билинг, юксак тутинг, Оллоҳ берган муъжиза билан эмизиб боқмасангиз, тириклик, меҳру-оқибат, яхшилиг-у саҳоват ҳақидаги сўзларингиз, аъмолларингиз бекор. Дунёга келиб, умид билан кўз очган чақалоқни Оллоҳ берган тўтиё –она сути ҳаётга олиб киради, кўзига нур, вужудига қувват бағишлайди, деган эдилар раҳматлик Жамила қайнмомом биринчи фарзандим дунёга келганида.
Дарҳақиқат, халқимизнинг » қари билганни пари билмас» деган ҳикмати бежиз эмас. Олимларнинг таъкидлашича, она сутида углеводлар кўп. Улар таркибига сутни нормал ҳазм бўлишига ёрдам берувчи алоҳида моддалар (В-лактоза) киради. Унинг таркибидаги витаминлар ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор яхши нисбатда бўлади, шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит хасталиги билан кам касалланади. Аёл сутида тузлар, темир моддаси, мис, рух, кобальт ва қон ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилувчи бошқа микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Бунинг натижасида кўкрак сути эмган болаларда сунъий овқатлантириладиган болаларга қараганда камқонлик касали кам учрайди.
Кўкрак сути гўдак учун энг енгил ҳазм бўладиган, фойдали ва тўйимлигина бўлиб қолмай, балки у бой биологик хусусиятларга ҳам эга. Чунончи, у болага ҳаётининг хатарли даври, яъни туғилгандан сўнг биринчи ҳафта ва ойларнинг яхши кечишига ёрдам беради. Она сутидаги T-лимфоцитлар ошқозон-ичак фаолиятида тезроқ иммунитет шаклланишини таъминлайди.
Она сути бола соғлиғини таъминлашнинг энг яхши воситаси бўлиб, унинг таркибидаги мавжуд моддалар болалар касалликларидан гўдакни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Болаликда кўкрак сутидан озиқланган инсон кейинчалик ортиқча вазн тўплаши ёки семириш эҳтимоли паст, организмда диабет ривожланиш қалтислиги кам, интеллектуал даражаси баланд бўлади.
«Она сутининг қадр-қиммати, оналик фазилатининг тимсоли-эмизиш ҳеч қачон ўз иззатини бой бермайди. Оллоҳ берган неъматни увол қилманг. Эмизиб боқинг, фарзандингиз дуркун бўлади. Ээгулик ўзингизга ҳам бўлади. Эмизган сари чеҳрангизга фаришталик-беқиёс гўзаллик ҳам иниб бораверади», деган пурҳикмат сўзлари қулоғимга сингиб кетган. Бугун бу ҳикматни барча ёш оналарга таъкидлайман.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА, фармацевт