Чақалоқларда мушак гипертонияси

0
228
марта кўрилган.

Мушак гипертонияси – мушак тонусининг бузилиши бўлиб, бунда мушак тонуси ошган бўлади ва бола туғилиши билан юзага келади. Сабаби, унинг мушаклари ҳаддан ортиқ таранг ва сиқилган бўлади. Бундай ҳолатда гўдакда сабабсиз безовталик, йиғи, уйқу бузилиши, ияк қалтираши кузатилади.

Бола уйқу пайтида ҳам бўшашмайди, қўлларини букиб, кўкрагига маҳкам босиб, оёқларини қорнига олиб бориб, муштини маҳкам сиқиб ухлайди. Гўдакнинг муштини эҳтиёткорлик билан силаб-сийпаб очиш мумкин.

Орқаси билан ётқизилган гўдакни қўлларидан ушлаб ўзингизга қарата тортганингизда у қўлларини умуман ёзмасдан, бутун танаси билан эргашиб тортилади. Қорнини кафтингиза қўйиб юзини пастга қилиб кўтарганингизда гўдак бошини танаси билан бир чизиқда ушлаб туради. Бундай болалар туғилишлари биланоқ бошини вертикал ҳолатда ушлаб тура оладилар. Мушак тонусининг ошиши тананинг икки томонида ҳам, шунингдек айрим ҳолатларда эса, фақат бир томоннинг ўзида ҳам кузатилиши мумкин.

Гипертонус гўдакнинг ҳаракатлари ривожланиши суръатини секинлаштириши билан хавф солади. Агар ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса, бундай бола муддатидан кечроқ ўтириши, эмаклаши ва юриши мумкин. Ҳаракат пайтида тез чарчайди. Юраётганида эса оғирлик марказини яхши бошқара олмайди. Гипертонус боланинг умумий аҳволига ҳам акс таъсир этмасдан қолмайди: уйқу бузилади, тез-тез еган овқатини қайт қилади.

 Чақалоқни жисмоний машқ қилаётганингизда яъни қўл ва оёқларини букиб-ёзганда яққол ифодаланган қаршилик сезилади. Таянч рефлекси текширилганда бола бутун оёқ кафтига таяниб турмасдан, бармоқлари учида туради, бу ҳолат 1,5 ойдан ортиқ вақт давомида сақланиб туради. Меъёрда ушбу рефлекс 1,5 ойларга бориб йўқолади. Агар у узоқроқ давом қилса мутахассисга мурожаат қилиш керак.

Шоира БЕКЧАНОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.