ДИЛБАР БЕКЧАНОВА: ОҚИБАТ МЕҲРОБИ (Қисса) – Қатағон қурбони бўлган  боболар(давоми)

0
71
марта кўрилган.

1938 йилнинг куз фасли.  Теграда мош совураётган Шукуржон эна у ёқдан бу ёққа югуриб ўйнаётган, шовқин солиб, ҳечам тинчимаётган невараларини тартибга чақириб чарчади шекилли,  энди уларга гапирмай, ўз ишини давом қилдираверди. Келинлари далада пишиб етилган мош, ловия пояларини йиғиштириб, ем-хашак учун қуёшга қўйиб қуритиш билан овора эдилар.

– Қизим, ишингни барпас қўйиб тур, буларни қорнини тўйғазиш керак. «жўжалар» ингга қарасанг-чи. Сабзи, шолғом қайнатиб  қўйдим. Мошкичири ҳам тайёр. Бирпас совисин деб, ўчоқнинг чўғини тортиб қўйдим.

Тўнғич келин Бибижон ишини бир зумга йиғиштириб,  болаларни дастурхон атрофига йиғди. Таомни йигирма нафарга  тенг тақсимлаб, қайнонасига улуш олиб қўйди.

– Эна, эна келинг ўзингиз ҳам. – Бу орада кичик овсинлар Холжон, Моможон ҳам  энани кутишмоқда эди. Барча жим ўтириб, энанинг келишини кутишди. То эна келмагунча, дастурхонга қўйилган таомга қўл чўзилмади. Эна токчада кечадан бери авайлаб сақлаётган бир бўлак каллақанд ва кеча ёпилган нондан керагини олиб, дастурхонга ўтирди. Нон ва қандни ҳаммага баробар тақсимлаб бўлгач, болаларига бир-бир қараб олди-да, «бисмиллоҳ»,  дея  ўзи ҳам нондан бир бўлак олди. Шу сониянинг ўзида болалар ҳам таомларга гурра «ташланишди».

– Катта отанг бўлганларида, бунчалик шовқин солишмасди, буларинг, – деди эна «жўжаларга» қараб.

– Мен ҳам шуни айтаяпман-да. Катта отанг келсалар, барининг эси кириб қолади ҳали.

Шукуржон эна кеча шаҳарга савдо-сотиқ учун чиқиб кетган  ўғли Ҳожибойнинг ҳаяллаб қолганидан хавотирда эди. 

Кузги ёмғирдан сўнг лойқаланиб қолган кўчадан эшак араванинг ғичирлаган товуши эшитилиши билан келин ҳам югуриб ташқарига чиқди. Шукуржон эна Ҳожибойни  узоқдан таниди. Армияга кетган укаларининг ҳам оиласига меҳрибонлик кўрсатаётган Ҳожибойни елкаларидан қоқиб қўяркан:

– «Бўйларингдан энанг ўргилсин, болам, саломат қайтдингми.

Ҳаяллаганингга хавотир олдим» , – деди.

– Эна, ишларимни тугатиб бўлиб, дўстим хонадонидан хабар олдим. Рўзматбой билан тутинган иниси-божаси Сапабойни ҳам олиб кетишибди.  Уйлари ҳукумат томонидан тортиб олиниб, завод ҳам беркитилибди. Бор мол-мулки ҳукумат ихтиёрига ўтибди.  Занғарлар хотини Бикажон ва жўжабирдай олти нафар фарзандини, синглиси Пошшажонни  кўчага чиқариб ташлашибди. Шўрликлар мачитга бориб, жон сақлашибди. Дўстим Сапабойнинг кенжа қизи мачитда дунёга келибди. Болаларига ҳам раҳм қилишмабди, ярамас ялангоёқлар.

– Вой, бечоралар, шунча бола билан қандай кун кўришаётган экан?

– Бозорга чиқарган озиқ-овқатлардан олиб бордим. Синглиси Пошшажон  болалар учун жубба1  яктак ва чопон тикиб, бозорда яширинча сотаётган экан. Ўғли Зарифбой одамларнинг пойабзалларини тикиб, бир эви нон топишяпти. Эртага уларга ҳосилимиздан кўпроқ  ушур кавшар2  қилиб олиб бормасам бўлмас. Эна, нима дедингиз?

– Жуда тўғри ўйлабсан,  болам,  Аллоҳ ризқимизни бериб турибди. Аммо, уларга  қийин. Ошқовоқ, шолғом, сабзи, мош, ловиядан ҳосилимиз чакки эмас.

Ғамлаб қўйган буғдойларимиз ҳам бор. Бу тадбиринг катта савоб бўлади болам, эртагаёқ олиб бор. Аллоҳ ризқимизни янада мўл қилсин, баракасини берсин.

Шукуржон эна яқинда ўзларига тегишли 250 гектар ер, ўнта омоч, 4 та ҳўкиз, 7 та эшак ва юзга  яқин белкурак, болта ва бошқа анжомларни ўз ихтиёри билан колхозга топшираётганида  қаршилик кўрсатмаганига шукур қилди.  Шу билан Ҳожибой ўғли қама-қамалардан омон қолди. Янги ташкил бўлган шўроларнинг вакилларига рўйхушлик билдирмаган неча-неча  кишиларнинг  қамоқхонада азоблаётганини эшитганида, юраги орқасига тортиб кетганди. Яхшиямки, ўғли  вазиятни тўғри тушуниб, дарҳол бисотидаги мол-мулкини ўз инон-ихтиёри билан колхозга  топширди.

– Аллоҳим ўзингга шукур, ўғлим бир офатдан омон қолди, Ҳожибойни ҳам олиб кетишса, мана бу болалар, биз нима қилардик. Укалари армияга кетишган бўлса.

Ҳожибой кеча шаҳарлик дўстлари Рўзматбой ва Сапабойнинг хабарини олгани боргани ҳам бежиз эмас. Бу тўс-тўполонда уларга илгари ҳам бир неча марта вазиятни тушунтириб, ўзининг барча мол-мулкини колхозга  ўтказиш режаси борлигини айтганди. Аммо, жуда қисқа вақт ичида НКВД вакиллари келиб, уларнинг қўлларини боғлаб олиб кетишганидан қаттиқ куюнди. Ҳожибой шаҳарлик дўстларига Дўрмон, Шоббоз, Берунийдан молнинг хом териларини етказиб турарди. Дўстлари Рўзматбой  ва Сапабой отамерос савдо-сотиқ баҳонасида кейинги йиллари Оренбургга бориб келишарди. Ўша ердаги корхоналардан  терини қайта ишлаш, ундан маҳсулот тайёрлаш сир-синоатини ўрганиб, ўзлари ҳам мўъжазгина завод очишганди. Сапабой унинг божаси бўлса-да худди ака-укадек  ёнма-ён, елкама-елка меҳнат қилишарди. Қиёматли, тутинган ака-ука эдилар. Сапабой қўли гул уста. Оёқ кийим тикишда Урганчда унинг  олдига тушадигани йўқ. Тутинган ака-укалар заводда элликдан зиёд кишига иш ўргатиб, уларга ҳам ризқ улашишарди.  Уларнинг заводида чармдан тикилган пойабзаллар жуда пухта ва сифатли бўлиб,  харидори кўп эди. Рўзматбой Россияга тез-тез қатнар, ишлаб чиқаришдаги янгиликларни тинмасдан ўзининг заводига татбиқ қилиб турарди. Шу баҳонада савдо-сотиқ ишларини ҳам йўлга қўйиб олишди. Рўзматбой Россиядаги  ҳамкорларига Сапабой тиккан пойабзаллардан намуна олиб борганида, улар ҳам  қойил қолишганди. Кейинги гал  худди шундай болалар учун пойабзаллардан юз жуфтни буюртма беришган. Косиблар тилида «талатин»  деб аталувчи мол терисини  қайта ишлаб, ундан тикилган пойабзаллар ўша пайтларда нафақат Урганчда, балки Оренбургда ҳам севиб харид қилинган, дейишади.

Рўзматбой ва Сапабойнинг ота-боболари асли Кўҳна Урганчдан Абулғози Баҳодирхон даврида келиб, янги Урганчга асос солишган. Хоннинг ёнида туғни баланд кўтариб юришга сазовор бўлган инсонлар. Ўша пайтларда нафақат бўйи баланд, соғлом ва бақувват, балки ақли расо, иймони бутун, ҳалол ва халқпарвар кишиларгагина туғни кўтариб юриш мартабаси насиб қилар экан. Бу икки қадрдонлар асосий касблари савдо-сотиқ  бўлса-да,  этикдўзлик ҳунарини  ҳам  маҳкам ушлашган. Лафзи ҳалол, меҳнаткаш кишилар бўлишган.

Рўзматбой ва Сапабой опа-сингилларга уйланишди. Улар ёшлари орасида ўн йил фарқ қилса-да, жуда қалин дўст бўлишиб, божалик муносабатлари бу  ришталарни янада мустаҳкамлади. 

Рўзматбойнинг биринчи аёли оламдан ўтиб, бир ўғил билан қолган эди. Дўстининг уйига келиб-кетиб юрган Рўзматбой Пошшажонни кўз тагига олиб юрди. Бир кун юрак ёриб, дўстига ниятини айтганида Сапабой қувониб кетди.  Пошшажон ҳали  16 ёшга ҳам тўлмаган қизча эди. Қизнинг  чаққонлиги, уддабуронлиги, озода ва покизалиги Рўзматбойга ҳам маъқул эди.

Никоҳланишган бўлишса-да Пошшажон то 17 ёшга кирмагунча алоҳида яшашди. Рўзматбой уни ўз қариндошидек, ардоқлаб, устидан қуш  учирмади. Уйнинг ишларига абжир, тадбирли қиз келин бўлиб тушган кунидан пойқадами қутлуғ келиб, Рўзматбойнинг ҳам ишлари ривожланди,  рўзғорининг баракаси янада орта бошлади.

Кўп ўтмай ака-укалар Кўҳна қалъада пойабзал заводини ташкил қилишди ва шерикчиликда бошқаришди. Каттакон ҳовли қуриб, икки оила шу ерда тинч-тотув  яшай бошлашди. Рўзматбой Оренбургга ойлаб кетган пайтлари, Сапабой заводни ўзи  бошқарарди. Укасининг болалари кўп бўлгани учун одатда узоқ сафарларга унинг ўзи кетарди.

Ўша машъум 1938 йили Пошшажон эндигина  25 ёшига кирган ниҳоятга гўзал, бўйлари баланд, хушқомат, юзлари сутга чайилгандек оппоқ ва нафис, сочлари узун ва қоп-қора жувон эди. Афсус, ўн  йиллик ҳаётлари давомида  фарзанд кўришмади. Аллоҳга шукроналик билан онадан етим қолган ўғилни тарбиялашди, уни 20 ёшга етганида уйлантириб қўйишди. Сўнгра ўғил катта бувисининг олдига, қишлоққа кўчиб ўтди.

Пошшажон  опаси Бикажоннинг ўғил-қизларига  меҳр бериб, уларни  ўз боласидек ардоқлади, оқ ювиб, оқ таради. Қатағон йилларининг хўрлик, ҳақорат ва азоб-уқубатларини, оч ва юпун кунларини опажониси ва жиянлари билан бирга  бошдан кечирди. 

Ака-укаларни олиб кетишганидан сўнг опа-сингиллар маҳаллада бош кўтаролмай қолишди. Бой ва капиталистнинг хотинлари сифатида уйларидан қувғин қилишганида, бор будини тортиб олиб, фарзандлари билан кўчага ҳайдашди. Аммо, опа-сингиллар  сабр билан ҳаёт учун, фарзандлар учун барча машаққат ва қийинчиликларга дош бердилар.

Тинч ва чиройли ҳаёт кечираётган оила, рўзғор  пароканда бўлди.  Болаларининг меҳрибон отаси  «бой ва капиталист»  деган тамға билан қамоққа  олинди. Ўша куннинг ўзидаёқ уй бошдан-оёқ тинтув қилинди.  «Бойлар» нинг бор буди тортиб олинди, мусодара қилинди. Уйлари ҳам ҳукумат ихтиёрига ўтказилди. НКВД чилар тинтувдан сўнг, уйни бўшатишни  қатьий талаб  қилишди. Аёллар борадиган жойимиз йўқ дейишларига қараб ҳам ўтиришмади. Янги ҳукумат югурдакларининг наздида «Қонхўр капиталистнинг хотинлари»  деган тамға босилган опа-сингил ва болалар шу тариқа масжидга бориб жон сақлашга мажбур бўлишганди…

Муаллифдан изоҳ:

 1 – Жубба – чақалоқ ва болалар учун ичига пахта қўйиб тикиладиган кийим. 

2 – Ушур кавшар – ҳосилдан хайрия. 

(давоми бор).

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.