Аввало, иммунитет ҳақида тушунча бериб ўтсак. У бизга нима учун керак? Инфекция ва бактерияларга қарши танамиздаги иммун тизими курашади. Иммунитет ҳар бир организмда индивидуал шаклланган бўлади. Бир ёшгача бўлган чақалоқларда эса иммунитет она организмидан гўдакка она сути орқали ўтади ва шунинг натижасида болада табиий иммунитет ҳосил бўлади. Бу эса болани турли касалликлардан ҳимоя қилади. Туғилгандан сўнг болада сунъий иммунитет ҳосил бўлиши учун бола профилактик тарзда эмланади. Натижада бола организмида турли хил инфекцион касалликларга қарши иммунитет пайдо бўлади.
Сўнгги пайтларда бир ёшгача бўлган болалар орасида шамоллаш кўп учраб турибди. Сабаби онанинг ҳомиладорлик даврида кўп шамоллаши, ота-онанинг TORCH инфекциясини юқтириб олганлиги ва уларда анемия (камқонлик) каби касалликлар аниқлангани асосий сабаблардан биридир. Шунингдек, бўлажак онанинг ҳомиладорликда тўғри овқатланмаслиги ҳам бунинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Болада иммунитет танқислигига юқоридагилар етарли сабаб бўла олади.
Иммунитет билан боғлиқ муаммоларга яна бир қанча омиллар сабаб бўлиб, аввало болани педиатр-шифокор тиббий текширувдан ўтказиб, сўнг аниқ хулосага келиш мумкин.
Наслдан-наслга ўтувчи юқумли, инфекцион ва сурункали касалликлар ҳам болага ота-онадан ўтиши тиббиётда исботланган. Шу сабабли ота-она саломатлиги бола ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Биринчи навбатда ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал она ўз саломатлигини тиклаши ва соғлом фарзанд дунёга келтириши учун қайғурмоғи керак. Онанинг саломатлиги, ҳомиладорлик даврини яхши кайфиятда ўтказиши боланинг соғлиғи учун муҳимдир.
Иммунитет пастлиги қандай аниқланади? Агарда бола йил давомида ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция), грипп, бронхит каби касалликларга тез-тез чалинса, унда иммунитет пасайганини билиш мумкин. Яна гўдакда камқонлик аниқланган бўлса (қонда гемоглобин миқдорининг камайиб кетиши) иммунитет тизими иш фаолиятини сусайтиради.
Касалликнинг тез-тез қайталаниши ҳамда бемор гўдакнинг касал бўлган кунларининг чўзилиши ҳам унинг саломатлигига жиддий таъсир этади.
Шунингдек, боланинг умумий аҳволидан ҳам унинг иммунитети пастлигини билиш мумкин. Масалан, беморнинг кўз атрофи кўкариши мумкин. Унда ҳолсизланиш ва камқувватлилик каби белгилар кузатилади.
Кўпчилик болаларда жигарнинг катталашиши билан иммунитет тизими фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин.
Тез-тез аллергик касалликларга чалинадиган ҳамда дисбактериоз хасталигига мойил болаларда иммунитет пастлиги кузатилади.
Юқоридаги ҳолатлардан бири болада мавжуд бўлса дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ўз вақтида болани даволаш унинг саломатлигини тезда тиклашда ёрдам беради.
Шоира Бекчанова,
тиббиёт фанлари номзоди