Малина (хўжағат) нафақат мазали, балки фойдали резавор мева бўлиб, кўпгина сурункали касалликларни даволашда иммун тизими фаолиятини кучайтириш орқали ёрдам беради.
Унинг таркиби фенол ва антоцианлар каби антиоксидант бирикмаларга бой. Бу антиоксидантлар ҳужайраларнинг қариш жараёнини тезлаштирадиган ва сурункали касалликларни чуқурлаштирадиган эркин радикаллардан организмни ҳимоялайди. Инсон вужудида антиоксидантлар кўп бўлса, унинг соғлиги мустаҳкам бўлади. Иммунитети суст организмга турли бактерия ва вируслар тез ўрнашиб олади. Бу эса ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар, грипп каби касалликларга олиб келади. Хўжағат иммун тизимини мустаҳкамлайди. Натижада организм инфекцияларга қарши кураша бошлайди.
Яқинда олимлар малина таркибидаги кетон моддаси ёғларнинг эришига самарали таъсир қилишини аниқлашди. Ушбу бирикма организмда кислородни истеъмол қилиш ва иссиқлик ажралиб чиқишини тезлаштирадиган ферментлар фаоллигини оширади. Бу эса ёғ ҳужайраларининг тез эришини таъминлайди.
Нотўғри овқатланиш натижасида таом яхши ҳазм бўлмайди. Қорин дам бўлади. Қабзият юзага келади. Бундай пайтда ичакка дағал толалар ёрдам беради. Битта малинада дағал толали озиқ моддаларнинг бир кеча – кундузлик меъёрининг 32 фоизи мавжуд бўлади. Кўплаб касалликлар яллиғланиш жараёни билан бирга кечади ёки уни келтириб чиқаради. Ушбу мева яллиғланишга қарши бирикмаларга бой. Ҳайвонлар устида ўтказилган баъзи тажрибалар малина сут бези, йўғон ичак, қизилўнгач ва бачадон бўйни саратонига қарши шифобахш доривор восита эканлигини кўрсатди. У саратон ҳужайраларининг ривожланишини сусайтиради ва уларни нобуд этади. Шунингдек, соғлом ҳужайраларни сақлаб қолади.
Диабетдан азоб чекувчи кишиларга қондаги қанд миқдорини назорат қилиш қийинчилик туғдиради. Малина эса крахмални қандгача парчалайдиган муайян ферментларни “боғлаб қўювчи” бирикмаларга эга бўлгани туфайли, ушбу вазифани енгиллаштиради. Хўжағатда К витамини етарли миқдорда мавжуд. Шу сабабли у қоннинг ивишини нормаллаштиради ва протромбин миқдорини пасайтиради.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси