Россия Суриянинг Идлиб вилоятига яна ҳужум қилди, дея хабар беради ББС ахборот хизамати сентябрь ойининг аввалида. Ҳужум асосан вилоятнинг Ҳаят Таҳрир ал-Шам ва Аҳрар ал-Шам жиҳодчи гуруҳлари жойлашган ҳудудларга уюштирилган.
“Ҳарбий ҳужумдан мақсад жиҳодчи гуруҳларни йўқ қилиш” дея изоҳ берган Инсон Ҳуқуқлари Сурия Обсерваторияси раҳбари Рами Абдул Раҳмон.
Ушбу ойнинг биринчи ҳафтаси бошида рус ҳарбий ҳаво қўшинлари вилоятнинг ҳарбий ҳудулари, шунингдек Латакия вилояти ва Саҳл ал-Ғоб текисликларида 30 га яқин ҳаво ҳужумларини уюштирган.
Вилоятнинг минглаб аҳолиси эса маҳаллий аҳоли қурбон бўлишига чек қўйишни халқаро ташкилотлардан сўраб, намойиш ўтказганлар.
Ҳаят Таҳрир ал-Шам ва Аҳрар ал-Шам гуруҳлари БМТ томонидан террористик гуруҳ сифатида тан олинган бўлиб, бугун Идлибда тахминан 10.000 жангчисига эга.
Россия, Эрон ва Туркия ўртасидаги уч томонлама учрашувда Туркия Президенти Ражаб Тайип Эрдўған Идлибда вақтинчалик сулҳ тузишга чақирган. «Биз Идлибни қонга ботишини истамаймиз. Идлибга қилинган ҳар қандай ҳужум фалокатга олиб келади. Террорчиларга қарши курашиш вақт ва сабр-тоқатга асосланган усулларни талаб қилади” дея ўз фикрларини изоҳлаган Президент Ражаб Таййиб Эрдўған учрашувда.
Россия Президенти Владимир Путин эса унинг таклифига қарши чиқиб, террорчиларга қарши курашишни давом эттириш кераклигини айтган. “Сурия ҳукумати ҳудудий яхлитлигини сақлаши ва барча ерларини назоратга олиши керак» дея ўз фикрини изоҳлаган Президент В.Путин.
Идлиб сўнгги етти йил давомида Президент Ассадни ҳукумат тепасидан ағдаришга уринаётган исёнчи ва жиҳодчи гуруҳлар жойлашган асосий ҳудудлардан бири. Агар Сурия ҳукумати вилоятни тўлиқ ўз назорати остига олса, исёнчи ва жиҳодчи гуруҳларга қарши курашишда эришилган катта ютуқлардан бири бўлади. Бу вилоятда бир қанча томонлар, жумладан Сурия ҳукумати, ал-Қоида гуруҳи, Суриядаги курд жангари кучлари, турк исёнчилари ўзаро кураш олиб бормоқда. Бугун вилоятда тахминан 30 мингга яқин исёнчи ва жиҳодчи жангарилар бор. Тинч аҳоли сони 2,9 миллион кишини ташкил этиб, унинг бир миллиони болалардир.
“Тез орада оқилона сиёсий ечим топилмаса, янги даҳшатли манзаралар юзага келажак» дейди БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура Идлибдаги вазиятга ишора қилиб.
АҚШ ҳукумати эса Сурия кимёвий қуроллар қўллагудек бўлса, бунга жим қараб турмаслигини айтган.
Камола ҲАТАМОВА