АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасида очиқ эшиклар куни

0
182
марта кўрилган.

Ҳар йили Вашингтондаги турли давлатларнинг элчихоналарида  анъанавий очиқ эшиклар куни ўтказилади. Бугунги кунда пойтахтда 200 га яқин элчихона бўлиб, ҳар йили очиқ эшиклар кунида барча элчихоналарга  йилига 250-300 минг киши ташриф буюради.  АҚШ пойтахтининг марказий Массачуссеттс кўчасида жойлашган Ўзбекистон элчихонасида ҳам ушбу тадбир бўлиб ўтди. Кун давомида бу ердан ташрифчиларнинг қадами аримади.

АҚШ ҳудудидаги ўзбек элчихонаси, таъбир жоиз бўлса, бамисоли “кичик Ўзбекистон” бўлиб, ташриф буюрган кишилар миллий санъат ва маданият намуналари билан танишишлари мумкин. Аслида, мазкур тадбирдан мақсад ҳам ана шу – яъни юртимиз ҳақида кишиларга маълумот бериб, тарихи, санъати ва маданияти билан таништириб, кишиларда қизиқиш уйғотиб, мамлакатнинг туристик салоҳиятини оширишга ҳисса қўшишдир.

Ўзбекистон элчихонасини айланар экансиз, ўзбек миллий ҳунармандчилигининг турли намуналари – нақшинкор супадан тортиб, миллий чолғу асбобларигача, дўппи ва адрасларнинг ўнлаб туридан тортиб, миллий услубдаги идиш-товоқларгача кўзигниз тушади. Бир чеккада турган бешик ва унинг ичидаги тиллақошли, атлас кўйлакли ўзбекона қўғирчоқ эса жажжи меҳмонларнинг  эътиборини жалб этмай қўймади.

– Ўзбекистон ҳақида аввал эшитмагандим, лекин бугунги ташрифимда миллий санъат ва маданиятингиз билан танишиб, менда қизиқиш уйғонди, юртингизга албатта бир кун саёҳат қилишни ўйлаб қўйдим, – деди меҳмонлардан бири Анн Перльман.

 –  Океан ортида, юртдан олисда, элчихонамизга ташриф буюриб, ўзимизнинг миллий санъат ва маданиятимиз намуналари, ўзбек раққосаларимиз томонидан намойиш этилган миллий рақсни томоша қилиб, тадбирга биз каби ташриф буюрган бошқа ўзбеклар билан шу ерда мулоқот қилиб, соғинч тафтини бир оз босдик, – дейди ўзбекситонлик Мастура ая.

Одатда элчихоналар хавфсизлик нуқтаи назаридан қатъий кириш ва чиқиш тартибида ишлайди. Лекин очиқ эшиклар кунида халқ учун ваколатхонани кўздан кечириш имконияти яратилади. Шу сабаб ҳам Ўзбекистоннинг “бир бўлаги”ни бўлсада-да, зиёрат қилиш ниятида бошқа штатлардан ҳам кўплаб юртдошларимиз келганига гувоҳ бўлдик.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА,

gujum.uz” учун Вашингтондан махсус тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.