Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилинди, дея хабар берилади Ёш киноижодкорлар кенгашининг Facebookдаги саҳифасида.
Сайёрамизнинг энг йирик ва энг муҳим мукофоти ҳисобланган Оскарга эндиликда Ўзбекистон фильмларини тақдим қилиш имконияти бўлади.
Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилиниб, АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилди.
Шу йилнинг 1 октябрь куни Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан 2020 йилнинг 9 февраль куни Лос-Анжелес шахрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтадиган 92-Оскар тақдирлаш маросимининг “Энг яхши халқаро бадиий фильм” номинациясига Ўзбекистон номидан фильм илгари сурилади.
Ўзбекистон Оскар қўмитасининг аъзолари таркиби ва фильмларни саралаб олиш низоми билан таништириш мақсадида миллий қўмитанинг координацион муассиси Ўзбекистон миллий кинокомиссияси яқин кунларда Ўзбекистон Оскар қўмитаси тақдимоти ҳамда матбуот анжумани ўтказишни режалаштирган.
Дунёнинг 90га яқин мамлакатида очилгани сингари Ўзбекистонда ҳам Оскар қўмитасини ташкил қилиш бўйича келишувларга ёш киноижодкорларнинг Канн кинофестивали доирасидаги Ўзбекистон миллий павильонида бўлиб ўтган учрашувлар давомида эришилди.