АҚШда Ўзбекистон мустақиллиги байрами

0
114
марта кўрилган.

Ўзбек халқи ақл ва адолатнинг мафтуни, ҳамиша янгиликка интилувчи ва умумбашарий тараққиётни ардоқловчи, юксак қобилият ҳамда камолотни ўзида мужассамлаштирувчи меҳрибон ва ғамхўр миллатдир. У қаерда бўлмасин ҳамиша юртим-элим деб яшайди. Юртимиздан узоқда яшаб, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Замахшарий каби алломаларимизнинг ҳаёти, турмуш тарзи бунга яққол мисолдир.

Айни кунда Америкада таҳсил олаётган, ишлаётган ўзбеклар  жуда кўплаб топилади.. Ўзбекистон Ёшлари Америка Ассоциациясининг ташкил этилгани ҳам фикримизни ифодалайди. Ушбу уюшма Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – давлат мустақиллигининг 27 йиллигини кенг нишонлади. АҚШ пойтахти Вашингтондан унча узоқ бўлмаган ҳудуддаги Виржиния штатининг Алгонкиан боғида Ўзбекистон мустақиллигига бағишлаб сайл ўтказилди.

Бу тадбир халқимизнинг ажойиб миллий хусусиятлари ва қобилиятини намоён этди. Дошқозонда ош дамланди. Дастурхонлар миллий таомлар билан безатилди. Жамулжам бўлган юртдошларимиз ўзбек халқининг меҳмондўстлик фазилатини намоён қилишди. Дала сайлига ташриф буюрган америкаликлар ҳам байрам тадбиридан баҳраманд бўлдилар. Уларни юртдошларимиз халқимизнинг турфа миллий ноз-неъматлар билан сийлашди. Тадбирни кузатиб туриб шундай дегим келди: бизнинг ажойиб одамларимиз бор. Улар фикр қилиш йўсинида ҳам намунали турмуш тарзи юзасидан ҳам барча яхшилик ва олижанобликни, барча донолик ва ёруғликни ўзида мужассамлаштирган мустақиллик фарзандларидир.

Катталар болалар даврасини ҳам унитишмади. Кичкинтойлар учун турли қизиқарли ўйинлар, машғулотлар , беллашувлар ташкил этилди. Халқимизнинг келажаги бўлмиш болаларнинг дам олиш вақтлари мазмунли ўтиши таъминланди.
Уммон ортидаги ана шундай маданий тадбирлар халқлар дўстлигига, одамларнинг бир-бирини тушиниб ҳамжиҳатликда яшашига, пировардида дунё тинчлигига муносиб ҳисса қўшади.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.