АҚШнинг етакчи қурилиш компаниялари  ва илмий-таҳлилий институтлари вакиллари фикри: Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари жадал ривожланмоқда

0
605
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш асосида урбанизация жараёнларида аҳоли эҳтиёжларини қаноатлантириш, шаҳарлар барпо этишда илғор мамлакатларнинг тажрибасидан фойдаланиш, аҳолини шаҳарларга эркин кўчиши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, ер участкасидан фойдаланишда бозор механизмларини жорий этиш бўйича асосий чора-тадбирлар йўналишларини кўрсатиб берди.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган янги агентлик амалга оширадиган қатор вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Урбанизация жараёни нима ўзи? Айни кунда бутун дунёда инсоният мисли кўрилмаган суръатларда урбанизация жараёнига юзма юз келмоқда. Урбанизация деганда, шаҳарлар ролининг ортиши, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши (миграцияси), қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарчаларга айлантирилиши, аҳоли турмуши ва фаровонлигини оширишга қаратилган узлуксиз жараён тушунилади.

Урбанизациянинг асл сабаби техника ривожланган сари қишлоқ хўжалиги тармоғи камроқ меҳнат талаб қилаётгани, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг шаҳарларда ривожланаётгани билан боғлиқ.  Ана шундай мураккаб жараёнда аҳолини ҳимоя қиладиган  кучли ижтимоий сиёсат зарур. Фармон эса ана шу талабга лаббай деб жавоб берадиган ҳужжат десак арзийди. Буни хорижлик олимлар, мутахассислар ҳам тан олмоқда.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси вакили А.Бурхоновнинг маълумотига кўра, АҚШ пойтахти Вашингтондаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, Марказий Осиё давлатларининг замонавий тарихи ва сиёсати масалалари бўйича эксперти, профессор Фредерик Старр ҳамда АҚШнинг етакчи ва йирик архитектура ва дизайн компанияларидан бири –  «Calatrava Grace» корпорациясининг  Бош ижрочи директори Майкл Селлман Президент Ш.Мирзиёевнинг ушбу фармонининг аҳамияти ҳақида ижобий фикр билдирганлар.

Фредерик Старр, Вашингтондаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор

«Calatrava Grace» корпорацияси 2018 йилда Ўзбекистон бозорига  кириб келди. Ҳозир Навоий ва Самарқанд вилоятларида  инновацион усулларда қулай уй-жой қуриш бўйича лойиҳаларда иштирок этмоқда. Лойиҳалар доирасида компания билан ҳамкорликда «Навоий» эркин иқтисодий ҳудудида модулли қурилмаларни ишлаб чиқариш бўйича завод ишга туширилиши ҳам режалаштирилган.

М.Селлман ва Ф.Старрларнинг айтишича, мамлакат раҳбариятининг стратегик инвестицион лойиҳаларни урбанизация жараёнларини ҳисобга олган ҳолда олиб бораётгани жуда оқилона сиёсат бўлиб, бу аҳолининг фаровонлигини ошириш ва барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Майкл Селлман, «Calatrava Grace» корпорациясининг Бош ижрочи директори

Мамлакатнинг аҳоли жон боши даромад даражаси ошиши ва иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, туғилиш кўрсаткичи ўсиши, илм-фан ривожланиши, тезкор ва қулай транспорт инфратузилмаси йўлга қўйилиши, маъмурий бошқарув тартиб-қоидаларини соддалаштирилиши асосида аҳолининг қишлоқлардан шаҳарларга эркин  кўчиши учун шарт-шароитлар яратиш урбанизация жараёнларини кучайтирувчи асосий омиллар ҳисобланиб, Ўзбекистонда мазкур омилларнинг барчаси мавжуд. Ана шу нуқтаи назардан, экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон жадал ривожланаётган давлат сифатида яқин орада юқори даражада урбанизациялашган мамлакатлар қаторига киради.

Мутахассисларнинг прогнозига кўра, 2030 йилга келиб, Ўзбекистоннинг шаҳар аҳолиси 36 миллионга (ёки ҳозирги кунга нисбатан 19 миллионга кўп) етиши мумкин. Тошкент шаҳри аҳолиси сони эса 12,125 миллион, бошқа шаҳарлар аҳолиси эса 23,94 миллион кишига етади. Бу эса мамлакатда бугун мавжуд бўлган уй-жой етишмовчилиги муаммосини кескинлаштиради. Боз устига мамлакатдаги мавжуд бўлган аксарияти совет даврида қурилган уй-жойлар, бинолар “хавфсизлик ва  сифат  жиҳатдан юқори стандартларга жавоб бермайди. Бу эса аҳолининг янги-уй жойлар сотиб олишга бўлган эҳтиёжини янада оширади.

 “Аҳолини уй-жой билан таъминлашдаги энг муҳим жиҳатлардан бири бу – совет даврига хос бўлган барчага бир хил шаклдаги дизайн ва технология эмас, балки аҳолининг имконият ва эҳтиёжларига мос равишда қурилган турар жойлар билан таъминлашдир. Бунда халқнинг асрлар давомида шаклланган ўзига хос ижтимоий ва маданий турмуш тарзи ҳам ҳисобга олиниши зарур. Янги қурилажак уйлар, асосийси, қулай, сифатли ва чўнтакбоп бўлиши зарур”, — дейди экспертлар.

Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг ривожланган мамлакатлар қаторига киришига кўмаклашувчи қатор сиёсатлар олиб борди. Ўтган йилнинг ўзида президент ўнлаб эркин иқтисодий зоналар ва кўплаб саноат ҳудудларини ташкил этишга, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликка тўсқинлик қилишни бартараф этишга қаратилган бир қатор дастурлар қабул қилди. Селлман ва Старрнинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг қишлоқ жойларда турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлари, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳатлар, мамлакатда урбанизация жараёнларини аҳолининг эҳтиёжини ҳисобга олиб, унинг ҳимоясини янада кучайтиради. Мутахассисларнинг фикрича, ислоҳатлар ана шу суратда олиб борилса, мамлакат шубҳасиз яқин ўн йилликда тараққиётнинг юқори натижаларига эришади.

Ойдин Садуллаева тайёрлади

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.