АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмнинг Хоразмга ташрифи 

0
327
марта кўрилган.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Хоразм вилояти ҳокими Фарход Эрманов билан учрашди. Вилоят ҳокими элчи жанобларига Хоразм вилоятининг бой ва бетакрор тарихи, мавжуд иқтисодий салоҳияти, ташқи савдо айланмаси, саноати, транспорт инфратузилмаси, туризм, қишлоқ хўжалиги,   хорижий инвестиция, ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳалари билан таништириб, Хоразм замини дунё илм – фани тараққиётида ўз ўрнига эга бўлган Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Замахшарий каби кўплаб буюк олим ва мутафаккирлар юрти эканини айтиб ўтди. 

Учрашув давомида вилояти ҳокими томонидан Америка компанияларининг электротехника, машинасозлик, фармацевтика, кимёсаноат ва бошқа шу каби соҳалардаги тажрибасини юқори баҳолаган ҳолда, Америкалик ҳамкорларга ушбу йўналишлардаги лойиҳаларга хорижий инвестициялар жалб қилиш, Хоразмдаги Олий ўқув юртлари ва Американинг етакчи Олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, Американинг туризм соҳасидаги бой тажрибаси ёрдамида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан Хоразм вилоятида Америкадаги таниқли меҳмонхоналар тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

– Мен Хоразм вилоятига биринчи маротаба келишим ва бундан жуда хурсандман. Хоразм воҳаси хақида кўп эшитганман, ўзига хос маданияти, анъаналари, санъати, бой тарихига ва жаҳон фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк мутафаккирларига эгалигини биламан. Ҳоким жаноблари ҳамкорликда ишлаш юзасидан бир қанча таклифларни билдирдилар, хусусан, Ўзбекистон ва Америка давлатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги ҳамкорлик вилоятнинг иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Биз бу таклифни кўриб чиқамиз. Америкалик инвесторларга ҳамма маълумотларни етказишда қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз ва уларни рағбатлантирамиз. Бундан ташқари, бизда ҳукумат дастурлари бор хусусан, USAID орқали бу йўналишлардаги ҳамкорликлар учун грантлар ажратиш, техник кўмак кўрсатишда барча имкониятларни қўллаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим соҳасида олиб бораётган ислоҳотларини АҚШ қўллаб-қувватлайди ва шу йўналишда ўқитувчиларни малакасини оширишга, ўқув дастурларини мукаммалаштиришга ёрдам беради» – деб таъкидлади Дэниел Розенблюм/

Расмий доирадаги учрашувдан сўнг меҳмонлар  Ўзбекистондаги энг йирик масжидлардан бири бўлган Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидига ташриф буюришди.  

Умумий майдони уч ярим гектарни эгаллаган масжид мажмуасида намозхонлар учун зарур бўлган барча шарт–шароитлар яратилган, уч ярим минг кишига мўлжалланган ёзги айвон, қабулхона ва автотураргоҳ ташкил қилинган. Масжид чорбурчак шаклида бўлиб, унинг қишки намозхонаси тепасида маҳобатли гумбаз, унинг ёнида баландлиги қирқ беш метр бўлган минора ҳам бор. Жаноб Дэниел Розенблюм «Охун бобо» жоме масжидига ташрифи давомида халқнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, эътиқод ва виждон эркинлиги борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шу куни Хива тумани ҳокими Сабир Жуманиязов ўртасида расмий доирадаги учрашув бўлиб ўтди.  Хива шаҳри ҳокими вилоятнинг туризм салоҳиятига тўхталди. Хорижий сайёҳларнинг аксариятини европаликлар (73,0%) ва шарқий осиёликлар (18,0%) ташкил қилишини таъкидлади. Шунингдек, Америка Қўшма Штатларидан вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан йилга ортиб бораётгани, жумладан 2017 йилда 1300, 2018 йилда 2400,  2019 йилнинг 9 ойида 6900 дан ортиқ америкалик сайёҳлар ташриф буюришгани ва ушбу кўрсаткич йил якунига қадар 7500 дан ортиши кутилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган кўпгина имтиёз ва преференциялар ҳақида ахборотлар берилди.

Жаноб Дэниел Розенблюм Хоразмда туризм ва саноатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳамияти катта эканлигини ва бу борада эндиликда АҚШ элчихонаси ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашувдан сўнг мартабали меҳмонлар “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасига ташриф буюришди. Давлат музей қўриқхонасидаги тарихий обидалар, яъни Ота Дарвоза, Калта Минор, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Кўхна Арк, Сайид Аловуддин мақбараси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, Тошҳовли ва Хон харами каби ёдгорликларнинг тарихи билан яқиндан танишди.

Америка Қўшма Штатлари маданий мерос дастури бўйича “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасига Тошҳовли саройини таъмирлаш ва маданий мерос объектини қайта реконструкция қилиш мақсадида 150 минг долларлик АҚШ давлат гранти ажратган эди. Шунинг учун меҳмон Тошҳовлини алоҳида кўздан кечирди. Ва Хива шаҳридаги «Нуруллабой» туристик мажмуаси бўйлаб саёҳат қилди.

Жаноб Дэниел Розенблюм ташрифининг иккинчи куни Хоразм Маъмун академиясига ташриф буюрди. Академиянинг тарихи, ҳозирги вақтда олиб борилаётган илмий тадқиқотлари ва келажакдаги режалари билан танишди. “Хоразм тарихи ва маданияти” доимий экспозициясини томоша қилди.

Элчи Хоразм вилоятига ташрифи доирасида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолияти билан яқиндан танишди, амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар хусусида марказнинг масъул ходимлари билан суҳбатлашди. 

Шунингдек элчи, марказнинг миллий ҳунармандчилик ўқув курси асосида ташкил этилган “Урганч миллий тикувчилик” оилавий корхонасида бўлиб, имконияти чекланган аёлларни иш билан таъминланиш борасидаги фаолияти билан танишди.

Мулоқот давомида элчи АҚШ элчихонаси томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича ажратиладиган грант маблағлари, айниқса, имконияти чекланган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларда қатнашиш хусусида ўз тавсияларини берди. 

Хоразмдаги Олий ўқув юртлари ва Американинг етакчи Олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувни йўлга қўйиш мақсадида Урганч давлат университети ректор ва ўқитувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича музокаралар олиб борилди. Инглиз тили фани ўқитувчиларининг  методикаси билан танишди. «Умуман таълим соҳасида ҳамкорлигимиздан жуда мамнунман. Бу дастур Ўзбекистон ҳукумати томонидан тизимли такомиллаштиришга қаратилган саъй ҳаракатлар далилидир» — деб таъкидлади Дэниел Розенблюм.

Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.