БМТ шафелигида Оролбўйи аҳолисига кўмаклашувчи фонд тақдимоти

0
569
марта кўрилган.

 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон          хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолият юрита бошлаганига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, дея хабар беради АҚШдаги Ўзбекистон Элчихонасининг uzbekistan.org сайтида.

Орол денгизининг суви қуриб бораётгани бугунги даврнинг  экологик фожеаси бўлиб, Оролбўйи минтақаси аҳолисининг ҳаётига, турмуш тарзига салбий таъсир этмоқда. БМТ шафелигида  ташкил этилган фонд маҳаллий аҳолининг кўпгина қийинчиликларини енгиллаштиришга кўмаклашиш мақсадларини кўзлайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш тақдимотда Орол инқирози натижасида азият чеккан аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлашга асосланган фонд фаолияти ҳамкорлик асосида минтақа тараққиётига муносиб ҳисса қўшишини таъкидлади. Шунингдек траст фонд  Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун аллақачон янги иш ўринлари яратганини, ушбу иш ўринларига қабул қилинганларнинг қирқ беш фойизи аёллар эканлигини гапириб ўтди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2017 йил июнь ойида Оролбўйи минтақасида фожеа асоратларини ўз кўзи билан кўрганлигини гапирди. Қачонлардир жаҳондаги энг катта кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизининг қуриши дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири бўлиб, минтақадаги ҳукуматлар, ҳамжамиятлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий, тиббий ва гуманитар муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолиятини, саъй-ҳаракатларини моддий қўллаб-қувватлашга даъват қилди. Бу фонд фаолияти дунёнинг бошқа минтақаларидаги ана шундай экологик муаммоларни ҳал этишда тажриба бўлишини таъкидлади.

Фонд тақдимотида сўзга чиққан, мамлакатимиздан борган гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сухроб Холмуродов шундай деди: “Орол аввалги ҳолига қайтиши қийин,  бироқ экологик фожеа туфайли аҳолини қийнаётган муаммоларни ечишга, табиатини,  флора ва фаунасини асраб қолишга интилаяпмиз. Шунингдек, у бу ҳудудда балиқнинг бебаҳо турлари, оққуш, оқ бургут, товус каби камёб жониворлар йўқолиб кетаяпти. Қачонлардир овчилик тараққий этган сув бўйидаги тўқайлар ўрнида бугун майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган қум-туз чўли юзага келди, бу ерда қум ва туз бўронлари авж олмоқда ва улар ҳар йили бир неча минг километр масофагача тонналаб қум ва заҳарли тузларни атмосферага тарқатмоқда. Экологик фожеа инсонларнинг ҳаётига таҳдид солаяпти, врачларнинг таъкидлашишича, рак касаллигининг баъзи турлари ва кўз касалликлари ортиб бораяпти.

 Орол фожеасининг таҳдидли таъсири бутун дунёда кузатилмоқда. Халқаро экспертларни таъкидлашича, Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилган ”.  

Шунингдек, Сухроб Холмуродов Ўзбекистон ҳукумати томонидан атроф муҳитни асрашга  оид 30 та қонун, 150 та меёрий- ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, 2017-2021 йилларга Ҳаракат стратегияси доирасида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича ҳам қатор дастурлар амалга оширилаётганлигини,  аҳолининг саломатлигини асраш, уларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида иш ўринлари,  соғлом турмуш тарзига мос шарт-шароитлар яратилаётганини гапирди.

 Дарҳақиқат, охирги 50 йил мобайнида Амударё ва Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган сув миқдори беш карра қисқарди, денгиз ҳажми эса 14 маротабага кичрайди. Денгиздаги сувнинг шўрланиш даражаси 25 маротабага ошди ва жаҳон океанларининг минераллашув даражасидан анчагина ошиб кетди.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари бу муаммо халқаро миқёсга эга бўлиб бораётганлигини таъкидлаб, Марказий Осий мамлакатлари – Қозоқистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистондан иборат “Оролни қутқариш” халқаро фонди 1993 йилдан буён  фаолият олиб бораётганини гапирди. Шунингдек, 2015 сентябрдаги БМТ Саммитида БМТ шафелигида  Орол денгизи ва Орол бўйи минтақалари муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашгувчи Траст фондининг ташкил этиш лозимлиги ҳақидаги Ўзбекистон ташаббусни қўллаб қувватлагани учун Антониу Гутерришга миннатдорлик билдирди.  

Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига йилига 2 миллион доллар ажратишини билдирди.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.