Ҳар икки давлат таълим тизимида  ўзига яраша ютуқ ва камчиликлар бор,– дейди АҚШда хусусий боғча очган ўзбек ўқитувчиси

0
611
марта кўрилган.

АҚШнинг Виржиния штатида икки хусусий боғча очган Наргиза Курязова асли Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан.  Наргизанинг АҚШга келиб қолиши сабаблари, бу мамлакатдаги муаллимлик фаолияти, хусусий боғча очиш жараёнлари, ҳар икки давлат таълим тизимидаги фарқлар, ютуқ ва камчиликлар ҳақида суҳбатлашдик.

 Наргиза, келинг, дастлаб ўзингиз ҳақингизда суҳбатлашсак. Ўзбекистонда қаерларда ўқигансиз ва фаолият юритгансиз?

Мен Хоразм вилояти Гурлан туманидаги Мусиқа мактабида фортопиано йўналишида ўқиганман.  Мусиқа мактабини битиргач, мусиқа ўқитувчиси дипломи  билан туманимиздаги ўрта мактабда икки йил мусиқадан сабоқ бердим.  Сўнг олий маълумот олиш мақсадида Урганч Давлат университетининг Роман-герман филологияси факультетига ўқишга кирдим. Инглиз тили гуруҳида таҳсил олдим.  Университетни тугатгач, яна ўқитувчилик фаолиятимни давом эттирдим. Бу сафар энди инглиз тили ўқитувчиси сифатида мактабда дарс бердим.

Демак, АҚШда ҳам аслида ўз касбингизни давом эттираётган экансизда?!

Ҳа, шундай.

АҚШга қачон ва қандай сабабларга кўра келгансиз?

АҚШда бир умр қолиб кетишим аслида тақдир бўлса керак. Мен ҳеч қачон буни ҳаёлимга келтирмаган эдим. Мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб юрган кезларимда, онам қаттиқ бетоб бўлиб қолдилар. Оиладаги тўнғич фарзанд сифатида албатта, ўзига яраша масъулиятларим бор. Укам билан биргаликда онамни даволатгани  Россияга олиб кетдик. Онамни даволатиш узоқ вақт давом этди. Шу сабабли Россияда анча қолиб кетдик. Шу ерда АҚШдан меҳнат сафари билан келган бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим. Муносабатларимиз жиддий тус олиб, оила қурдик. Бир оз вақт ўтиб, мен турмуш ўртоғим билан АҚШга, онам ва укам эса  Ўзбекистонга қайтишди. Тўғрисини айтсам, аввалига АҚШга боргим келмади. Турмуш ўртоғим 20-30 йиллардан бери АҚШда истиқомат қилаётган ўзбек оилалардан бўлиб, касби иқтисодчи, давлат тизимида ишлайди. Буларнинг барчаси эса менга ҳам бир умр шу ерда қолиб кетиш дегани эди. Оиламни, ватанимни ташлаб, бир умрга янги юртларга кўчиб кетиш фикри мени аввалига чўчитди. Лекин вақт ўтиши билан ўзга юртга ҳам мослашдим. Дўстлар орттирдим. Билимим чуқурлашди. Мана ўн йилдирки шу ерда истиқомат қиляпман.  Ўзбекистонга ҳам тез-тез бориб тураман.

АҚШдаги фаолиятингизни қандай бошладингиз?

АҚШда мактабгача ва мактаб муассасаларида ишлаш учун педогогик дипломдан ташқари яна Биринчи ёрдам, Санитария-гигиена ва яна бошқа соҳалар бўйича сертификатларга эга бўлиш керак. Ана шу курсларда ўқиб олгач, бошланғич мактабда ўқитувчи сифатида ишга жойлашдим. Лекин мен фаолият юритаётган мактаб уйимизга узоқ эди. Мактабда икки йил ишлаганимдан сўнг,  ишга қатнаш қийинчилик туғдирётгани сабабли турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб,  хусусий боғча очишга келишдик. Аввалига “эплай оламанми” деган ўй билан қўрқдим, иккиландим. Лекин умр йўлдошимнинг ҳам моддий, ҳам руҳан қўллаб-қувватлашлари  туфайли ўзимда куч ва журъат топдим.

Мана ҳозир икки нафар фарзандим ҳам ўзимизнинг боғчага келади. Мендек болали она учун  бу жуда қулай бўлиб, уйдан узоқлашмаган ҳолда ҳам тадбиркорлик фаолиятимни юритаман, ҳам фарзандларим  доимо ёнимда.

АҚШда хусусий боғча очиш ва унга болаларни жалб қилиш жараёнида қийналмадингизми?

Аввалига, 2014 йилда уйда кичик боғча очдик. Бу мамлакатнинг қонун-қоидалари бўйича  уйда хусусий боғча ташкил этсангиз, тўлиқ  кун ҳисобида узоғи билан ўн икки нафаргача бола олишингиз мумкин. Албатта, бола парвариши учун зарур шарт-шароитларни яратиб қўйиш лозим бўлади. Аввало меъёр ва қонун қоидаларни чуқур ўрганиб, уларга амал қилган ҳолда уйда кичик боғча очиб олдик. Иш бошлаганимда осон бўлмади. Юртимизда “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма” деган  матал бор. Бу ерда ҳам халқ жуда эҳтиёткор, шунинг учун боғчамизга бирданига мижозлар “ёпирилиб келди” дея олмайман. Очиғи, аввалига 5-6 ойгача фақатгина 2-3 нафар болага қарадим. Бир оз ишлаб, ота-оналарнинг эрталаб бизга қолдирган “омонат”ини  кун давомида “оқ ювиб, оқ тараб”, кечқурун яна ўзларига соғ-саломат топширганимиздан сўнг, аста-секин мижозлар ҳам кўпайди.

Албатта юртимда олган таълим соҳасидаги кўникмаларим, тажрибам асқотди. Ишончни оқласангиз, мижоз мижозни етаклаб келар экан. Тезда боғча таркиби тўлиқ 12 болага етди. Вақт ўтиши билан талабгор кўпайди, боғчамизга рўйхат бўйича  навбатга турувчилар сони ҳам ошди. Шундан сўнг, яқинда уйимизга яқинроқ жойда боғчамизнинг филиалини очдик.  Янги очилган болалар масканимизда қирқ нафар  бола таълим — тарбия олмоқда.

Боғчангиз қайси тилга ихтисослашган?

“Фея” хусусий боғчамизнинг бири 3 ойдан 5 ёшгача, яна бири 2,5 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Ҳар иккаласи рус ва инглиз тилига ихтисослашган. АҚШда рус тилига эҳтиёж бор. Талабга яраша таклиф деганларидай, боғчамизни ҳам ана шу талабга мослаб ташкил этганмиз. Боғчага фарзандини берганлар ҳам, ўқитувчи ва тарбиячиларимиз ҳам асосан МДҲ таркибидаги давлатлардан келган кишилардир. Орасида юртдошларимиз ҳам бор.

Ўзингизга маълум, МДҲ давлатларида рус тили умумий мулоқот тили саналади. Ота-оналар ўз фарзандлари рус тилини унутиб юбормасликлари, ёки эрта-бир кун юртларига қайтиб борганларида рус тилида бемалол мулоқот қила олишлари учун ҳам кичкинтойларини айнан бизнинг боғчага олиб келадилар. Тўрт ёшгача бўлган болаларга фақат рус тилида дарс ўтамиз, рус тилида мулоқот қиламиз. Ундан катталарига эса инглиз тилида дарслар ўта бошлаймиз. Боғчамизда инглиз тили, расм, мусиқа, рақс каби дарс ва машғулотлар бор.

– Рақс машғулотларида ўзбек миллий рақслари ҳам ўргатиладими?

Ҳозирча йўқ. Лекин бу ҳақида ўзим ҳам ўйлаб юрибман. Рақс дарси машғулотларида катта гуруҳ болаларига бирон ўзбек мусиқа ёки қўшиғига рақсга тушишни ўргатиш мумкин.

– Ўзбекистонда ҳамда АҚШда педагог сифатида фаолият юритган мутахассис нуқтаи назаридан ҳар икки давлат таълим муассасаларидаги ўхшашликлар ва фарқлар ҳақида нима дея оласиз? Ҳар икки мамлакатнинг таълим тизимида сизга маъқул келган ва келмаган қандай жиҳатлар бор?

Ўхшаш жиҳатлари шундаки, ҳар икки мамлакат таълим муассасаларида энг аввало болалар хавфсизлигига, саломатлигига биринчи ўринда аҳамият берилади.

Фарқлари эса  — Ўзбекистонда таълим-тарбия бериш бир оз қаттиққўлликка асосланган ҳолда олиб борилади. Болалар маълум бир тартиб-қоида, интизомга қатъий бўйсундирилган асносида вояга етказилади.

АҚШда эса кўпгина таълим муассасаларида Монтессори методида ишлайдилар. Монтессори методида асосан биринчи ўринда ўқувчини қобилиятларини кашф этиш, имкониятларини шакллантириш, эркин фаолият юритиш, мустақил қарор чиқариш, умуман шахс сифатида ривожлантириш мақсади ётади. Бу методда болаларга таълим бериш эса энг аввало уларга ҳар томонлама эркинлик беришдан бошланади. АҚШда, масалан, бола боғчада ухлагиси келмаяптими ёки таомни егиси келмаяптими, мактабда бола маълум бир кийимни кийгиси келмаяптими, уни ҳеч қачон мажбурламайдилар.

Дарс жараёнлари мисолида айтсак, масалан расм дарсида мавзу дарахт чизиш бўлса, Ўзбекистонда ўқитувчилар аввало дарахтни ўзлари чизиб бериб, намуна кўрсатадилар, АҚШда эса аксинча дархт чизишни болани ўзига буткул ташлайдилар, бола дарахтни қандай тасаввур этса шундай чизишига йўл қўйиб берадилар. Ўқитувчининг намуна кўрсатиб бериши, уларнинг наздида, ўқувчига ўз фикрини, таъсирини ўтказиш, уни тасаввурини ўзининг тасаввурига мослаштириш ҳисобланади. Улар болаларни ўз тассавури мисолида чизишга ундайдилар.

Мен Монтессори йўналишининг ҳамма жиҳатларига ҳам қўшилмайман. Фикримча, болани тартиб-интизомга солиб туриш, йўл-йўриқ кўрсатиб туриш зарур.  Масалан олайлик, боғчамизда бир яшар болалар ҳам бор, улардан қандай қилиб ўз тасаввурингга таянган ҳолда дарахт чизиб бер, дейишингиз мумкин?

Ўзбекистонда таълим муассаларида маъқул келмайдиган жиҳатлари эса шундаки, ўқитувчилар болаларни ўқитишда янги-янги қизиқарли ва самарали методлардан фойдаланишга кўпам интилавермайдилар, аниқроқ айтса, таълим жараёнига янгиликлар киритишдан қочадилар, ўзлари билган эски тартибда ишлайверишни маъқул кўрадилар. Шу нуқтаи назардан айтганда, ҳар икки давлатнинг таълим тизимида ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор, назаримда.

Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.

– Мен ҳам сиз билан танишганимдан хурсандман. Йўқлаб келганингиздан бошим осмонга етди.

Ойдин САДУЛЛАЕВА суҳбатлашди

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.