Ҳиндистон Тибети

0
302
марта кўрилган.

Саёҳат очерки

 

Ҳиндистон тибети дея ном олган Ҳимолай тоғлари аввало тибетликларнинг сир-синоатли ҳаёти, ўзига хос табиати, тиббиёти, турмуш тарзи ва Ҳиндистондаги Ҳимолай тоғлари нега Ҳиндистон тибети деб аталаётгани, укам Шарифбойнинг у ерга боришни орзу қилиб, ета олмай армон билан фоний дунёни тарк этгани туфайли у ерга интилдим… Шунингдек, тибетлтикларнинг ўзига хос халқона малҳамлари борлиги ва улар машҳурлиги, уларнинг узоқ яшаш сирлари ҳақида кўплаб хорижликларнинг қизиқарли эсдалик китоблари мавжудлиги, уни қисман бир пайтлар “Соғлом авлод” газетамиз саҳифаларида ҳам берганлигимиз мени у ерга чорлади. Қолаверса, юртимизнинг буюк фарзанди, аллома Бобирнинг “Юртим қўйиб Ҳинд сари юзландим, Не юз қаролик бўлди”, деган сатрлари бир қизиқишимга ўн қизиқиш орттирди.

Панжоб вилоятининг маркази Амрисар аэропортидан чиқиб, биз беш дугона японларнинг тойота машинасида йўлга тушдик. Тибетга олти соатлик йўл экан, чор – атрофнинг гўзаллигидан баҳра олиб, ўзига хосликни кузатиб кетиш ҳам мароқли эди. Йўл чеккаларидаги ибодатхоналар ҳам дўконлар ҳам ҳатто ғиз-ғиз ўтаётган машиналар ҳам ранг-баранг ёрқин ранглар билан безатилган. Бу халқнинг ёрқин рангларни хуш кўриши яққол сезилиб турарди. Фақат бир нарса бизнинг мамлакатга уйғунлигини сездим. Йўл чеккасидаги дарахтлар худди биздагидек оҳакланган эди. Бизнинг мамлакатимизда дарахтлар оппоқ оҳакка ярим метр бўялади. У гўзаллик бахш этиш билан бирга дарахтни қут-қумурисқадан асрайди деб тушинтиришар эди. Бу ерда ҳам дарахтлар оппоқ оҳакка оҳакланган. Уларда шакли шамоили бироз бошқачароқ бўлиб, ўсимликнинг танаси ердан ўттиз саниметр қолдирилиб ундан кейин бўялган ва яна шунча қолдирилиб яна оҳакланган бўлиб, у ҳам ўзига хос гўзаллик бахш этиб турарди. Йўллари жуда равон, машина қилт этмайди. Ҳайдовчи йўл-йўлакай махсус масканларда тўхтаб, йўл пулини тўлаб кетяпти. Дилбаржон уни кўриб “йўл пули олинишига арзир экан. Бу йўлларда машина ҳайдагинг келади” деб ҳаваси келди. Йўлнинг икки чеккасидаги буғдойзор-у шолизорларни, полизларни кузатар эканмиз, далада ишлаб юрган деҳқонни учратмаймиз.

– Тупроғи жуда зўр ҳосилдор ерлар экан, шунинг учун майдонлар кўп меҳнат талаб қилинмаса керак-дейди Дилбаржон.

– Бу халқни Оллоҳ шу томондан ёрлиқоган. Ҳиндистонликларнинг аксарияти суғориш деган сўзни тушинишмайди. Экиб ташласа бўлди. Табиатнинг ўзи суғориб, ўзи ундиради. – унга жавоб қилади қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Турон академияси академиги Дилором Ёрматова.

– Биздаги лалмикан ерлардек эканда гапга аралашаман.

– Биздаги лалмикор ерлардан кўп ҳосил ола олмаймиз. Чунки ёғингарчилик кам. Бу ерда намгарчилик кўп, ҳосил ҳам шунга яраша,-дейди Дилором опа.

– Бу борада Россияга ўхшар экан. Улар ҳам экиб ташлашади. Суғориш нималигини билишмайди. Ҳамма меҳнат Хоразмда, қиши билан экинзор тупроғининг шўрини ювишади. Баҳорда ўтоқ ўташади, чеканка қилишади, ёзда эса суғориш ташвиши қўшилади. – дейди шеригим Дилбаржон.

Инсон бирор жойга борса албатта беихтиёр ўзининг қадрдон юрти билан таққослайди. Шунда ўз халқининг сабр-тоқатли, ташаббускор, меҳнаткаш эканлигини яна бир бора англайди.

Йўлларнинг икки чеккасидаги мўъжазгина ибодатхоналар, мамлакатимиздаги соябонли бекатларга ўхшаб кетади. Фақат улар жуда ёрқин ранглар билан безатилган. Ҳатто, шарқираб оқаётган сойлар ўртасидаги баланд тошлар устида ҳам маъбудларини ясаб безатиб қўйишибди.

– Бизда ҳамма нарса инсон учун, бу ерда ҳамма нарса маъбудлар учун эканда,-дейди беихтиёр суҳбатдошларимдан бири.

Бу суҳбатларни тинглар эканман, жаҳон кезиш, турли халқлар билан, уларнинг турмуш тарзи билан танишиш, инсоннинг дунёқарашини ўстиришга ўз юртининг қадрини янада чуқурроқ англашини ҳис этаман.

Ҳимолай тоғларига кўтарилган сари баланд-баланд арчаларнинг ва турли хил гулларнинг хушбўй ифори дилни яйратади. Оллоҳ бу ерни жуда қадрлаб тўрт фаслда ям-яшилликни насиб айлаган, гўзаллик бағшида қилган экан. Аэропортда биз Тибетга борамиз деб йўналиш олдик. Аслида Тибет Ҳитой давлатида бўлиб, бу ерлар Ҳимолой тоғларидир. Ҳиндистон Тибети деб аталишига сабаб у ерда чин мамлакатидан кўчиб келган муҳожир тибетликлар яшайди.

 

Далай-лама

Лама сўзи тибетча бўлиб “энг улуғ” маъносини англатади. Ламаизм Хитой Тибетида 8-асрда вужудга келган. Ламалар буддавийларнинг барча ақидаларини қабул қилганлар. Улар айни кунда кўпчилиги Хитойда, Ҳиндистонда ва Непалда яшашади. Тибетда аввал олий илмий даража олган ва устоз бўлишга ҳақли роҳиблар ламалар деб аталган. Бугунги кунда эса Тибетда ва ламаизм тарқалган бошқа мамлакатларда роҳиблик аҳдини қабул қилган ҳар қандай шахс лама дейилади.

Далай лама эса мўғулча бўлиб энг улуғ маъносини англатади. Тибетда Далай-лама роҳиблар бошлиғининг унвонидир. У 1391 йили жорий этилган. Биринчи Далай-лама ривоятларга кўра 1351 йили туғилган. Ламаизмга кўра Далай-лама тирик худо деб улуғланади. У вафот этганда, ламалардан тузилган махсус олий ҳайъат янги туғилган тибетлик чақолоқлар орасидан илоҳий моҳиятга эга гўдакни қидириб топади. У ибодатхонага жойлаштирилиб махсус тарбияланади. Ҳозир 14–Далай лама Тэнзин Гятсодир. У Хитойнинг Тибетида 1935 йили туғилган. 1940 йил Далай-Лама тахтига ўтқазиш маросими бўлган. У мантиқ, тибет санъати, будда фалсафаси, шеърият, мусиқа, драма маданияти, мунажжимлик, нотиқлик илмини ўрганган. У 24 ёшида илоҳиёт доктори даражасини олган. Тибет миллий уюшмаси 1956 йили фавқулода сессиясида диний ва дунёвий ҳокимиятни тўлалигича эгаллашни сўраб, Гиятсога мурожаат қилади. Шу пайтгача у Хитой республикасидаги Тибет автоном райони эди. 1950 йил Хитой армияси Тибетга кириб келиб уни ўзининг таркибига расмий равишда қўшиб олганди. Хитой армияси бўлинмалари ва Тибетдаги маҳаллий аҳоли ўртасида қуролли тўқнашув бўлганида Гиятсо қон тўкилишини олдини олиш учун юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлади. У Ҳиндистон раҳбари Махатми Гандидан бошпана сўрайди. Уларга Ҳимолайнинг баланд тоғлари орасидан тибетликлар яшаётган жойлардан маскан ажратишади. Аслида азалдан ҳам, масалан, Британия армияси кириб келганида ҳам бу ерда тибетликлар яшаган. Ушбу тибетликларнинг марказий шаҳри Дҳарамсала. 14–Далай лама Тэнзин Гятсо ҳозир ҳам шу ерда яшайди. У қувғиндаги Тибет ҳукуматининг бошлиғи ҳисобланади. У ўнлаб китоблар ёзган. У ўз китобларида Тибет маданиятини, буддизмни, зўрлик ишлатмасликни, тинчликни, атроф-муҳитни ифлослантирмасликни тарғиб қилади. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари учун 1989 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган. Бу ерда тибетликлар уюшмасининг йиғилиши мунтазам ўтказилиб турилади. Зеро, тибетликлар уюшмаси ҳам шу ерда жойлашган экан.

Дунё аҳли орасида тибетликлар Шамбула (ўзга дунё ва ўлчамга ўтувчи дарвоза)ни билишади деган ривояту-ҳақиқатлар юради. Уфологларнинг айтишича, Гитлер билан Сталин ким ўзарга Тибетга ўз махфий экспедицияларини жўнатиб уни излашган деган версиялар ҳам бор.

Дхарамсала

У Ҳиндистон Тибетининг маркази. Бу ерда Тибетлик ламаларнинг қароргоҳи, музейи ва ибодатхонаси мавжуд, Музей олдида “Озодлик монументи” ўрнатилган. У жуда ўзига хос тарзда ишланган бўлиб, марказида Далай Лама акс этган. Атрофида ердан чиққан кўплаб қўллар кўкка, озодликка интилмоқда.

Ибодатхонасининг марказида эса баҳайбат маъбуд акс эттирилган бўлиб, зарҳал ранглар билан ишланган. Умуман ибодатхонада турли хил жонивору паррандалар тимсоллари кўп бўлиб, улар ҳам зарҳал рангларда товланиб туради. Эшиги тагида қўнғироқчалар қўйилган, кирувчилар уни чалиб, гўзал оҳангларни таратиб ўтишади. У ерга барча мазҳаб, миллат вакиллари кириб томошо қилиши мумкин. Тоғлар орасидаги бу мўъжазгина шаҳарга етиб келганимизда, қуёш чиқиб чарақлаб турган эди. Ўша куни уларнинг байрами экан. Кўчалар жуда гавжум бу ерда турли хил мазхабдаги турли хил миллат вакилларини учратиш мумкин. Бор-йўғи кичкинагина учта кўчаси бор, бироқ унда ўнлаб меҳмонхоналар қурилган. Бу ерда муқим турувчиларлан кўра сайёҳлар кўп. Биз тушган”Сапфир” меҳмонхонасига кўчадан бир йўласига бешинчи қаватига кирилар экан… Бизда кўчадан биринчи қаватга кирилиб сўнгра тепага кўтарилса, тибетликларда, аксинча қаватлар пастга қараб йўналган. Чунки, барча бинолар тоғ ён бағрилаб қурилганда. Меҳмонхонанинг айвони ва деразалари ўрмон томонга қараб очилади. Тонг билан турфа қушларнинг сайрақи товуши хушкайфият бағшида этиб уйғотади. Ҳавонинг мусаффолигидан, ранг-баранг қушларнинг гўзаллигидан дил яйрайди. Биз учун қизиқ бўлган маймунлар, олмахонлар дархтлардан дарахтларга сакраб томоша кўрсатади. Тепадаги булутларга гўё қўл чўзсангиз етадиганлек. Табиатнинг гўзаллигини томоша қилиб тибетликларнинг узоқ умр кўришларининг сабабини тушиниш қийин эмас. Бу ерда инсонга жонли табиат билан мулоқат етарли эди. Беихтиёр Шарқ алламоси Ибн Синонинг агар ҳавода чанг бўлмаганида эди, инсон минг йил умр кўрарди деган, сўзлари хаёлингиздан кечади. Тибетликларнинг одатлари, яшаш тарзи ўзига хос экан. Уларнинг аёлу эркаклари бир хил қизил матодан бўлган рўдапога ўраниб юришади. Эркаку аёлининг сочлари тап-тақир олинган. Биз эсдаликка улар билан суратга ҳам тушдик. Айтишларича, улар уйларининг томини ҳам қизил шифер билан бостиришар экан. Уй қурилишига ҳам асосан табиий нарсаларни-ёғоч, ғишт, гранит ишлатишар экан. Бу ердаги ўзига хосликни, гўзал табиатни кўриб дунё ташвишларини унитишингиз табиий. Ҳимолай тоғлари Оллоҳ ёрлиқаган тоғлар экан. Тоғлар бағрида ўзлаштирилган обод қишлоқлар кўп бўлиб, ўрмонлар қучоғида тургандек туюлади. Бу ерда ҳам сигирлар бемалол юрибди. Биров уларни пўшт демайди. Хосиятхон ҳазллашади: – Раънохон, сигирхоним билан ҳўкизбой келяпти йўл беринг – дейди ва яна қўшимча қилади. – Қаранг, улар жуда сокин-осойишта юрибдики, дўстона муносабатни ҳайвон ҳам сезади. Уларнинг орасида жангариси кўринмайди. Одамлар томонидан бўлган дўстона муносабат туфайли бўлса керак биз томонлардаги боғлаб боқиладиган моллардан осойишта, эркин ва беозор юришлари билан ажралиб туради.

“Унинг гапларига қўшиламан, ана шундай беозор табиий муҳит нафақат ҳайвонот оламини балки, инсоннинг руҳиятинини ҳам мустаҳкамлайди. Руҳиятига шикаст етмаган кишининг узоқ умр кўриши табиий. Ҳолбуки, Шарқ алломаси Фаробий ҳам руҳ билан тан уйғунлиги, саломатлик, тинчлик гарови эканлигини таъкидлаган дейман унга

Тибет тиббиёти

Тибетлик ламалар беморнинг пешобини, тили ва кўзларини кузатиб, томирни ушлаб кўриб ташҳис қўйишаётганини гувоҳи бўлдик. Бизнинг халқимизда ҳам “ранг кўр ҳол сўр” деган ибора мавжуд. Ибн Сино “Тиб қонуни”асарида хилтларга алоҳида эътибор берганидек, Тибет тиббиётида ҳам хилтларга алоҳида эътибор берилар экан. Тибет тиббиётида ташҳис қўйишнинг асоси – ел, сафро, балғам. Бизнинг алломамиз тиббиётида бундай хилтлар тўрт эканлиги таъкидланади: қон, балғам, сафро, савдо. Мижозлар ҳақидаги таълимот уларда ҳам бор, бизда ҳам бор. Уларни қиёслаймиз десак уйғун жиҳатлар кўп. Уларнинг ибодатхоналарига кирсангиз қандайдир бир ўсимликни тутатиб қўйишганининг гувоҳи бўласиз. Албатта, бу антиксептик хусусиятга эга бўлган гиёҳ. Бизда ҳам исириқни кўп дардга малҳам сифатида ишлатади, тутатади. Шунингдек, унинг уруғи, илдизи баъзи касалликларда малҳамлиги ёзилади. Энг асосийси одам қадами етмаган, инсон товуши бормаган жойлардан йиғилган гиёҳнинг шифоси катталиги таъкидланади. Бироқ бугунги кунда одам қадами етмайдиган жойлардан гиёҳларни йиғиш мушкил. Тибетда эса ана шу имконият ҳозирча мавжуд. Шунингдек, у малҳамлар табиий бўлиб, кимёвий ишловлардан йироқда, бугунги замонавий тиббиёт эса шунга интилмоқда. Тансиқ нарсага одам ҳамиша ўч бўлади. Хуллас, Тибетда ана шу бошқа жойларда айни кунда кам кузатилаётган табиат билан мулоқат, ердан қувват олиш имконияти мавжудлиги билан ўзига хосдир. Бутун жаҳондан келаётган сайёҳларга айнан ана шу осойишталик маъқул келаётган бўлса ажаб эмас!

Биз табиат бағридан бир олам ҳузур олиб, яна Амрисарга қайтар эканмиз, ўзимга ёққан гулларнинг уруғини олишга интилдим. Дилором опа эса қизлари билан Ҳиндистон Тибетининг кўчат бозорига чиқиб келди. Ўзи ишлаётган университетда боғ бунёд этиш режаси бўлиб, унга мамлакатимизда бўлмаган арча ва бошқа дарахтларнинг кўчатларини сотиб олди. “Олдинги сафар чой кўчатини олиб кетган эдим. Бироқ, уни ундира олмадим. Бу сафар барча кўчатларни бироз тупроқи билан олдим. Зора тутиб кетса”деди.

– Дилором опа ўтказармикан?-сўрадим олимадан. Олдинги сафар ўтказган эди. Сизнинг мамлакатингиз қаршилик қилмаса, бизнинг ишимиз йўқ дейишди. Афсуски, аэропортда ўтказишмади, Деҳлида махсус ташкилотнинг рухсати билан олиб ўтишингиз мумкин деб жавоб беришди. Олима шундай гўзал арча кўчатларини олган эдиларки, бундай турлари бизнинг мамлакатимизда йўқ. У худди палмага ўхшаш узун-узун катта япроқли эди-ю, бироқ нинабаргли эди. Худди соябон дарахтга ўхшарди. Эзгу иш эзгулигича қолиб кетганига афсусландик. Амрисардан Деҳлига қараб йўл олдик. Машина бир текис учиб кетяпти. Инглиз тилида ёзилган ёзувларни ўқиб бораётган эдим. Мўлтони деб ёзилган водийга кўзим тушди. Самарқандда лўлиларни мўлтони дейди. Одамларини кузатамиз. Улар биздаги лўли ва мўлтониларга ўхшаб кетади. Қоп-қора ва кўзлари катта-катта. Шунинг ўзи халқимизнинг алоқалари, турли мамлакатларга кўчишлар жуда қадимий эканлигини англатади.

Бобурийлар Ҳиндистонда

Бобурийлар салтанати уч юз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган бу мамлакатни кезиб, Мавороуннаҳрлик аллома, шоир, саркарда Бобурнинг авлодлари бу ерга жуда улуғвор янгиликлар олиб кирганлигининг, гўзал қасрлар қурдирганлигининг гувоҳи бўлдик. Бобурийлар қурдирган қасрларнинг зиёратига юзлаб кишилар кўришга муштоқ бўлиб, чипта олиб навбатда турганини кузатдик. Улуғ ва эзгу ниятли фазилатли кишилар боқийликка ўтиб кетганидан кейин ҳам халқига манфаати тегишлигининг гувоҳи бўлдик. Ахир бу маблағлар Ҳиндистон бюджетига бориб тушиб, мамлакат ободончилигига, халқининг фаровонлигига хизмат қилаяпти.

 

Деҳли

Ҳиндистон ҳудудининг катталиги бўйича жаҳондаги мамлакатлар орасида етакчилардан бири… Пойтахти – Дехли. У ҳинд тилида Делҳи деб аталар экан. Инглиз тилида ёзилганда ҳам шундай акс этган. Ҳиндлар ўз тилида ҳам худди шундай талаффус этишар экан.

Меҳмонхонадан чиқишимиз билан рикша ҳайдовчилари ўраб олади. Учта маркетга олиб бораман. Ўзи юз рупийлик йўл ўн рупийга олиб бораман дейишади улар. Яна баъзилари русчани ўрганиб олишган. Нега арзон олиб боришади, сўрайман авваллари ҳам ҳиндлар юртига келган Хосиятхондан. Биз у ердан бирор нарса сотиб олсак, рикшанинг бир кунлик бензинига етадиган пул беришади. Уларнинг магазинлар билан шартномаси бор дейди у. Бу халқнинг тадбиркорлигидан ажабланаман. Биз магазинга бормаймиз жоме масжидига бориш истагидамиз, дейман унга. “Олдин учта магазинни кўр, ундан кейин масжидга текин олиб бораман” деб яна ўз билганидан қолмайди. У русча мулоқот қилишга интилар, Ўзбекистондан эканлигимизни билиб, ўзбекча бир икки сўзни ҳам қўшиб қўярди. У аввало, “ассалому алайкум”, сўнгра “хуш келибсиз” деди. Тошкент, Самарқанд, Хива, Бухоро сўзларини талаффуз қилди.

– Хосиятхон, шу сўзларнинг ҳурмати рикшага ўтирамиз. Қолаверса, текин экан-ку, кўрсак кўрибмизда учта магазинни, баҳона билан шаҳар кезамиз, улар ҳам биз туфайли фойда кўришсин, савоб бўлар. – дедим.

Биз йўлга тушдик. У йўл-йўлакай чала – чулпа русча, чала – чулпа инглизча гапириб, ҳиндча қўшиқлар айтиб бизни зериктирмасликка интилиб борар эди. Йўл-йўлакай онаси мусулмон, отаси хинд эканлигини билиб олдик. Уларнинг ҳар бири ўз динига сиғинишар экан. “Бу борада бизда муаммо йўқ” деди у бизларнинг саволимизга жавоб қайтарар экан. Сен қайси мазҳабдасан дедик унга. У мен иккала урф – одатларни ҳам биламан деди ва саволимизга жавобни насия қилиб қўя қолди. Ёки саволни англамади, ёки жавоб бергиси келмади. Олиб борган магазинларидан озми кўпми харид қилдик, совға – саломлар олдик. Ҳайдовчи ҳам хурсанд бўлиб пулини ишлаб олди. Сўнгра бизни Жоме масжидга элитиб қўйди. Жоме масжиди 16 асрда Бобурийлар томонидан қурилган бўлиб, жуда улуғвор эди. Масжиднинг устида ён-атрофида қарғалар чарх уриб учиб юрибди. “Шаҳарда кузатилмаган олақарғалар бу ерда нега жуда кўп? – сўрайман ҳайдовчидан.

– Чунки мусулмонлар гўшт ейди. У фақат шу ердагина сотилади. Қарғалар унинг ҳидини олиб келади. Чиқиндилари шуларга ташланади. – жавоб қилади у.

Масжидга икки кўчанинг икки томондан кириб келиш мумкин эди. Иккала эшик олдида диний китоблар, тасбеҳ, турли эсдаликлар сотиляпти. Шунингдек, Европадан келган хорижликларга ўраниши учун рўдаполар бериляпти. Оёқни ечиб ўтилиши лозимлиги белгиланган. Масжиднинг уч томонида кичкина ҳужрачалар мавжуд. Бир томонида улуғвор устунли айвон бўлиб, намоз ўқилишига мўлжаллаб ерга жойнамознинг сувратлари чизилган. Ҳовли ҳам ниҳоятда кенг бўлиб у ерга ҳам шолчалар тўшалиб, устига бўздан қўлбола соябонлар ҳам ўрнатилган. Бино мармарлар билан безатилган, архитектураси миллий қадимий масжидларимизни эслатади. Бу ердан олти кун музей сифатида фойдаланилса, бир кун-жума куни музей ишламас мусурмонлар намоз ўқигани келишар экан. Зеро, Ҳиндистонда турли хил мазҳабдаги кишилар яшайди. Мусулмонлик мазҳабидаги аҳоли бу ерда сон жиҳатдан иккинчи ўринда туришади.

Масжид имоми бизга бир ҳужрани очиб қадимий мусҳабни яъни “Қуръони карим”нинг қадимий қулёзмасини кўрсатди. Дарҳақиқат, пағамбаримиз ўтиб кетгандан кейин “Қуръон” турлича бўлиб қолмасин деб, саҳоба Усмон уни қоғозга туширтирган ва ундан бир неча нусха тайёрлатиб мусулмон мамлакатларига жўнатган эди. Бу ана шу қадимий мусҳаб эди. Ундан кейин пайғамбаримизнинг қадам изи тушган тошни, саҳоба Алининг сочини, тирноғини кўрсатди. Уларни кўрсатгач, яна хонани бекитиб қулфлаб қўйди. Уни музейлардагидек чиройли қилиб намоён қилиб қўйса, масжид тарихи ва исломга оид янги давр ҳақидаги маълумотларни, китобларни намойиш қилиб қўйса бўлмас эканми деб ўйладим. Тошкент – Ислом маданияти шаҳри деган номни бекорга олмаганлигини англадик.

 

Миллий магазинлар

Эрталаб меҳмонхонадан чиқиб катта кўчага ўтар эканмиз яна рикша ҳайдовчилари ўраб олишди.

– Учта маркетингга текин олиб бораман.

– Но маркетинг, Ҳумоюн мақбарасига борамиз. – дейман уларга.

– Уч маркетинг сўнгра Ҳумоюн мақбараси – дейди у русча инглизча аралаштириб.

Биз йўлга тушдик. Миллий тикилган кўйлаклар магазинига кирар эканмиз, у ерни кузатиб,. барча нарсалар қимматлигини англадик. Бу ер сизларга маъқул келмаса, ёнидаги магазинга киринг деди рикша эгаси. Унга кирдик. У бояги пешайвонли магазиндан тоза ва совутгичлар ишлаб туриши билан ажралиб турарли… Улар сермулозамат билан кутиб олишди. Чой ичасизми, кофе ичасизми деб сўраб қолишди. Биз гўзал нарсаларни узоқ томоша қилдик, аввалги магазиндан анча арзон эканлигини сездик. Улар атайлаб ўзлари ана шундай магазинларни ёнма ён ташкил вилишар экан. Аслида иккаласининг ҳам раҳбари бир киши экан… Ҳамма нарса рисоладагидек, гўзал. Шуни сездимки, бу ерда магазин эгалари асосан панжабликлар экан. Улуғвор магазиннинг ичидан кираверишда стол-стул қўйилган, раҳбари шу ерда ўтирибди. Иккинчи томонида кўргазмали кийимлар бари маникенларда. Магазин хўжайинлари панжобликлар-у, хизматчилар бари ҳиндлар эди. Бир пайт қарасам бояги раҳбари тақир ерга ётиб олди. Фақат бошига нимадир қўйди. Бир ҳинд унинг оёғини уқалай бошлади. Ҳамманинг кўзи олдидаги бу ҳаракат мени ҳайрон қолдирди. Бошқалар буни табиий қабул қилишар эди. Сўнгра ўзига ўхшаган яна бир саллали панжоблик келиб қолди. Ёнма-ён ўтириб дўстона суҳбатни бошлашди. Хизматкорлар уларга иккита табиий какос ичимлиги олиб келишди. Демак у доимий мижозларидан шерикларидан бири, азиз, ҳурматли меҳмонига улар какос таклиф қилишар экан.

Ташқарига чиқиб мен ҳам қизларни какос билан меҳмон қилдим. Кузатиб турсам, какоснинг юқори томонини болта билан чопиб ташлаб бироз кенгликда очишар эканда бизда шарбат олганимизда бериладиган карнойча қўшиб узатишар экан. Биринчи ичишим эди. Киноларда кўп кузатганман. Ҳарбий шароитда ундан глюкоза ўрнида фойдаланишганини кўрган эдим. Шунинг учун бу менга қизиқ туюлди. Дарҳақиқат таъми нардонроқ узум шарбатигага ўхшар эди. Лекин, ниҳоятда тиниқ. Дарҳақиқат, билиб ишлатилса, табиат неъматларининг ҳар бири ўзига хос даво воситаси дегим келади. Сўнгра Манаж деган йигит бизни болалар кийимлари сотиладиган. фирманинг омборига олиб борди. Тор ва ниҳоятда нотоза жойлардан ўтиб бордик. У ерга борганда оёқ кийимни ечиб кириш керак дейишса, бир томондан хафа бўлдик, бир томондан хурсанд. Шундай тор ифлос кўчаларни кўриб келгандан кейин бу ер албатта саранжом-сариштадек эди. Оёғимизга сарафан ўраб кирдик. Шундай қўшиқдек тикилган кўйлаклар бор эди-ки, булар тикувчиликда жуда илгарилаб кетишибди, – дейман беихтиёр. Кузатиб туриб магазинлари турли табақаларга мўлжалланганининг гувоҳи бўлдик. Манажнинг машинасида қайтиб келар эканмиз йўл ҳаракати тиғизлигидан машинамиз тўхтаб қолди. У пайт кимдир машинанинг деразасини қоқди. Юз-қўллари кир, кийган оқ куйлаги таниб бўлмас даражага келган етти ёшлар атрофидаги қизча садақа сўраб турарди. Катта йўл устида қизчанинг юришидан қўрқиб дарров ўн рупий бердим. У икки қўлини жуфтлаб миннатдорчилик билдирди.

– Бекор бердингиз ҳозир иккинчиси келади, – деди ҳайдовчи. Дарҳақиқат ундан хиёл каттарок озғин, қоп-қора бола машинанинг атрофида гир айланиб акробатик машиқлар кўрсата бошлади. У эпчиллик билан ўйинларини намойиш қилардики, ора-чира машқлардан бир дам тўхтаб садақа сўраб қўярди. Хавотирлигим янада ошди: Катта кўчада акробатика машқлари-я! Тезда кетақолсин деб унга ҳам ўн рупий бердим. Ундан кейин алтак-далтак юриб уч-тўрт ёшлардаги қизча келиб, деразани чертди. Унга ҳам бердим. Шу пайт йўл очилиб машина силжий бошлади. Учаласи иккала қўлларини жуфтлаштириб, миннатдорчилик билдириб туришарди. Уларга қараб ачиндим.

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ, соғлом авлод тарбиясини умумхалқ ҳаракатига, давлат сиёсати даражасига кўтарган ҳукуматимиздан миннатдор бўлиб, гўзал диёримиз билан фахрланиб кетдим.

Шундай аянчли манзаралар ҳар қадамда учрайди. Ҳатто уйи йўқлар жуда кўп. Девор четларига чойшаб тутиб яшаётганларни, овқат пишириб тановул қилаётганларни, хуллас, уйсиз-жойсиз кишиларни кўп кузатиш мумкин. Энг хунуги, уларнинг атрофида болалар ҳам бор.

– Бизда кўчада туғилиб кўчада ўлиб кетадиганлар кўп, – изоҳ беради шофёр.

Ҳиндистон аҳолисининг кўплиги бўйича дунёда Хитой Республикасидан кейин иккинчи ўринда туради, 2010 йилги статистик маълумотларга кўра, бу ерда 1 миллиард 22 миллион аҳоли яшайди. Одамнинг елкаси иккинчи одамнинг елкасига тегиб юрадиган тиғиз кўчаларни кўриб, улар яъни кўчада яшаб кўчада ўтиб кетадиганлар рўйхатда йўқ одамлар эканлигини англаш қийин эмас. Зеро, рикша ҳайдаб юрган йигитлардан бирига визиткани узатиб шу ерга олиб боришни сўраганимизда, уни ўқиётгандек бўлиб турганини бироқ, тескари ушлаб турганини кўрдим. Ундан олиб иккинчисига бердик. У ёнидагини ёрдамга чақирди. У ҳам ўқий олмади. Шунда башангроқ кийинган бир кишини тўхтатиб, визиткани қўлига бердик. У рикша ҳайдовчиларига ўқиб берди. Рикша ҳайдаб юрган кишиларнинг аксарияти ёзув-чизувни билмайди. Бу манзараларни кузатганда, Ватанимиз мустаққиллигидан кейин мамлакатимизда таълим – тарбия ва кадрлар тайёрлаш сиёсати айни муддао бўлганини тушуниш қийин эмас.

 

Оммавий ахборот воситалари

Ҳар куни эрталаб, меҳмонхона маъмуриятининг ёнидаги тахтачага илинган газеталарни бир варақлаб чиқаман. У газеталар асосан инглиз тилида. Сарлавҳаси ва суратларига қараб сўз нима ҳақида кетаётганини англайман. “Delhi Times”, “The Times of India” газеталари Деҳлида чоп этилади. Шунингдек, Амрисарда ҳам инглиз тилида газеталар чиқар эди. У ердаги меҳмонхоналарда “Аmritsar Tribune”(Амрисар минбари) “Hindustan times”(Ҳиндистон янгиликлари), “The Tribune”(Минбар) газеталарини кузатар эдим. Уларнинг газеталари бизнинг “Халқ сўзи” газетасининг шаклига ўхшайди фақат бўйи бироз узунроқ эни қисқароқ ва деярли ҳаммаси 32 бетдан иборат. Инглизчани яхши билмасамда, касбим тақозаси билан унда берилган Эрон ҳақидаги мақолани англашга ҳаракат қилаётган эдим. Маъмуриятчи бизнинг Эрон билан муносабатларимиз, руслар билан муносабатларимиздек яхши деб қўйди. Газеталарида рекламаларга ниҳоятда кўп ўрин берилган. Шунингдек, артистлар ҳаёти ҳам четта қолмаган. Ҳар бир сонида кино артистлар, таниш чеҳраларни учратиш мумкин. Нашрларида ана шу икки мавзу доимо мавжуд. Бири обуначининг диққатини тортиш, иккинчиси маблағни кўпайтириш эканлиги кўриниб турарди. Ҳиндистонда 21 тилда гапиришишади, 1682 та лаҳжа мавжуд. Ана шу 21 тилда газета чоп этилади. Бироқ давлат тили ҳинд ва инглиз тилидир.

Бизнинг халқимиздан Ҳиндистонда улуғвор бунёдкорликлар гўзал қасрлар, гўзал боғлар мерос бўлиб қолган бўлса, юз йил ҳукмронлик қилган инглизлардан эса тили давлат тили сифатида мерос бўлиб қолган эди. Бунинг афзаллиги шуки, сайёҳлар асосан шу тилда мулоқот қилишади.

 

Тожмаҳал – етти мўъжизанинг бири

ЮНЕСКО ташкилотининг 2007 йилги эълон қилган рўйхатига кўра, Тожмаҳални етти мўъжизанинг бири деб тан олди. Унга “Ҳиндистондаги мусулмонларнинг марвариди, ҳинд меъморчилигининг олтин даврига тегишли қаср” деб таъриф беришди. Ҳиндистон императори, саркарда шоир Бобур Мирзонинг ўғли Ҳумоюннинг невараси Шоҳжахон (Хуррамшоҳ) қурдирган қаср Деҳлидан 60 километр узоқликдаги Агра шаҳрида жойлашган. Оппоқ гумбазли, оппоқ мармарлардан қурилган қаср Ҳиндистоннинг рамзига, муҳаббат ва садоқат тимсолига айланган. Шоҳжаҳон уни туғруқ пайтида дунёдан кўз юмган севимли хотини Мумтоз Маҳал бегимга атаб қурдирган. Ўн етти йил давомида қурилган қасрнинг безак ишларига 28 хил қиммабаҳо тошлар ишлатилган. Хитойдан нефрит, Тибетдан феруза, Афғонистондан лазур, Шри Ланкадан сапфир, Арабистондан сердолик каби тошлар келтирилган. Унда 22 минг киши, бир минг фил ишлаган. Унинг қурилиши 1648 йили тугатилган. Таржимоннинг айтишича, Шохжаҳон Жамна дарёсининг иккинчи соҳилида унга уйғун қора иармардан иккинчи қасрни тиклаш режаси бўлган. Бироқ у орзулигича қолиб кетган. Шохжаҳон умрини охирини ўзи қурдирган қасрга тикилиб, Қизил Қалъада тутқинликда ўтказган. У ўлганидан кейин ушбу қасрга хотинининг ёнига дафн этилган. Тожмаҳалга одамлар дарёдек оқиб келаяпти. Бу ерга ҳар йили беш миллион сайёҳ келар экан. Уни кўриб Бобур авлодларининг шафоати ҳозир ҳам тегиб турганига ишонч ҳосил қиламиз. Зеро, сайёҳлардан йиғилган маблағ Ҳиндистон бюджетига келиб тушяпти.

Таржимонимиз Тожмаҳал ҳақида тушинтириш берар экан. Бизни ташқари аркка рўпаро қўйди. Ундан Тошмаҳал жуда яқин ва бутун гўзалиги билан намоён бўлди. Оппоқ оққушлардек саройнинг ташқи аркидан ичкарига юрган сари унинг ниҳоятда кенг майдонни эгаллашини ҳис қиламиз. Бир томони мадраса, бир томони мачит, бир томони мақбара бири биридан гўзал қасрлар. Унинг орқа томонидан эса Жамна дарёси оқиб оромбахш салқинлик бахш этиб турибди. Иншоатнинг тўрт томони бир бирига тенг боғ-роғлар билан ўролган. Асосий бинонинг олдидаги биллурдек тиниқ ҳовузда саройнинг тўрт бурчагидаги улуғвор миноралар жилваланиб туради. Майин эсаётган шамол сочларингни сийпаб ўтади. Иссиқ ўлкада майин шабада эсиши бежиз эмас, меъморлар айнан ана шундай мўъжизакор жойни, шамоллар йўналишини эътиборга олиб, топиб-билиб қурганлигини ҳис қилиш мумкин.

Шунда беихтиёр Шаҳрисабздаги Амир Темур оқсаройини зиёрат қилгани борганимизда эшитганларим хаёлимдан кечди. Ёзнинг айни жазирама иссиғида у ерда майин шабада эсиб турар эди. Унинг сабабини суриштирганимда, шамол йўналиши топиб қурилганлигини таъкидлашганди. Ҳозир шамол йўналишини топадиган асбоб-ускуналар мавжуд. У пайтда бу ҳолат қандай аниқлаштирилган экан? У пайтларда шамол йўналишини аниқлаш учун янги сўйилган ҳайвонот гўшти осиб қўйилар экан. Агар у бир ҳафта ичида айнимаса, ана шу ерда қасрлар бунёд этилар экан. Ана шу меъморий қулайликлар бу ерда ҳам эътиборга олинганлиги аниқ.

Сарой эшиги олдида иккита устун турган эди. Устунларнинг тошлари олинган бўлиб, ниҳоятда катта қимматбаҳо жавоҳирлар эканлиги, тошлар ўрнининг чақурлигидан ҳам сезса бўларди. “Бу гўзалликларни босқинчилар олиб кетишган” дейди таржимон. Мен кимдир бунёд қилади, кимдир бузади, дунёнинг иши шу эканда дейман.

Ҳумоюн мақбараси

Биз бу мақбарага эрталаб соат саккизларда етиб бордик. Ундан эса соат тўрт-бешларда чиқиб кетдик. Унинг улуғворлигини ана шундан ҳам билса бўлади. Ҳумоюн мақбараси улуғвор сарой бўлиб, ичкаридан ичкари уч қаср қурилган. Биринчи эшик олдидаги аркдан қарасангиз яқиндек туюлади. Бироқ, аркдан аркка етиб боргунча катта майдон эканлигини ҳис қиласиз. Қасрнинг тўрт томонида турфа ўсимликлардан иборат гўзал боғ-роғ бунёд этилган бўлиб, ариқларда сувлар шалдираб оқиб, фавворалар кўкка отилиб, сайёҳларга хушкайфият бағшида этиб турибди. Сершовқин, турли хил ҳидлар уфуриб турган Деҳлида шундай гўзал хушманзара ва осойишта масканнинг борлиги гўё мўъжизадек эди. Ариқда шалдираб оқаётган биллур сувлар, атрофга салқинлик бағшида этиб турган фавворалар бугунги кунла шунчалик ҳузурбағишлаётган экан, уни бундан беш юз йил аввалги таъсирини тассаввур этиш мушкил эмас. Ҳолбуки, фавворалар қуриш анъанаси Европага 17-асрда кириб келган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу бобурийларнинг меъморий анъаналари шарқ анъаналарининг, боболаримизнинг гўзалликка интилишларининг меваси бўлиб у Бобурийлар билан бирга Ҳиндистонга 16 асрда кириб келган. Қаср боғдан баландда бўлиб унга 33та зинопоя орқали чиқиб борилади. Баландликка кўтарилган сари майин шабада дилларга ҳузур бағишлайди. Мақбара атрофидаги кенг майдонга ҳам қабрлар қўйилган. Мақбаранинг ичи эса саркарда Амур Темур мақбарасини эслатади. У ҳам айлана шаклида қурилган бўлиб, унинг марказида Хумоюннинг қабри жойлашган. Амур Темур мақбарасидан фарқи айлана шаклида қурилган мақбаранинг атрофида яна ҳужралар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида уч-тўрттадан қабрлар бор. Ўн олтита ҳужранинг қай биридан қарасангиз император Ҳумоюннинг қабри тўлиқ кўринади. Бари бир – бирига уйғун қурилган, оқ ва қора мармарлар билан жилоланган. Бу қасрларнинг ёнида Исо авлиёнинг мақбараси ва мадрасаси ҳам жойлашган. Бари катта девор билан ўролган. Деворнинг устида бемалол юриб сайр қилиш мумкин. Ҳар ерда дам олиб туриладиган супачалар қурилган. Тўрт томонида баланд кузатув миноралари ҳам мавжуд. Уларни кузатиб бу қаср Амир Темур мақбараси ҳамда Хиванинг Ичонқалъа деворларига уйғунлигини ҳис қилиш мумкин. Бир сўз билан айтганда Шарқ архитетурасига уйғун қурилганлиги билан мени ҳайратлантирди.

Ҳиндистондек катта мамлакатда буюк салтанат бино этган Заҳриддин Муҳаммад Бобурни ҳинд халқи жуда қадрлашини ҳис қилдик ва ватандошимиз билан фахрландик.

 

Раъно Зарипова,

Республикада хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.