Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ёш чеклови борлигини биласизми?

0
1022
марта кўрилган.

Бугун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш даражаси бутун дунёда тобора ўсиб бормоқда. Германиядаги “Статистика” компанияси ўтказган тадқиқотларга қараганда, 2017 йилда бутун дунёда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони 2 миллиард 46 миллиондан ошган. Бу эса ер юзи аҳолисининг эса қарийб 40 фоизи демакдир. Шунингдек, бу рақам интернетга кирувчиларнинг 71 фоизи бўлиб,  бир нуқтадан кирилганда оиланинг бир нечта аъзолари ёки корхона, ташкилотларнинг жамоаси кенг фойдаланиши мумкин.

Инсон ҳаётига интернет кенг миқёсда кириб келаяпти. Ижтимоий тармоқлар кишилар, хусусан ёшлар ўртасида ижобий ҳамда салбий таъсир кучига эга. Ижтимоий тармоқлардан ахборот олиш, ўзаро мулоқотга киришиш каби ижобий томонлари кишининг оғирини енгил қилади. Чет элда ўқиётган фарзандларингиз билан кўришиб гапиришиб туришингиз ҳам сизни хурсанд қилади. Афсуски, ёлғон ахборотлар билан “заҳарланиш”, бекорчи ва беҳуда суръат, видео ва суҳбатлар билан вақтни зое кетказиш, ёшларни реал ҳаётдан узилиб, буткул виртул олам фуқаросига айланиб қолиш каби зарарли жиҳатлари мавжудлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Масалан, Facebook ижтимоий тармоғига кирганимда  кишиларнинг мулоқатида  кераксиз, ортиқча гап сўзларга вақт сарфлаганини кўриб бекор кетган вақтларга ачинаман. Ишбилармонлик мулоқотлари жуда кам. Айниқса, болаларнинг бекорчи суҳбатлар билан бир-бирларининг вақтини зое кетказишаётганини кузатиш мумкин.

Шу сабаб бугун кўпгина ижтимоий тармоқларда профил яратиш ёши белгилаб қўйилмоқда. Масалан, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари хизмати вакилининг BBCга берган  интервьюсида компания ижтимоий тармоқлари профил эгаси 13 ёшдан кичиклиги аниқласа, ўсмирнинг платформадан аккаунтини ўчириб ташланиши ва уни яна бошқатдан профил яратишга йўл қўймаслик чораси кўрилишини айтган.

 Шундай бўлса-да, бугун  ижтимоий тармоқларда 13 ёшдан кичик бўлган жуда кўплаб ўсмирларнинг профили мавжуд. Масалан, Буюк Британиядаги Телекоммуникация бошқармасининг маълумотларига кўра, мамлакатдаги 11-12 ёшдаги ўсмирларнинг деярли ярми ижтимоий тармоқларда ўз профилига эга.  Мамлакатдаги 10 ёшдаги болаларнинг 28 фоизи, 11 ёшли болаларнинг 46 фоизи ва 12 ёшдаги бошлаларнгинг 51 фоизи ижтимоий тармоқларида ўз аккаунтини очганларини аниқлаган.

 Лекин, бу ёшларнинг барчаси ҳам ижтимоий тармоқларда тарқаладиган ахборотлар ишончли эмаслигини билмайдилар, манбасини текширмайдилар, баъзида ҳатто умуман танимаган шубҳали кишилар билан мулоқотга киришиб, уларнинг зарарли таъсирига тушиб қоладилар. Масалан, Буюк Британияда ёшлар ўртасида ўтказилган сўровларда 32 фоиз ёшлар интернет ахборотлари тўғрилигига ишонишларини айтишган.

 Шу билан бирга, бугун барча ота-она ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ёш чегараси мавжудлигини билмайди.  Масалан, Буюк Британиядаги Телекоммуникация бошқармасининг тадқиқотларига кўра, бугун мамлакатдаги фарзанди Instagram ва Snapchat ижтимоий тармоқларидан фойдаланувчи ҳар ўнта ота-онадан саккизтаси мазкур ёш чеклови ҳақида билмасликлари аниқланган.

Шу боис болаларни турли ёлғон ахборотлар, зарарли ғоялар ва қора ниятли кишиларнинг ёмон таъсирига тушиб қолмаслик учун ота-оналар фарзандлари интернетдан нима мақсадда фойдаланаётганларини кузатиб боришлари лозим. Улар олаётган ахборотларни бошқа манбаларнинг хабарлари билан қиёслаш орқали  текшириб кўриш мумкин. Болаларда янгиликларни ишончли манбалардан олиш кўникмасини шакллантириш, ким билан мулоқот қилаётганларидан доимий равишда бохабар бўлиб туришлари мақсадга мувофиқдир.

 Ойдин Саъдуллаева тайёрлади

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.