Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар вакиллари иштирокида медиа-форум бошланди

0
142
марта кўрилган.

 

 Туркиянинг Истанбул шаҳрида 22 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар вакиллари иштирокида «Илдизлари муштарак тарих, кучли келажак» шиори остида медиа-форум бошланди.

Форумда Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Шимолий Кипр ва Венгриядан 500 га яқин ахборот соҳаси расмийлари, тилшунос олимлар, дипломатик корпус ва давлат идораларининг юқори мартабали мутасаддилари, журналистлар, талабалар қатнашмоқда.

Ушбу тадбир Туркий кенгашнинг медиа соҳасига бағишлаб ўтказилаётган илк халқаро анжумани бўлиб, унинг очилиш маросимида Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Багдат Амриев, Озарбайжон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ҳикмат Хожиев нутқ сўзлади.

Шунингдек, Туркия Президенти Администрацияси Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фахретдин Алтун форумнинг аҳамияти, кутилаётган натижалар ҳақида фикр билдириб, ўзбек халқини давлат тили куни муносабати билан табриклади.

24 октябрга қадар давом этадиган форум доирасида турли жабҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб мавзулар бўйича мулоқот сессиялари ташкил этилади. Хусусан, киносаноати ва ОАВ соҳасини ривожлантириш, дезинформация ва ёлғон ахборотга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллаган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған туркий дунёда бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини такъидлаб, мазкур форум бу борада тажриба алмашиш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш учун ўзига хос платформа бўлишини қайд этди.

Форум очилишидан сўнг Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган Рақамли кўргазманинг тақдимот маросими ўтказилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.