Жаҳон тажрибаси: музейлар болалар учун

0
771
марта кўрилган.

Музейлар деганда қандай жойни тасаввур этасиз? Болажонингизга музейларга бориш ёқадими? Музей ўзи қандай маскан?

Музейлар маданий-маърифий муассаса ҳисобланиб, унинг вазифаси тарихий ҳужжатлар, маданий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, табиий бойликлардан намуналар жамлаш ва сақлаш, уларни илмий жиҳатдан ўрганиб кўргазмаларга қўйиш ва кенг халқ оммасига ҳавола қилишдан иборат. Лекин музейлар фаолияти фақатгина бу билан чекланиши керак эмас. Музейлар нафақат табиат ва жамиатнинг ноёб ва хилма-хил ашёлари хазинаси, балки кишилар учун, айниқса болалар учун  асосий маънавий-маърифий ҳордиқ чиқариш маскани, керак бўлса, кўнгилочар марказ сифатида ҳам хизмат қилиши лозим. Ана шундагина у том маънода маънавий-маърифий ва тарбиявий ўчоққа айлана олади.

Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири — АҚШа ўтказилган сўровларда маълум бўлишича, 69 фоиз америкаликлар маънавий-маърифий ҳордиқ чиқриш учун айнан турли музей ва тарихий-меъморий ёдгорликларга ташриф буюришларни айтганлар. Бу мамлакатда музейларга йилига ўртача жами 850 миллион киши ташриф буюради. Бу эса турли спорт ва кўнгилочар марказларга ташриф буюрувчилар сонига нисбатан бир баробар кўпдир. Нега шундай? Нега бу ерда музейлар доим кишилар билан гавжум, бизда эса тескариси?

Энг аввало, бу мамлакатда музейлар нафақат ер юзи ва инсоният цивилизацияси ҳақида маълумот беришга, осори-атиқаларни намойиш этишга, балки кишиларга, шу жумладан болалар ва ёшларга турли ижодий машғулотлар, ўйин ва интерактив мулоқотлар орқали вақтини мароқли ўтказишга ва шу орқали оламни кашф этишга, билимларини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Энг эътиборли жиҳати – бу ерда аксарият музейларда “болалар бурчаги”нинг мавжудлигидир. Яъни музейлар нафақат катталар, балки болалар учун ҳамдир. 

Масалан, пойтахтдаги Почта ва алоқа хизмати Миллий музейининг болалар залида 100 йил илгари кишилар марка босиб чиқариш учун фойдаланган ускунани ўзлари ҳам ишлатиб кўришлари, бир бурчакдаги “ижод столи”да намуналарга қараб ёки ўз тассаввурларини ишга солган ҳолда маркалар яратишлари, мактублар битишлари ва почта қутисига солиб, кимгадир жўнатишлари мумкин. Яна, бир аср аввал кишилар почта хизмати учун фойдаланган арава, шунингдек бугунги замонавий почта машинаси кабинасига ўтириб, бир зумга бўлсада, хаёлан бошқаришлари мумкин. Буларнинг барчаси болаларга қадимда кишилар ўртасида алоқа қай тарзда олиб борилгани ҳақида қизиқарли тарзда тасаввур беришнинг бир усулидир.

“Newseum”  деб аталувчи журналистика музейида эса “NBC  янгиликлар студиаси” ташкил этилган бўлиб, бу ерда болажонлар радиобошловчилик, телебошловчилик қобилиятларини синаб кўришлари учун барча техник жиҳозлар билан таъминланган. Агар болажон газета ёки журнал мухбири сифатида ўзини кўргиси келса, бунинг учун ҳам барча шарт-шароит ва техник жиҳозлар мавжуд. Шу билан бирга бу ерда мактаб ёшидаги ўсмирлар учун матбуотга материал ёзиш, радио ва телевидение учун  эшиттириш ва кўрсатув тайёрлаш, интернет нашр юритиш бўйича  мунтазам содда ва қизиқарли тарзда амалий машғулотлар ташкил этилади.

Ҳаво ва коинот Миллий музейида эса болалар нафақат самолет, ракета, сателлит ва бошқа ҳаво машиналаридан экспонатларни томоша қилишлари мумкин, балки турли-туман катта-кичик самолетларга ўтириб, хаёлан бошқаришлари, самога парвоз қилишлари мумкин. “Ёш олимлар лабараторияси”да эса шамол қандай ҳосил бўлади, вертолет ва самолетлар нега учади, ер тортишиш кучи нима каби қатор саволларга кўргазмали тарзда жавоб оладилар.

Умуман, АҚШда аксарият музейлар юқоридаги каби давлат таълим стандартига мос келувчи математика, тарих, тил ва адабиёт, география, кимё ва физика каби фанлар бўйича мунтазам маърифий тадбирлар ташкиллаштирадилар.

АҚШда музейлар таълимга йўналитирилган тадбирларга ҳар йили ўртача жами 2 миллиард доллар сарфлайди. Таълимга ажратилган маблағнинг тўртдан уч қисми мактаб ўқувчиларига мўлжалланган тадбирларга ишлатилади.

Бундан ташқари, музейлар мактаблар билан ҳамкорлик қилиб, ўқувчиларнинг  музейларга  экскурсиялари тез-тез уюштирилади. Мактаб томонидан жамоавий тарзда ташкиллаштириладиган саёҳатлар орқали АҚШда музейларга йилига ўртача  55 миллион мактаб ўқувчиси ташриф буюради.

Музейлар нафақат мактаб ўқувчилари, балки жуда кичик болалар учун ҳам турли тадбирлар ташкиллаштиради. “Миттивой устахонаси” амалий машғулотлари, “Эртаклар яхшиликка етаклар” соатлари шулар жумласига киради. Ана шу боис бу ердан миттивойларнинг ҳам қадами узилмайди. Масалан, биргина Бостон Болалар музейига йилига ўртача 550 минг киши ташриф буюриб, шундан 65 минги 3 ёшдан кичик бўлган болалардир.

Бизда ҳам миллий музейларимизни, жаҳон музей тажрибаларини қўллаган ҳолда болажонларимизга мос равишда қайта жиҳозлаш, юқоридаги каби мунтазам маърифий ва ижодий тадбирлар ташкиллаштириш орқали музейларимиз педагогикасини ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Зеро, музейлар педагогикасини ривожлантириш жамият кишилари, ҳусусан ёшларни маърифат ва маънавий етуклик сари етаклайди.

АҚШда музейларнинг виртуал фаолияти, яъни интернет сайтлари фаолияти ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Сайт орқали музейда айни кунда қандай кўргазма бўлиб ўтаётгани, қайси залда соат нечида қандай тадбир уюштирилаётгани ҳақида тўлиқ маълумотлар олишингиз мумкин. Сайтга кириб, “Электрон-хабар”га обуна бўлсангиз, эл. почтангизга мунтазам равишда тадбирлар жадвали юборилиб турилади.

Кўпгина музей сайтларида мавзуга оид болалар ва катталар учун илмий китоблар, маърифий аудио ва видеофильмлар, он-лайн амалий машғулотлар, тестлар жойлаштирилган бўлиб, кишилар билимини оширишга, дунёқарашини кенгайтиришга катта хизмат қилади. Шу билан бирга, музейлар сайтида “Музейга виртуал экскурсия” рукни бўлиб, фойдаланувчи музейга он-лайн саёҳат қилиши ҳам мумкин.

АҚШда музейлар фаолиятида учрайдиган яна бир намунали жиҳати шуки, шаҳарда жойлашган марказий музейлар  чекка туман музейларига тез-тез “кўчма кўргазмалар” ташкиллаштириб турадилар. Бугун мамлакатда 35 мингдан ортиқ катта-кичик музейлар мавжуд бўлиб, уларнинг тахминан 26 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Бундай сайёр музейларни ташкиллаштирилиши марказга бора олмайдиган кишилар учун маҳаллий музейнинг ўзида янги-янги экспонатларни томоша қилиш, маърифий ва ижодий тадбирларида иштирок этиш имкониятини беради.

Бизда ҳам қишлоқ аҳолисини музейларга жалб этиш бугунги кундаги муҳим масалалардан ҳисобланади. Юқоридаги амалиёт эса  чекка қишлоқ аҳолисига, хусусан интернет тизимига уланмаган, марказий музейларни виртуал томоша қилиш имконига эга бўлмаган аҳолига нафақат музей экспонатларини томоша қилиш имкониятини беради, балки шу орқали уларда музейларга нисбатан қизиқиш ҳам пайдо қилиб, бу маърифат масканига жалб этилади.

Умуман, бизда ҳам ана шундай жаҳон амалиётидан фойдаланган ҳолда музейларимиз моддий-техник базасини бойитиб, болажонлар вақтларини қизиқарли ва мазмунли ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар яратиш, таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейларга мунтазам экскурсиялар уюштириш, музейларда доимий тарзда амалий машғулотлар, тўгараклар, суҳбатлар, ижодий ва маърифий кечалар, танловлар ташкиллаштирилса фойдадан холи бўлмайди. Токи, бизда ҳам музейлар асосий кўнгилочар марказга айлансин. Зеро, музейлар ёшларни камолотга етказишга катта ҳисса қўшувчи илм ва зиё, аҳлоқ ва тарбия масканидир.

Ойдин Саъдуллаева

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.