Jampur Croup” компанияси Президенти Муҳаммад Шафиқ: “Ўзбекистонда ишлаш шараф”

0
173
марта кўрилган.

Хорижлик сармоядорга “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг иккинчи таклифи маъқул бўлди. 

Ўзбекистон ҳақида аввал ҳам эшитганман. Бугун ўз кўзим билан кўрдимки, эшитганларимдан ҳам аъло экан. Ўзбек халқи азалдан тадбиркор, меҳнаткаш халқ эканига иқрор бўлдим. Бундай дейишимга тўла асосларим бор. 

Албатта, кириб бораётган бозоримизни аввало, яхшилаб ўрганамиз. Маркетинг тадқиқотлари олиб борамиз. Ўзимиздан қиёс: жорий йилнинг 14 майида компаниямизнинг махсус ишчи гуруҳини Ўзбекистонга юборган эдик. Улар турли тармоқ вакиллари билан учрашди, юртингизда инвесторларга яратилган шароитлар, турли соҳалар, хусусан, ипакчиликда яратилган имкониятлар билан яқиндан танишган эди. 

Улар боргач, биз таҳлил қилиб кўрдик, бир қанча омиллар бизга маъқул келди. Агар ипакчилик соҳаси мисолида айтадиган бўлсак, бу борада берилган имконият ва яратилган имтиёзлар бизга маъқул келди: 2023 йилгача барча солиқлардан озод этилгани, коммунал тўловларни бошқа давлатларга нисбатан арзонлиги, ишлаш истагидаги ёшларнинг кўплиги, соҳада ривожланиш бошланганини айтиш лозим. 

Тўғрисини айтсам, компаниямиз ҳозирга қадар транспорт, авиация, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон металлургия саноатида фойдаланиладиган технологиялар ва ускуналар ишлаб чиқаради. Шу соҳада ташиш хизматларини олиб борамиз. Хусусан, денгиз транспортида газ, нефть маҳсулотларини ташувчи йирик баржаларимиз бор. Электр энергия ишлаб чиқарувчи ГЭСлар қуриш ва уларни ишга тушириш борасида ҳам етарлича тажрибага эгамиз. Бироқ, ипакчилик билан ҳозиргача шуғулланиб кўрмаган эдик. Энди ўзимизни шу соҳада ҳам синаб кўриш ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан ҳамкорлик қилишга аҳд қилдик. Айни вақтда дунёнинг 30 давлатида ипак ишлаб чиқарилса-да унга 200 ортиқ давлат талабгор. Демак, бу соҳага сармоя тикса, албатта, фойда келади. 

Компаниямиз ташкил этилганига 35 йил бўлган бўлса, 30 йилдан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорти билан шуғулланамиз. Хитойнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик қиламиз. Бош офисимиз Дубайда жойлашган бўлса-да Африка, Европа ва Осиёнинг кўпгина давлатларида ваколатхонамиз ишлаб турибди. 

Биз, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов билан ҳамкорлик борасида келишув меморандуми имзоладик. Бизнинг ипакчилик соҳасидаги фаолиятимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида иккита лойиҳа таклиф этилмоқда. Биринчиси, Тошкент вилоятидан “ноль” қийматда ер беришмоқчи. Унга сармоя тикиб, бино тиклаш ва маблағнинг қайтишини икки уч йил кутиш керак. Шунинг учун бизга иккинчи таклиф: Қашқадарё вилоятида ишлаб турган қайта ишлаш корхонасига 50 фоиз улуш билан кириш маъқул келди. 

Албатта, Ўзбекистонда ишлаш биз учун шараф. Ўғлим ва қизим шу ерда иш юритмоқчи. Шу боис ҳозирча, 50 фоиз улуш билан қўшилсак, келгусида албатта, ўзимизнинг ипакчилик корхонамизни бунёд этамиз. 

Биз, Бухорода ипакчилик, Навоий вилоятида тоғ-кон металлургия соҳасидаги ишлар билан танишиш ниятидамиз. 

 Сайёра Шоева, ЎзА

Манба: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.