Кутубхоналар аслида қандай бўлиши керак?

1
10122
марта кўрилган.
Миллат тараққиёти, мамлакат ривожи, илм-фан ривожланиши, кадрлар салоҳиятида кутубхоналарнинг ўрни бениҳоя катта. Дунёдаги энг ривожланган мамлакатлардан бири – АҚШда жамоат кутубхоналари фаолияти анчайин яхши йўлга қўйилган.  Энг аввало, бу мамлакатда кутубхоналар сони кўп.
 
Ҳар бир туманида бир қанча жамоат кутубхоналари бор. Кутубхонага ташриф буюриш учун китобхон узоққа бормайди.
Мамлакатда ҳозирда 119 мингдан зиёд кутубхоналар мавжуд бўлиб, шундан 16 мингдан зиёди жамоат кутубхоналаридир. Бу эса аҳолиси сони 328 миллиондан зиёд бўлган мамлакатда, бир кутубхона ўртача 17 минг кишига тўғри келади, деганидир.
 
Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, аввало бугун юртимизда замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу эса аҳолиси 33 миллиондан ошиқ бўлган республикада ўртача 153 минг кишига 1 кутубхона тўғри келади, дегани.
 
Вашингтон Жамоат кутубхоналари Матбуот хизмати котиби Жорж Виллиамснинг бизга берган интервьюсида айтишича, бугун биргина пойтахт Вашингтонда жами 25 та жамоат кутубхоналари мавжуд бўлиб, ўтган йилнинг ўзида уларга 3 миллион 6 минг киши ташриф буюрган.
 
Бундан ташқари, жамоат кутубхоналарининг китоб захираси жуда бой. Бу ерда турли мавзудаги турли ёшга мўлжалланган миллионлаб китоблар, аудио ва видео материаллар мавжуд.
 
Масалан, болалар бўлимида, бир жавонда “ёш фазогир” учун китоблар ўрин олса, яна бир жавонда “митти шифокор”лар, яна бир жавонда “жажжи биологлар” учун китоблар топишингиз мумкин.
 
Яна бир жавонда энди ўқишни ўрганаётган китобхонлар учун “Бўғинлаб ўқиймиз” эртак китобларини топсангиз, яна бир жавонда каттароқ болалар учун “Мустақил ўқиймиз” эртак китобларини топасиз.
 
Мамлакатимизда китоблар етишмовчилиги сабаблими, кўпгина кутубхоналарда баъзи китоблар уйга олиб кетиш учун берилмайди. Лекин АҚШда уйга ўнлаб материал (янада аниқроқ айтадиган бўлсак 70 тагача) китоб газета-журнал, дискларни олиб кетишингиз мумкин.
 
Кутубхоналарнинг онлайн хизмати яхши йўлга қўйилган. Масалан, китобни топшириш санаси яқинлашганда автоматик тарзда интернет почтангизга эслатма хабари юборилади ёки кутубхонадан олган китобингизни белгиланган муддатда ўқиб битирмадингизми?  Муаммо йўқ, муддатини уйда ўтирган ҳолда онлайн тарзда  яна чўздириб қўйишингиз мумкин.
 
БИРОР МАВЗУДАГИ КИТОБ КЕРАК БЎЛИБ ҚОЛДИМИ?
 
Унда уйдан чиқмаган ҳолда онлайн тарзда кутубхона сайтидан керакли мавзуда ва керакли ёшга мос китоб излашингиз ва сиз учун топиб қўйишлари учун буюртма беришингиз мумкин (бу эса ўзингиз бориб қидиришга кетадиган вақтингизни тежайди). Жамоат кутубхоналарининг барча бўлимлари бир тизимга бирлашган бўлиб, сиз излаган китоб сизга яқин бўлган кутубхонада мавжуд бўлмаса, буюртма берсангиз, кифоя! Сизга зарур бўлган материални сизга яқин бўлган кутубхонага бошқа ҳудудлардаги кутубхоналардан олиб келиб қўяди.
 
Жамоат кутубхоналари сайти турли матнли, аудио, видео илмий-ўқув материалларига ҳам жуда бой бўлиб, улардан кутубхонага бормасдан, уйда ўтирган ҳолда фойдаланишингиз мумкин.
 
Масалан, фарзандингизга нима учун ер айланади, нима учун дарахтлар кузда баргини тўкади, нима учун шамол эсади қабилидаги саволларга жавобни содда тилда, кўргазмали тарзда тушунтиришни истасангиз, унда марҳамат, кутубхона сайтига ташриф буюринг.
 
Кутубхона пуллик маърифий сайтлар билан ҳам шартнома тузган бўлиб, кутубхонага ташриф буюрган китобхон ана шу сайтлардан бепул фойдаланиши мумкин.
 
Баъзи жамоат кутубхоналарида кўплаб компьютерлар ўрнатилган бўлиб, интернет хизматидан, ҳатто сканер, ксерокопия, факс каби хизматлардан бепул фойдаланишингиз мумкин.
 
БОЛАЛАРИНГИЗГА ЭРТАК АЙТИБ БЕРИШСА…
 
Кутубхона узлуксиз равишда болалар ва катталар учун турли мавзуларда тадбирлар уюштиради.
 
Масалан, ҳар ҳафтанинг душанбасида 2 ёшгача бўлган болалар учун “Эртаклар олами” соати ташкил этилса, ҳафтанинг яна қайсидир кунида 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар, яна бошқа куни эса 4-6 яшар болалар учун ташкиллаштирилади.
 
Уларда кутубхоначилар болаларга жуда қизиқарли тарзда, турли қўл ўйинчоқлари ёрдамида эртаклар айтиб берадилар, болалар билан биргаликда қўшиқ куйлайдилар, ҳаттоки рақс ҳам тушадилар.
 
Яна қайси бир куни қизиқувчилар учун тўқиш машғулоти ташкил этилса, яна қайси бир куни компьютер саводхонлиги дарси ташкил этилади. Яна қайси бир куни “Келинг, жаҳон маданияти билан танишамиз” соати ташкил этилса, яна бир кун “Ёзишни ўрганамиз”, “Жажжи олим ва олималар”, “Оилавий мутолаа соати” кабилар ташкил этилади.
 
Масалан, Вашингтон Жамоат кутубхоналари Матбуот хизмати котиби Жорж Виллиамснинг бизга берган маълумотига кўра, ўтган йилда биргина пойтахт кутубхоналарининг ўзида “Эртаклар – яхшиликка етаклар” соатлари жами 866 марта ташкиллаштирилган бўлиб, уларда 34309 нафар бола иштирок этган.
 
Кутубхона ходимлари нафақат кутубхонанинг ўзида, балки турли мактабгача таълим муассасалари ва мактабларга ҳам тез-тез ташриф буюриб, болажонлар учун бир-биридан қизиқарли тадбирлар ўтказадилар.
 
Масалан, ўтган йилда пойтахтдаги турли боғча ва мактабларда 104 маротаба ана шундай тадбирлар ўтказилган.
 
“Жамоат кутубхоналарининг “Гўдакликдан мутолаа” лойиҳаси айниқса болаларнинг севимли лойиҳасидир. Яъни бунда жамоат кутубхоналари 5 ёшгача бўлган болаларга ёшига мос равишда совға тариқасида уйига ҳар ойда бепул китоб жўнатадилар. Ўтган йили Вашингтон Жамоат кутубхоналари жами 30, 3578 нафар болага китоб совға қилди”, дейди Ж.Виллиамс.
 
Кутубхонада нафақат китоблар, балки ўйинчоқлар ҳам топишингиз мумкин. Кутубхонага келган жажжи китобхонингиз китоб мутолаасидан чарчаганида ўйинчоқлар ўйнаб бироз дам олиши, сўнг яна китоб мутолаасини давом эттириши мумкин. Умуман кутубхонага келган бола ҳеч қачон зерикиб қолмайди.
 
Яна бир муҳим жиҳати, кутубхоначилар доим хушмуомала ва доим ёрдамга тайёр. Бу ерга келган китобхон албатта яхши кайфият билан қайтади.
 
Кишиларни кутубхоналарга тез-тез ташриф буюриши, китоблар олиб, мутолаа қилишга даъват этишда кутубхоналарнинг ўрни улкан. Мамлакатимиз кутубхоналари фаолияти ҳам жаҳоннинг ана шундай кутубхоналаридан намуна олса арзийди.
 
Ойдин Саъдуллаева, АҚШ​
Манбаа: ЎзА 
Ёйиш

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.