Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллар Мулоқот клуби

0
198
марта кўрилган.

Ушбу ойда  яъни 2021-йил 3-декабрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллар Мулоқот клуби (Дискуссион клуби) ташкил этилиб,  «Мулоқот клуби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Мулоқот клуби (Дискуссион клуб) аёллар тадбиркорлиги соҳасида фикр ва илғор тажрибаларни мунтазам алмашиш, бизнес ва минтақавий савдони ривожлантириш, сармоя жалб этишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган. Шунингдек, клуб инновацион бизнес моделларини ўзаро ўқитиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича энг яхши амалий ечимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиришнинг иқтисодий ва ижтимоий сабаби аниқ: гендер тенгликни юксалтириш. Гендер тенгликни юксалтириш эса иқтисодий ўсишга ёрдам беради. Бу ўз навбатида мамлакат тараққиётига таъсир кўрсатади.

Статистик маълумотларга кўра, аёллар ўз даромадларидан ўз жамияти ва оилаларига эркакларга қараганда юқори суръатда қайта сармоя киритишади.  Шунинг учун хотин-қизларнинг фаровонлиги ва имкониятларини ошириш жамиятга кони фойда ҳисобланади.

McKinsey- МсКинсей тадқиқотида аёлларнинг иқтисодиётдаги иштирокининг 25% га ошиши ЯИМнинг 11% га ошишига олиб келиши аниқланган.

Boston Consulting Group (BCG) таҳлиллари шуни кўрсатадики, агар бутун дунё бўйлаб аёллар ва эркаклар тадбиркор сифатида тенг иштирок этсалар, глобал ЯИМ(ялпм ички маҳсулот) охир-оқибат тахминан 3-6 фойизга ўсиши мумкин, бу эса жаҳон иқтисодиётининг 2,5-5 триллион АҚШ доллари миқдорида ўсишига олиб келади.

Бу далиллар тадбиркор аёллар дунёни ўзгартириш учун улкан салоҳият ва катта кучга эгалигини исботлайди. Тадбиркорликдаги гендер тафовутни бартараф этиш ва аёлларга имкониятлар бериш бутун дунё бўйлаб бозорларга янги ғоялар, хизматлар ва маҳсулотларнинг кириб келишини таъминлайди.

Афсуски, тадбиркор аёлларга эркак ҳамкасбларига қараганда анча қийин. Улар жамиятда ва оилада кўплаб курашларга дуч келишмоқда. Улар жаҳон ва жамият иқтисодиёти учун фойда келтиришига қарамай, аёллар бошчилигидаги корхоналар статистик жиҳатдан заифроқ ҳисобланади.

Айниқса, COVID-19 пандемияси тадбиркор аёллар фаолиятига  салбий таъсир кўрсатди, бироқ бизнес учун рақамли форматга ўтиш ва яшил технологияларни ўзлаштириш йўлида янги имкониятлар очиб берди. Аёллар ўзгаришларнинг муҳим омилидир, ва уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш инқироздан сўнг барқарор ва ҳар томонлама иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.

2021-йил 3-декабрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти шафелигида Марказий Осиё тадбиркор аёлларининг Мулоқот клуби- Дискуссион клубининг инаугурацион йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Тадбиркор аёлларни молиялаштириш ташаббуси (Wе-Фи) молиялаштирадиган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Тадбиркор аёллар” Марказий Осиё дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Клубнинг мақсад ва вазифалари аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бу борадаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мулоқот майдони вужудга келтиришдир. Бундан ташқари, давлат органлари ва хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликда хотин-қизлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги шарт-шароитларни муҳокама қилишдан иборат. Хусусан, хотин-қизлар бизнеси вакиллари ҳуқуқий муҳитининг уларнинг кундалик фаолиятига таъсири, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашишдир.

Дискуссион клуб инаугурацион йиғилишининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти Раиси Танзила Норбаева ва Мулоқотнинг бошқа аʼзолари, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Миряна Сполярич Эггер, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман, “БМТ Аёллар” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Эл-Яссир ва ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқаруви директори Жужанна Харгитай нутқ сўзладилар. Йиғилишда минтақа мамлакатлари вазирлик ва идоралари, дипломатик корпус, бизнес тузилмалар ва бирлашмалар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди. Муҳокама модератори ролини БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матилда Димовска бажарди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Миряна Сполярич Эггер Мулоқат клуби Марказий Осиёда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ўрганиш бўйича ажойиб ташаббус бўлиб, долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларга биргаликда ечим топишга ёрдам беришини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида Мулоқот клуби Марказий Осиё тарихидаги илк минтақавий платформа эканлигини таъкидлади: “Ишончим комилки, хусусий ва давлат секторлари, халқаро экспертлар ва ҳамкорлар иштирокидаги очиқ, конструктив муҳокамалар мамлакатларимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга хизмат қилади”.

Йиғилишда Марказий Осиё тадбиркор аёлларининг Мулоқот клуби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Маълумот учун: Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти минтақада барқарор ривожланиш, тинчлик ва хавфсизликни сақлашга кўмаклашишда барча аёлларнинг ролини кучайтириш тарафдори бўлган норасмий коалициядир. Мулоқот 2020 йил 23 декабрь куни БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) ва БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси томонидан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг биринчи учрашувида расман бошлаган эди. Мулоқотда минтақанинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Ушбу халқаро Мулоқот клуби гендер тенгликни таъминлашда, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ҳуқуқлари ва  фаолиятини ҳимоя қилишда муносиб хизмат қилади, дея ишонамиз ва эзгуликлар кутиб қоламиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.