Миграцион статистика: мигрантлар умумий сонининг 48 фоизини аёллар ташкил этмоқда

0
152
марта кўрилган.

Бу ҳақда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” халқаро анжумани доирасида ўтган “Халқаро меҳнат бозорининг глобаллашуви жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни ва истиқболлари” панел сессиясида маълум қилинди.

Инсониятнинг бутун тараққиёти давомида миграцион жараёнлар жаҳоннинг демографик манзараси шаклланишида муҳим аҳамият касб этиб келган. Демографик кўрсаткичлар эса анъанавий равишда халқаро миграциянинг кенгайишига сабаб бўлган.

Ташки меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган тадбирда ҳозирги кунда миграция жаҳон ҳамжамиятини хавотирга солаётган долзарб муаммоларнинг бирига айлангани таъкидланди. Миграция муаммолари кишилик жамияти шакллангандан буён мавжуд ва ўтмишда миграцияни вужудга келтирган омиллар айни кунларда ҳам сақланиб турибди.

Бежизга 2000 йил 4 декабрь БМТ Бош Ассамблеяси 18 декабрни – Халқаро мигрантлар куни, деб эълон қилинмаган. 1990 йил худди шу куни Бош Ассамблея томонидан “Барча меҳнаткаш мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги халқаро конвенция ҳам қабул қилинган эди.

Йиғилишда бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи дунё миқёсида барқарор ривожланишни таъминлашнинг долзарб вазифаларидан бирига айлангани алоҳида қайд этилди. Статистикага кўра, 2022 йилда 280 миллиондан зиёд киши халқаро мигрант деб эътироф этилган. Бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 3,6 фоизини ташкил қилади.

Иштирокчилар, шунингдек, шу кунларда дунё бўйлаб 70 миллион мажбурий кўчирилган мигрант, жумладан, 26 миллион қочқин, 3,5 миллион бошпана изловчи, 41 миллиондан зиёд ички кўчирилган шахслар борлигига эътиборини қаратди.

Мигрантлар умумий сонининг 48 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Муҳожирларнинг 38 миллионга яқини бола, 4,4 миллион нафари халқаро талаба ва 164 миллион нафари эса меҳнат муҳожирлари экани маълум бўлди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.