Ўзбекистон америкалик жажжи болалар шуурида: ўзбек миллий бештош ўйини

0
644
марта кўрилган.

Америкалик болаларга қизим Меҳринисонинг синфида у билан бирга  Ўзбекистон ҳақида гапириб бердик. Дунё харитасини кўрсатиб, қайси қитъага жойлашганлиги, байроғи ва герби билан таништирдик. Хушманзара жойларига, тарихий обидаларига, миллий анъаналаримизга видеосаёҳат уюштирдик.

АҚШда турфа миллат, турли халқлар яшайди. Мактабларида  синфдан ташқари дарсларда  ҳар ким ўзи туғилган юрти ҳақида ҳикоя қилиб бериш анъанаси бор. Америка ҳайрат ва тассуротларга тўла юрт бўлсада, сабоқларимизда   Ўзбекистон, айниқса, Хоразм лазгиси уларни лол қолдирди.

Видео тасма тугагандан кейин “яна қўйиб беринг”, деб қайта- қайта сўрашди. Хоразм лазгисини қизиқиш билан қайта-қайта томоша қилишгач, бирга рақсга тушдик.

Мен кетгач, ўқитувчисидан яна қўйиб беринг дея илтимос қилишибди. Ва мураббийи билан бирга рақсга тушишибди. Бу ҳақида ўқитувчиси завқ- шавқ ила миннатдорлик билдириб гапирди. Яна кичкинтойларнинг тассуротлари акс этган сувратларни жўнатибди.

Аввалги лавҳамда жажжиларнинг лазгидан олган завқ-шавқлари ҳақида гапирган бўлсам,  бу сафар ўзбек болаларининг миллий ўйинларини қандай қабул қилганларини акс эттирмоқчиман.

Қизим Меҳринисонинг синфдошларига  ўзбек болаларининг миллий ўйини – ”бештош”ни ўргатдим. Ва бирга ўйнадик. Биз дугоналаримиз билан бу ўйинни  болалигимизда севиб ўйнардик. Ўзбекистоннинг  баъзи вилоятларида  у бошқача ҳам номланади. Масалан, тўпиқтош ҳам дейилади. Бироқ, асоси битта: силлиқ бешта тош танланади ва  беш хил турда ўйналади.

Аввало, битта тош тепага отилиб, у қайтгунча пастдаги тўртта тошнинг   бири билан илиб олинади. Шу тарзда пастдаги тўртта тош бир бир  юқоридаги билан биргаликда илиб олинади.

 Иккинчи турида  яна битта тош тепа отилиб пастдаги тошлар иккитадан  олиниб, юқорига отилган тош билан бирга илиб олинади.

Учинчи ўйинда битта тош тепага отилиб дастлаб пастдаги битта тош билан илиб олинади. Яна бир тош тепага улоқтирилганда кейинги учта тош билан илиб олинади.

Тўртинчи ўйинда эса  битта тош яна тепага улоқтирилиб пастдаги тўртта тош билан биргаликда илиб олинади.

 Бешинчи ўйинда эса чап қўл дарвоза шаклида ушланади ва унинг остидан тошлар битта битта ўтказилади. Яъни битта тош тепага отилади, уни илиб олгунча дарвозадан битта тош ўтказилади. Шундай қилиб тошлар битта битта ўтказилади.

Бу машғулотлар болаларни абжирликка, чаққонликка ва сергакликка ўргатиш билан бирга жажжи қўлларни, бармоқларни ривожлантириш, соғломлаштириш учун ҳам кони фойда бўлиб, бармоқ машқлари десак бўлади. Буғимлар ҳаракатга келади ва соғлом ривожланишига  ёрдам беради.

Ҳозир интернетда техникавий ўйинлар ривожланиб кетган. Бироқ,  ушбу ўйинлар болаларнинг соғломлигини  таъминлашга кўмаклашади, дея олмаймиз. Қадимий  миллий ўйинларимиз эса болаларни соғломлаштиришга ҳамда сергакликка, абжирликка, чаққонликка  ўргатувчи машғулотлардир.

Бизнинг синфдан ташқари ўқишдаги ўша кунги машғулотларимиз Ўзбекистон болаларининг  мўъжизалари оламига, миллий ўйинлари “қасри”га завқли ташриф бўлди. Буни фотолар ҳам акс эттириб турибди.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.