Ўзбекистон Президенти КХШТ саммитида иштирок этди

0
54
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 23 август куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган йиғилишда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян ва КХШТ бош котиби Станислав Зась қатнашди.

Сессияда қўшни Афғонистонда юзага келаётган вазият ҳамда минтақадаги барқарорликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти учрашув иштирокчиларини минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, шу жумладан Афғонистон билан Давлат чегарасини ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида хабардор қилди.

Мамлакатимиз етакчиси минтақа давлатларининг алоқадор тузилмалари билан Афғонистон борасида самарали ҳамкорлик ва тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.

Саммит якунида минтақадаги вазият юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ва мунтазам ахборот алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.