Ўзбекистон Президенти мактабгача таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди

0
43
марта кўрилган.

Тошкент шаҳрида  15 ноябрь куни кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш масалалари бўйича жаҳон конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. 

Конференция дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Унда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин мамлакатдан вазирлар ва вакиллар, халқаро ташкилотлар мутасаддилари қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбари нутқининг аввалида соҳа бўйича дунёдаги вазиятга тўхталиб, миллионлаб болаларнинг бошланғич билим олиш имконияти чеклангани, мутахассислар биргалашиб, мактабгача таълим қамровини ошириши муҳимлигини айтди. Ўзбекистонда “инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият” деган тамойил асосида аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратилаётгани таъкидланди.

– Бу борада, авваламбор, ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Болаларни кичик ёшдан бошлаб ривожлантириш орқали келажакда уларнинг ўзлигини тўла намоён этишига мустаҳкам замин яратаяпмиз. Зеро, бу эзгу мақсадимиз йўлида сарфланган инвестициялар эртага бир неча баробар ортиғи билан қайтишига шубҳа йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Илгари юртимизда мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди. Болалар боғчаларида замонавий қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб эди.

Шу боис давлатимиз раҳбари бу бўғинга алоҳида эътибор қаратиб, баркамол авлодни айнан кичик ёшдан тарбиялаш сиёсатини белгилаб берди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Боғчалар қуриш ва таъмирлаш, илғор тарбия услублари ва методикаларини жорий этиш бўйича кўп ишлар бошланди.

Соҳани ривожлантириш учун хусусий сектор кириб келишига ҳам имконият яратилди. Ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар бериш йўлга қўйилди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди.

Натижада сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари сони 6 баробарга кўпайди. Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шу тариқа, боғча ёшидаги 2 миллион 800 минг нафар боладан 2 миллион нафари мактабгача таълим билан қамраб олинди.

Давлатимиз раҳбари таълим тизимидаги узвийлик масаласига ҳам тўхталди. Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар икки бор уйғониш даврига асос солгани, бугунги ва келажак авлодлар ҳам илмга интилиши кераклиги таъкидланди.

– Биз юртимизда Учинчи Ренессансни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз. Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз, – деди Президент.

Бу борада миллий тажриба ва жаҳондаги илғор ютуқларни уйғунлаштирган ҳолда иш юритилмоқда. Буни изчил давом эттириб, 2025 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Президенти соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, кичик ёшдаги болалар учун сифатли таълим муаммоларини глобал даражада самарали ҳал қилиш, биргаликда тезкор ечимлар ва тизимли ёндашувлар ишлаб чиқиш мақсадида мазкур халқаро конференцияни мунтазам равишда ўтказиб бориш таклифи билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлган барча саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотлар олиб бориш, тарбиянинг янгича услублари ва методик қўлланмаларни тайёрлаш учун кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Соҳадаги илғор тажрибалар, замонавий интерактив ўқитиш услублари, амалий билим ва кўникмалар билан ўзаро алмашиш мақсадида тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш ташаббусини баён этди.

2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўтказиладиган келажак саммитининг асосий мавзуларидан бири сифатида, кичик ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш масаласини киритиш муҳимлиги таъкидланди.

Конференция турли мавзулардаги шўъба йиғилишлари билан давом этди. Анжуман якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.