Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Минни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
ШҲТ доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ташкилотга раислиги давридаги асосий тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил учун режалаштирилган учрашув ва йиғилишларнинг ярми муваффақиятли ўтказиб бўлингани мамнуният билан қайд этилди. Самарқанд шаҳрида бўлажак ШҲТ саммити ҳужжатларини келишиш борасида фаол иш олиб борилмоқда.
Барқарорлик ва хавфсизлик учун хавф туғдираётган хатар ва таҳдидларга қарши курашишда Ташкилот салоҳиятини кучайтириш, “Шанхай руҳи” принциплари асосида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик, “яшил” энергетика, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперацияси борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Пандемиядан кейинги даврда фаол маданий-гуманитар алоқалар ва туризм алмашинувини қайта тиклаш лозимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Учрашувда халқаро кун тартибининг долзарб муаммоларига ҳам тўхталиб ўтилди. Афғонистон масаласида ШҲТ ролини ошириш ҳамда ушбу мамлакатни инфрутазилмавий ривожланиш бўйича минтақавий дастурларга фаол жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.