Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий Осиё ва Германия ўртасидаги амалий шерикликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади

0
43
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 17 сентябрь куни тонгда иккинчи «Марказий Осиё — Германия» саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Остона халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Остона шаҳрида иккинчи «Марказий Осиё — Германия» саммитида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Инвестиция ва технологиялар, ўта муҳим хомашё ресурслари, «яшил» энергетика, транспорт ва логистика алоқалари, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларида шерикликни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Германия Марказий Осиё мамлакатларида олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, минтақадаги ҳамкорлик ва интеграцияни қатъий ҳамда ўзгармас қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолади.

— Бизнинг Берлиндаги илк учрашувимиз ва бугунги саммит аниқ, амалий натижаларга эришишга қаратилган очиқ ва конструктив мулоқотимизни давом эттиришга бўлган умумий интилишимизни яна бир бор тасдиқламоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Германия билан муносабатлар чуқур тарихий илдизларга эга экани, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлашда Федератив Республиканинг муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади. Сўнгги йилларда минтақада юз берган чуқур ўзгаришлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёнинг Германия билан ҳар томонлама ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор янги ташаббус ва таклифларни илгари сурди.

Аввало, Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шериклик ўрнатилганини юқори баҳолаб, устувор йўналишларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф этди.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун «Марказий Осиё — Германия» таҳлилий марказлари форумини таъсис этиш ва унинг биринчи учрашувини келгуси йили Хивада ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Саммитлар кун тартибини тайёрлашда мамлакатларимиз ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг йиллик учрашувлари муҳим роль ўйнаши қайд этилди.

Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ва технологик шерикликни кучайтириш устувор вазифа ҳисобланади.

Шу муносабат билан Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, минтақада қўшма лойиҳаларни амалга оширишга Германиянинг етакчи компания ва банкларини фаол жалб этиш, «Марказий Осиё ва Германия» Инвесторлар ва тадбиркорлар кенгашини тузиш, шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича кўп томонлама ҳукуматлараро битимни қабул қилиш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди.

Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида ўта муҳим хомашё ресурслари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.

— Бу ўринда гап геология разведкаси, жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига етказиб бериш лойиҳалари ҳақида бормоқда, — деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон бундай лойиҳаларни қўшни давлатларда биргаликда амалга оширишда иштирок этишга тайёрлиги билдирилди.

Бундан ташқари, минтақада аниқланган ўта муҳим минераллар ва нодир металлар конларининг рақамли хариталарини яратиш дастурини амалга оширишда Германиянинг техник кўмагини жалб қилишдан мамлакатимиз манфаатдор. Бундай ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий базасини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

«Яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.

— Сўнгги йилларда мамлакатларимизда қуёш, шамол, гидроэнергетика фаол ривожланмоқда, иссиқлик станциялари ва тармоқлари модернизация қилинмоқда, “яшил” водород лойиҳалари илгари сурилмоқда, — деди Ўзбекистон етакчиси.

Давлатимиз раҳбари энергетика вазирликлари, йирик корпорациялар, операторлар, илмий ташкилотлар ва соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетика мулоқотини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Германия техник кўмагини жалб қилган ҳолда кам углеродли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс дастурни тайёрлашга қизиқиш билдирилди.

Иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш алоҳида долзарблик касб этган.

Шу муносабат билан Марказий Осиё университети негизида атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашинувларни кенгайтириш, шунингдек, Германиянинг сувдан оқилона фойдаланиш технологияларини жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, эколог мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Германия Канцлери томонидан илгари сурилган Марказий Осиё табиат ҳамкорлигини йўлга қўйиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва уни амалда рўёбга чиқаришда фаол иштирок этишга тайёр.

— Транспорт коммуникацияларининг, жумладан, ер усти ва ҳаво ташувларининг заиф ривожланганлиги шериклигимизни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан Президентимиз Германия томонини Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга Европа институтларини жалб қилишда кўмаклашишга чақирди.

Давлатимиз раҳбари 2025 йилда бундай йўналишларнинг транзит салоҳиятини ошириш йўлларини излаш бўйича вазирлар конференциясини ўтказишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, қўшма Маданий тадбирлар режасини қабул қилиш, Германиянинг йирик шаҳарларида Марказий Осиё санъати ва киноси кунларини ўтказиш, музейларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

Илмий-таълим алмашинуви соҳасида етакчи олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик платформасини ишга тушириш, Гёте институти ва Германиянинг бошқа ташкилотларини жалб этган ҳолда дуал таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш дастурларини ишлаб чиқиш, немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Германия билан терроризм, экстремизм ва кибержиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар радикаллашувининг олдини олиш масалаларида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.

— Ўз муаммолари билан деярли якка ўзи қолган ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик муҳим, деб ҳисоблаймиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис Германия ва Европанинг бошқа давлатлари билан биригаликда Афғонистонни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш ва чегарадош Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида Афғонистон тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, шу жумладан хотин-қизларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирди.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Германия Канцлери ҳам сўзга чиқди.

Тадбир якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.